Линклар

“Банд” дегани “ишли” дегани эмас

  • Сарвар Усмон

Иш излаб Россияга кетган ўзбеклар армияси миллионларни ташкил этиши айтилади.

Иш излаб Россияга кетган ўзбеклар армияси миллионларни ташкил этиши айтилади.

Жаҳон бўйлаб ёшлар орасидаги ишсизлик кўлами бу йил рекорд кўрсаткич – 13 фоизни ташкил қилди. Дунё мамлакатларидаги ишга лаёқатли аҳолининг ёши 15 дан 24 гача бўлган қатламига мансуб 81 миллион йигит-қиз ишсиздир. Бу маълумотни куни кеча БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти ўзининг навбатдаги ҳисоботида келтирди. Халқаро ташкилот келтирган бу маълумот ишсизлик муаммосини Ўзбекистон мисолида яна бир бор ўрганишга туртки берди.


Олий Мажлис ишсизлик борлигини тан олдими?

Ўзбекистондаги ишсизлик масаласига яна бир бор мурожаат қилишимизга Халқаро меҳнат ташкилоти эълон қилган рақамларгина ундагани йўқ.

Бунга ишсизлик масаласи куни кеча Тошкентда, Ўзбекистон парламентида кутилмаган тарзда кўтарилгани ҳам сабаб бўлди.

Хабарларга қараганда, депутатлардан бири Олий Мажлисга ҳисобот берган бош вазир Шавкат Мирзиёев тилга олган бир қатор конкрет масалалар юзасидан танқидий фикр билдирар экан, ҳар йили 1 миллионга яқин одамнинг иш билан таъминланиши расман айтилиши, аслида ишсизлик кўрсаткичининг юқори экани тўғрисида гапирган.

Баъзилар бош вазирнинг депутат томонидан танқид қилиниши – “Мирзиёевнинг курсиси ликиллаб қолгани белгиси”, деса бошқалар, хусусан сенатор Светлана Ортиқова Озодликка саволларига жавоб берар экан “сенаторлар ва депутатлар Бош вазирнинг ҳисоботини эшитишга, шу ҳисоботга танқидий нуқтаи назардан қарашларни намоëн этишга ва саволларни беришга тайëр”, деди.

Нима бўлгандаям, Ўзбекистон парламентида ишсизлик масаласи илк бор кўтарилди.

Хўш, ишсизлик нима?

Бу саволни ўзбекистонлик социолог олим Камолиддин Раббимовга бердик.

- Биринчиси ëши, иккинчиис унинг ишга лаëқатли эканлиги, учинчиси иш қидираëтганлиги ва ўша иш ойлик тўланиши керак бўлганлиги назарда тутилади. Мана шу учта-тўртта асосий пунктдан иборат бўлса, ўша аҳоли қатлами ишсиз аҳоли қатлами ҳисобланади.

Озодлик: Ишга лаëқатли ëшда, лекин ойлик тўланадиган иш топа олмаëтган одам ишсиз ҳисобланади.

- Худди шундай, дейди Камолиддин Раббимов.

Халқаро меҳнат ташкилотининг “ишсиз” тушунчасига берган таърифи мана бундай: “иш излаётган, иш топиши биланоқ дарҳол ишга кирадиган одам ишсиздир”.

Сиёсий эвфемизм

Ўзбекистон қонунчилигида эса, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суҳроб Исмоиловга кўра, “ишсизлик” тушунчасига таъриф берилмаган.

Ишсизлик тушунчаси ўрнига, дейди у

- Бандлик деган бир сўзларни ҳужжатларда ишлатишни афзал кўришади. Мана ҳамма жойда, ўша давлат дастурларида, парламентдами ëки маҳаллий ҳокимият органларида муҳокамалар кетаëтганда “ишсизлик муаммоси”нинг ўрнига “бандлик муаммоси”, уни ечиш, бандлик муаммосининг кўламларини пасайтириш каби атамалар қўлланиладим, дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳа, Ўзбекистонда “ишсизлар” йўқ – “вақтинча банд бўлмаган” аҳоли бор.

Ўзбекистонда “камбағаллар” йўқ – “кам таъминланган аҳоли” бор.

“Банд” дегани “ишли” дегани эмас

Тошкентлик ёш олим, 26 яшар Санжарни шу кунда банд эмас, деб бўлмайди. Ҳа, у банд. Лекин ишли эмас.

- Миллий университетда илмий тадқиқотчи сифатида илмий иш қиламиз.

Озодлик: Демак, сиз Миллий университетда ëш олим сифатида ишлайсиз ва маош оласиз.

- Йўқ, Миллий университетда мен эркин тадқиқотчиман. Аспиратура учун маош тўланади, яъни стажëр тадқиқотчи учун. Эркин тадқиқотчи учун маош тўланмайди.

Озодлик: Стипендия.

- Ҳа, стипендия тўланади.

Озодлик: Сиз стипендия олмайсиз-а?

- Йўқ, олмайман.

Озодлик: Демак, сиз ишсиз экансизда.

- Шунақа деса ҳам бўлади, дейди Санжар.

Демак, “банд бўлиш” “ишли бўлиш” дегани эмас.

Яширин ишсизлик

Одам “ишсиз”, деб аталмаслиги учун муносиб иш ҳақи олиши керак. Шу жиҳатдан Ўзбекистондаги “ишли” тушунчаси билан Ғарбона “ишли” тушунчаси орасида жуда катта фарқ мавжуд.

- Минимал турмуш савaтчаси деган тушунча бор. Ўша иш ҳақи ҳар бир соатга, кунга ëки ойга ўрнатилган маълум бир ойликлар бор. Чунки иш соатбай бўлиши мумкин, вақтбай бўлиши мумкин ëки ишбай бўлиши мумкин. Mасалан Францияда айтишимиз мумкин, ойлик минимал иш ҳақи тахминан 850-900 евро. Долларда бу 1200 доллар атрофида бўлади.

Озодлик: Шундан кам тўламаслиги керак-а?

- Бундан кам тўлаш мумкин эмас. Чунки у ўша шахснинг эҳтиëжларини қоплай олмайди. Ҳар қандай ишки мана шундан юқори бўлиши керак. Ойлик соатлари бор. Ўша соатлар билан ишлаганда камида 850-900 евро тўланиши керак. Бу ҳақиқатан аслида кам.

Озодлик: Бу бир ойда.

- Ҳа, деб тушунтирди социолог Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги йилларда йилига бир миллионнинг атрофида иш жойи яратаётгани тўғрисида мақтанишларию бу мақтанчоқлик билан миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожири Россияда юргани ўртасидаги зиддият сабаби мана шу омилда – иш ҳақи ҳажмида эканлигини бугунги кунда энг саводсиз ўзбек ҳам билади.

Неча пулни ўзингиз учун муносиб иш ҳақи, деб биласиз?

Бу саволни 26 яшар тадқиқотчи олим Санжарга бердик.

Озодлик: Санжар, уйланганмисиз?

- Йўқ.

Озодлик: Ëлғиз ўзингизнинг эҳтиëжларингиз учун бир ойда неча пул иш ҳақи олсангиз, “Ҳа, шу мен учун муносиб иш ҳақи” деган бўлардингиз?

- Бугунги кундами?

Озодлик: Ҳа. “Мен учун муносиб иш ҳақи ва мен ишсиз эмасман” дейишингиз учун қанча ойлик олишингиз керак?

- 1 миллион олинса Ўзбекистон шароитида, ўртача яшаса бўлади, дейди Санжар.

Ёш ўзбек олими Санжарга берганимиз саволни бир неча йилдан бери Россияда ишлаб юрган андижонлик Орифжонга ҳам бердик.

Озодлик: Оилангизда неча киши бор?

- Учта болам бор. Жами беш кишимиз.

Озодлик: Сиз Ўзбекистонда ўзингизни ишсиз эмас деб ҳисоблашингиз учун неча пул топишингиз керак?

- Ўзбекистонда бўлса, 1 миллион.

Озодлик: 1 миллион беш кишини ишсиз эмас деб тушунишга етадими?

- Етади. Энди катта нарсаларни қила олмайсизу, лекин оилани таъминлаш учун бир миллион етади.

Озодлик: Қанақа харажатларни назарда тутаяпсиз?

- Озиқ-овқат, енгил-елпи кийим-бош билан таъминлаш мумкин. Масалан менинг ўғлим мединститутда контрактда ўқийди. Уни таъминлашга етмайди шу ҳам.

Озодлик: Бир миллионнинг зиммасига қора кунга деб орқага ташлаб қўйиладиган маблағни назарда тутаяпсизми йўқми?

- Йўқ. Орқага ташлаб қўя олмайсиз. Кун ўтказиш учун. Чунки бир кило гўшт 14 минг бўлса, бир қоп ун 80 минг бўлса, у ақлга тайинку. Кийим-бошларни айтмаяпман энди мен, ëғ, шакар, бошқа нарсаларни айтмаяпман. Оддийини айтаяпман. Бир кило гўшт 14 минг бўлса, бир қоп ун 80 минг бўлса, шакар ҳозир 4000дан ошибди деб эшитдим. Керакли кундалик нарсанинг ўзи шунчалик бўлса.

Озодлик: Демак 1 миллион сўм беш кишидан иборат оилага кундалик тирикчиликни ўтказиш учун.

- Ҳа, дейди Россияда ишлаб юрган андижонлик Орифжон.

Ўзбекистонда қанча ишсиз бор?

БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг куни кеча эълон қилинган навбатдаги ҳисоботида айтилишича, жаҳон бўйлаб 81 миллион ишсиз ёш йигит-қиз бор.

Ўзбекистондачи? Бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки ҳукуматнинг ўзи бундан бир неча йил муқаддам Ўзбекистонда ишга лаёқатли аҳолининг 0,04 фоизи ишсиз, деган маълумот тарқатган эди.

Социолог олим Камолиддин Раббимовнинг айтишича,

- Ғарб тадқиқотчилари, Ўзбекистонда ишлаган катта-катта Европа Иттифоқи мутасаддиларининг айтиши бўйича, Ўзбекистонда ишсизликнинг кўлами тахминан 35-38 фоизни ташкил қилади, деди ўзбекистонлик социолог олим Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG