Линклар

Назарбоев Германияда операция қилинди


Нурсултон Назарбоев ҳам Ислом Каримов каби Марказий Осиё минтақасида узоқ йиллардан буён ҳокимият тепасида қолаётган лидерлардандир.

Нурсултон Назарбоев ҳам Ислом Каримов каби Марказий Осиё минтақасида узоқ йиллардан буён ҳокимият тепасида қолаётган лидерлардандир.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Германиянинг Ҳамбург шаҳрида жарроҳлик амалиётига ётқизилди.

Бу ҳақда Reuters агентлиги Германияда чиқадиган Bild таблоидига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Германия шимолидаги Ҳамбург-Эппендорф тиббиëт марказида Назарбоевнинг простата бези операция қилинган.

“Жарроҳлик амалиётидан сўнг Қозоғистон президенти ўзини яхши ҳис қилаётган”ини ёзган Bild нашри операция тафсилотлари ва бунинг нима учун зарур бўлиб қолганига аниқлик киритмаган.

Айни пайтда Ҳамбург-Эппендорф тиббиëт маркази матбуот котиби мижозлар тўғрисидаги ҳар қандай маълумот сир тутилишини айтиб, мухбирларнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беришдан бош тортган.

Сешанба куни қатор оммавий ахборот воситаларида Назарбоев Германиядаги энг яхши шифохоналардан бири экани, у қаттиқ қўриқланаётгани, Қозоғистон президенти хавфсизлигининг таъминланиши Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда амалга оширилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Ўтган ҳафта Қозоғистон расмийлари давлат раҳбарининг қисқа муддатли таътилга кетганини маълум қилгандилар. Газета.ру саволига кеча жавоб берган Қозоғистоннинг Германиядаги элчихонаси ходими эса "Нурсултон Назарбоев таътилда" эканини, шу боис "у дунёнинг исталган мамлакатида бўлиши мумкин"лигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 71 ёшли Нурсултон Назарбоев 22 йилдан буён Қозоғистонни бошқариб келмоқда.

Ўз юртида Элбоши деб сийланадиган Назарбоев шу йилнинг 3 апрел куни муддатидан аввал ўтказилган сайловда¸ Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясига кўра¸ 95 фоиздан кўпроқ овоз билан яна 7 йилга президентлик лавозимига қайта сайланган.

- Сайловда 90 фоиз сайловчининг иштирок этгани ва улардан 90 фоиздан ортиғининг менга овоз бергани Ғарб давлатлари учун сенсация бўлди, - деганди Нурсултон Назарбоев сайловнинг эртасига (4 апрел куни) сўзлаган нутқида.

ЕХҲТ расмийларига кўра, Қозоғистондаги сўнгги президентлик сайловлари давомида жиддий қонунбузарликлар кузатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG