Линклар

logo-print
Ўзбекистонлик профессионал Руслан Чагаев WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони камари учун жорий йилнинг 27 августида Германиянинг Эрфурт шаҳрида россиялик боксчи Александр Поветкинга қарши рингга тушади. Sauerland промоутерлик компанияси матбуот котиби Франк Блейндорфнинг оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, томонлар 19 июл куни бу ҳақда шартнома имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 2 июл куни Владимир Кличко профессионал боксда Жаҳоннинг супер чемпиони камари учун жангда Девид Ҳейни енгиб, ундан WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида чемпионлик камарини тортиб олган. Жаҳон бокс ассоциацияси қарорига кўра, украиналик Владимир Кличко суперчемпион унвонини эгаллади, WBAнинг оддий чемпионлик камари учун эса янги даъвогарлар жанги уюштирилиши эълон қилинди.

Ўзбекистонлик собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ва ҳозиргача 21 жангда бирор марта ҳам мағлуб бўлмаган россиялик боксчи Александр Поветкин WBAнинг бўшаб қолган чемпионлик унвони учун жанг қилади.

2005 йилда профессионал боксга ўтган Александр Поветкин WBA рейтингида Руслан Чагаевдан кейин 2-ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳозирда унга Германиянинг Sauerland Event промоутерлик фирмаси ҳомийлик қилади.

Немисларнинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келаётган Руслан Чагаев 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.
XS
SM
MD
LG