Линклар

Ўзбекистон Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси ходими Леонид Кудрявцевнинг жаримага тортилишини қоралади.

“Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ўзларини ҳуқуқ ҳимоячилари деб атовчи кимсаларнинг аризасига кўра (Краснова, Степанов) ўқув машғулотлари ташкилотчиси, Британия элчилиги ходими Леонид Кудрявцевни ҳуқуқбузар деб топиши, МЖтКнинг 201-моддаси асосида унга нисбатан энг кам маошнинг 80 баравари миқдорида жарима қўллаши ҳукумат иддао қилаётган сиёсатга зиддир”, дейилади жамият баёнотида.

Жамият аъзоси Абдураҳмон Ташановга кўра, бу элчихона ходимига қарши қаратилган сиёсий характердаги провокацион ҳаракатдир.

- Суд квалификация қилишда мутлақо тескари йўл тутди, - деб ҳисоблайди Эзгулик ташкилоти аъзоси.

Абдураҳмон Ташановнинг сўзларига кўра, Леонид Кудрявцев устидан шикоят аризаси киритган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Олга Краснова бунга қадар Ўзбекистон Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти устидан ҳам арз қилган ва уларнинг разлари қондирилиб, номи тилга олинган ташкилотларга катта миқдорда жарималар солинган.

Шунингдек, Эзгулик ташкилоти берган маълумотга кўра, Леонид Кудрявцевга нисбатан даъво аризасини киритган Константин Степанов таниқли хонанда Дилнура Қодиржонова ўлимида айбланган Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбовнинг укаси – ўша пайтда Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Жамшид Матлюбовнинг жамоатчи ҳимоячиси бўлган.

- Шунинг ўзи унинг кимга ишлаши, қанақа томондан бошқарилаëтгани билиниб турибди, - деб ҳисоблайди Эзгулик жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Тошкентдаги Буюк Британия элчихонасининг матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Леонид Кудрявцев 15 июл куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Жиноят ишлари бўйича маҳкамасида суд қилинди ва 3 миллион 978 минг сўмлик жаримага тортилган эди.

16 июл куни Буюк Британиянинг Европа масалалари бўйича вазири Девид Лидингтон Тошкентдаги Британия элчихонасининг матбуот бўлими ходими Леонид Кудрявцев айбдор деб топилганидан норозилик билдирди.

Бу ҳақда хабар қилган Би-Би-Си хабарида Девид Лидингтондан: “Бу йиғинлар Президент Каримовнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги билимни ошириш истагига мос равишда олиб борилган. Биз мазкур маҳкама иши борасидаги жиддий хавотирларимиз борасида ўзбек расмийларини огоҳ қилдик," дейилган иқтибос келтирилди.
XS
SM
MD
LG