Линклар

Зилзила оқибатида Фарғонада бир неча киши ҳалок бўлгани айтилмоқда


Зилзилада жароҳатланган риштонликлардан бири. (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тақдим этган расм.)

Зилзилада жароҳатланган риштонликлардан бири. (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тақдим этган расм.)

Фарғонада чоршанбага ўтар кечаси, соат 0:35 да рўй берган зилзилада қурбонлар бўлгани айтилмоқда.


Риштонлик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев туман марказий шифохонасидан олинган маълумотга таяниб, биргина Риштон туманида зилзила қурбонлари сони камида 5 киши эканини маълум қилди. Унинг айтишича, шифохонага 40 қа яқин жароҳатланганлар олиб келинган.

Фарғона вилоят вафқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчиси Озодлик билан суҳбатда қурбонлар ҳақидаги маълумотни инкор қилди, лекин турар жой ва бошқа биноларга зарар етганини маълум қилди.

2011 йил 20 июл куни кечаси соат 0:35 да зилзилада Риштон туман болалар кардиология шифохонаси биносига жиддий зарар етди. (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тақдим этган расм.)
Айни пайтда Фарғона вилояти суд-тиббий экспертиза хизматидаги манба, кечаси Фарғона тумани ва вилоятнинг бошқа тоғли минтақаларидан бир неча кишининг жасади ўликхонага олиб келинганини маълум қилди. Талафотлар ҳақидаги хабарни Фарғонадаги маҳалла қўмитаси фаолларидан бири ҳам тасдиқлади.

Фарғона шаҳри аҳли зилзиладан кейин саросимага тушиб, тунни кўчада ўтказгани ҳам айтилмоқда. Фарғоналикликлардан бирининг айтишича, кучли зилзила камида 10-12 секунд давом этиб турган.

Риштонда аҳоли уйлари ҳам шикастланди. (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тақдим этган расм.)
"Тошкент" сейсмология станцияси маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 0:35 да рўй берган зилзила ўчоғи қўшни Қирғизистонда бўлган ва унинг кучи 7 баллни ташкил этган. Ўзбекистон пойтахтида "зилзила кучи 5 баллни ташкил этди", дея маълум қилди сейсмолог. Зилзила кучи бошқа вилоятларгача ҳам етиб борган.

АҚШ Геология хизматининг билдиришича, водийда кечаси юз берган зилзила эпицентри Фарғона шаҳридан 40 километрча жануб-ғарбда жойлашган ва 6,2 баллик силкинишни эпицентрдан анча узоқдаги шаҳар ва районлар аҳолиси ҳам ҳис қилган.

20 июл тонгда Озодлик қирғиз хизмати боғланган Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги¸ зилзила кучининг АҚШ да қайд қилинганидан кучлироқ, 7-8 балл атрофида бўлганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG