Линклар

logo-print

"Путин армияси": Путин учун йиртвораман!


Ўзини "Путин армияси" гуруҳи аъзоси, деб таништирган талаба қиз Диана.

Ўзини "Путин армияси" гуруҳи аъзоси, деб таништирган талаба қиз Диана.

Интернетда пайдо бўлган россиялик қизлар гуруҳи Путин учун ҳар нарсага қодирлигини кўрсатиш учун кўйлагини йиртмоқда.

"ВКонтакте" ижтимоий тармоғида Бош вазир Владимир Путинга тарафдор бўлган россиялик ёш қизларнинг "Путин армияси" номли гуруҳи ташкил қилинди.

- Биз Владимир Владимировични кўпчилик, шу жумладан, гўзал, ёш ва ақлли қизлар ҳам қувватлашини кўрсатамиз. Биз Путин обрўли-эътиборли ва холис сиёсатчи, шунингдек, келишган эркак, деган фикрда якдилмиз. Бизнинг мақсадимиз: "Путин – Президент!", - дея видеоролик ҳозирлаган қизлар россиялик қизларни ўз сафига бирлашишга чақирган.

Бу акциянинг интернетдаги юлдузи бўлишни истаган қизлар эса "ниманидир ёки кимнидир Путин учун йиртиш"га чақирилган танловда иштирок этишиши лозим.

Танлов шартига кўра, Путин учун кимнидир ёки ниманидир йиртган қизлар бу ҳаракатини видеороликда акс эттириб, интернетга жойлаштириши керак.

Ғолибни iPad 2 русумидаги компютер кутмоқда.

"Путин армияси" видеоролигида бош қаҳрамон бўлган ва ўзини Диана, деб таништирган талаба қиз у ва унинг мамлакати ҳаётини ўзгартирган одам, дея тилга олгани Россия Бош вазири Путинга чексиз муҳаббатини изҳор қилган.

- Уни миллионлар яхши кўради. Унга ишонишади. Лекин, унга аҳлат ёпиштираётган бир ҳовуч одам бор. Балки ундан қўрқишгани учун, балки ўзининг ожизлиги учун, балки ҳеч қачон унинг ўрнида бўла олмаслиги учундир, - дейди видеоролик орқали россиялик тенгдошларига мурожаат йўлаган талаба қиз.

Видеоролик сўнггида эса бу сарвқомат қиз «Путин учун йиртвораман!» шиори битилган кўйлагини йиртиб ташлайди.

Бу гуруҳ бир неча кундан сўнг Москва шаҳрининг Пушкинская майдонида худди шундай акция билан чиқиш қилишини эълон қилган.

Истаганлар буларнинг ҳаракатига бирлашиб, Путин учун ўз кийимини йиртиши мумкин.

Ҳозиргача бу гуруҳга мингдан ортиқ одам бирлашгани айтилмоқда.

Унинг иштирокчиларидан бири Анастасия Волкопялова мақсадини шундай изоҳлайди:

- Бизда битта глобал мақсад бор – Путин яна президент бўлишини истаймиз. Гарчи ҳаракатимиз бу сўзларнинг тўлиқ маъносидаги мақсадга эришишга қаратилмаган бўлсада, биз бу одамга жамоатчилик эътиборини қаратишни истаймиз, – дейди "Путин армияси" гуруҳи аъзоси.

Айни пайтда ёш қизларнинг бу ҳаракатини қувватламаганлар айнан ўша "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида "Аксил Путин армияси" номи остида яна бир гуруҳ ташкил қилди.

Унга аъзо бўлиб кирган Константин Кожевников шундай дейди:

- Мен "Путин армияси"ни аҳлоқсиз ҳаракат, деб ҳисоблайман. Уларнинг видеоси бузуқчиликни тарғиб қилади: улар аёл кишининг кўкрагини намойиш қилишдек ҳаракат билан одамлар онгига сиёсий фикрни сингдиришга уринмоқда. Бу эса Путин сайловда нормал йўл билан етарлича овоз йиғиб олишга қодир эмаслигини кўрасатади, - дейди "Аксил Путин армияси" номли гуруҳ аъзоси Константин Кожевников.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG