Линклар

logo-print

Россияда ноқонуний муҳожирларга қарши қонун имзоланди


Россиядаги мардикорларнинг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилади ва уларнинг миллионлари янги қонундан ташқарида қолишлари мумкин.

Россиядаги мардикорларнинг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилади ва уларнинг миллионлари янги қонундан ташқарида қолишлари мумкин.

18 июл куни Россия Президенти Дмитрий Медведев ноқонуний миграцияга қарши қонунни имзолади. Марказий Осиё мамлакатларидан келаётган меҳнат муҳожирлари оқимини назорат остига олишга қаратилган бу қонун Божхона иттифоқи мамлакатлари доирасида ички миграцияни рағбатлантиришга қаратилганлиги айтилмоқда.


“Учинчи мамлакатлардан ноқонуний меҳнат миграцияси оқимига қарши кураш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув ратификацияси тўғрисида” деб номланган қонун Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Беларус ўртасида кучга кирган Божхона иттифоқи доирасида учинчи мамлакатлардан келаётган ноқонуний меҳнат муҳожирлигига қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган, дейилади Кремл матбуот хабарида.

Қонунга биноан, қисқа муддат ичида Россиядан ноқонуний меҳнат муҳожирларини депортация қилишнинг янги схемалари ишлаб чиқилади, Божхона иттифоқига аъзо давлатларда барча мигрантлар рўйхатга олинади ва ноқонунийлари депортация қилинади, дейди Озодлик билан суҳбатда “Миграция - 21 аср“ ташкилоти эксперти Наталья Власова.

- Бу келишув доирасида турли мамлакатларнинг миграция тизимлари ўртасида алоқалар кучайтирилади ва ноқонуний мигрантлар тўғрисидаги маълумотларни оператив тарзда алмашиш, уларни қайдга олиш имконияти вужудга келади. Сўзсиз, бунинг барчаси ноқонуний муҳожирлар сонини камайтиришга қаратилган ва бундан буён бу ҳодисага қарши кураш авж олиб боради. Лекин миграция хизматларининг асосий мақсади ноқонуний тарзда меҳнат қилгани келаётганларни Божхона иттифоқи чегарасидан ўтказмасликдан иборат бўлиши керак, деб ўйлайман,- дейди Наталья Власова.

“Россияда расман 5 миллион ноқонуний меҳнат муҳожири борлиги айтилаётган бир дамда бундай қонунлар жуда зарур”, дея қўшимча қилади у.

Президент Медведев Россия, Беларус ва Қозоғистон мамлакатлари фуқароларининг Божхона иттифоқи доирасида эркин кўчиб юриш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминловчи “Меҳнат муҳожирлари ва оила аъзоларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги келишув ратификацияси тўғрисида”, деб номланган яна бир қонунни ҳам имзолади.

Шу тариқа Божхона иттифоқи мамлакатлари меҳнат миграциясини легаллаштиришга ва ноқонуний меҳнатдан фойдаланувчи ширкатларга қарши қаратилган ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишга киришганга ўхшайди.

Россия президенти расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, “Учинчи мамлакатлардан ноқонуний меҳнат миграцияси оқимига қарши кураш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув ратификацияси тўғрисида”ги қонунда “ноқонуний меҳнат миграциясига оид статистик, илмий-амалий ва бошқа маълумотлар алмашинуви кўзда тутилган”. Келишув доирасидаги амалиётлар Божхона иттифоқи бюджети ҳисобига амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, Божхона иттифоқининг махсус хизматлари томонидан ноқонуний меҳнат муҳожирлари маълумотлар базаси яратилади.

Бу чоралар етарли даражада самара беришига ишонмаслигини айтган Россия Мигрантлари федерацияси президенти Муҳаммад Амин Маъжумдор биринчи навбатда миграцияни назорат қилувчи тизимни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлайди.

- Бундай ҳужжатлар ва баёнотларга қарамасдан, Россияда меҳнат муҳожирларига эҳтиёж бор. Миграция оқими фақат ошиб боради. Мигрантларни легаллаштириш, яъни уларга амнистия эълон қилиш зарур. Энг аввало коррупцияга қарши курашни кучайтириш керак. Бугунги кунда муҳожирлар аллақандай фирмалар орқалигина расмий хужжатларга эга бўлмоқда. Шу сабабли Миграция хизмати ва милиция томонидан бошқарилаётган қалбаки хужжат тайёрловчи ширкатлар кўпаймоқда. Ҳукуматлар бюрократик тизимга қарши курашни кучайтириши керак, деб ўйлайман. Мигрант аслида легал тарзда ишлашга тайёр, унга шароит яратиш керак, холос,- дейди Озодлик билан суҳбатда Россия Мигрантлари федерацияси раҳбари Муҳаммад Амин Маъжумдор.

Божхона иттифоқи иштирокчилари учинчи мамлакатлардан ноқонуний меҳнат миграцияси оқимига қарши кураш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни 2010 йилнинг ноябрида Санкт-Петербургда имзолаган.

28 июн куни Россия Давлат Думасида бунга оид Федерал қонун қабул қилган, 6 июл куни эса бу қонун Федерация Кенгаши тасдиғидан ўтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG