Линклар

Норвегияда ўзбекистонлик устидан тергов якунига етмоқда


Алишер Абдуллаев Норвегиядан бошпана олгач исмини Давид Якобсенга ўзгартирган.

Алишер Абдуллаев Норвегиядан бошпана олгач исмини Давид Якобсенга ўзгартирган.

Норвегия полицияси террорчиликда гумонланаётган тошкентлик собиқ милиционер Алишер Абдуллаевга яқин ҳафталарда расмий айблов эълон қилинишини айтмоқда.


Норвегиянинг пойтахти Ослода террорчилик ва Ал-Қоидага алоқадорликда айбланаётган уйғур, курд ва ўзбек экани айтилаётган уч киши устидан тергов ўз якунига етмоқда.

Улардан бири, ўз исмини Давид Якобсен деб ўзгартирган Алишер Абдуллаев Норвегияда 2002 йилда қочқинлик мақомига эга бўлган.

Норвегия полицияси уларни бир нечта нефт платформаларини портлатиш ва Данияда Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв этувчи карикатураларни чоп қилган газетага ҳужум қилишни режалаганликда айбламоқда.

Ўзбек-Норвег маданий маркази вице-президенти Евгений Дьяконов якунига етаётган бу иш Норвегия Бош прокуратурасига 8 июлда жўнатилган, дейди.

- Ҳозирча у тергов билан ҳамкорлик қилаётгани боис қўйиб юборилгани айтилмоқда. Мендаги маълумотларга кўра, террорчиликда айбланаётган уйғур ва курд ҳақидаги маълумотни полицияга Якобсеннинг ўзи етказган, шунинг учун ҳам уни мамлакатни тарк этмаслик ҳақидаги тилхат билан ҳибсдан озод этишди,- дейди Норвегияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Евгений Дьяконов.

Дьяконовнинг айтишича, Норвегия суди қарорида 32 ёшли Якобсен-Абдуллаевнинг Ўзбекистонга қайтиб бора олмаслиги ва Норвегияда рафиқаси ва икки фарзанди борлиги эътиборга олиниб ҳукм ўқилгунга қадар озод қилишини кўрсатилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг маслаҳатчиси, ҳозирда Францияда яшаётган Толиб Ёқубов Озодлик радиоси билан суҳбатда Давид Якобсеннинг ўтмиши билан қизиқиб кўрганини айтади.

- Давид Якобсен, ўша Абдуллаев, Тошкентда милиция органларида ишлаган. Уни милицияда қанақа фаолият юргизганини биз билишга ҳаракат қилдик, лекин Тошкентда уни танийдиган таниш-билишларимиз чиқмади. Лекин битта нарсани биз яхши биламиз... Ўзбекистон ҳукумати ўзбек қочоқларини ёмон отлиқ қилиш учун Европа мамлакатларига, айниқса, Норвегия ва Швецияга ўзини хуфия ва айғоқчиларини юбориб турганини яхши биламиз. Бу табиий, чунки авторитар сиёсий тузум ҳукумати ўзини иддаоларини “исботлаш” учун, яъни Ўзбекистонда экстремизм, терроризм каби нохуш нарсаларни уюштирилаётганига дунё жамоатчилигини ишонтириш учун шундай одамлар ёрдамида қандайдир ишлар қилишга ҳаракат қилади,- дейди Толиб Ёқубов.

Ҳуқуқ фаоли Абдуллаевнинг Европага келиши биланоқ катта бизнесга эга бўлиб қолганини шубҳа остига олди.

- Жуда кўп Ўзбекистондан қочиб чиққан одамлар Европада яшашига қарамасдан, зўрға оила тебратади. Бу йигит эса келганидан ишхона очган. Уни қўлида 30 дан ортиқ одам ишлаган. Қамоққа олинишидан олдин ўзининг қурилиш ташкилотини 1 миллион еврога сотган. Асосий савол: ўзи қочоқ бўлса, шунчак пулни топишни ўзи бўлмайди... Ундан ташқари Абдуллаев ҳеч қанақа қочоқ эмас. У каби БМТнинг Қочоқлар бошқармаси томонидан келган эмас Норвегияга. Ҳақиқатан, жуда кўп қоронғу томонлари бор. Шу нарсалардан келиб чиқиб у Ўзбекистон билан бевосита боғлиқ бўлган шахслардан бири, деб ҳозир ҳам ҳисоблайман. Энди буни албатта Норвегия суди ҳал қилади,- дея хулоса қилди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг маслаҳатчиси Толиб Ёқубов.

Норвегияга келиб исмини Дэвид Якобсен деб ўзгартирган Алишер Абдуллаев ўтган йил июл ойида курд ва уйғур йигити билан бирга Ал-Қоида террор тармоғига алоқадорликда гумонланиб, Норвегия полицияси тарафидан ҳибсга олинган эди.

Якобсен-Абдуллаевнинг шерикларидан бири – 39 ёшли хитойлик уйғур Микаэль Довуд ҳам, БМТ қочқинлар комиссарлиги Қозоғистон бўлими орқали Норвегиядан бошпана олган.

Гумонланувчиларнинг учинчиси – 37 ёшли ироқлик курд Шаван Садек Самд Буяк, Германияда ҳибсга олинган ва Норвегияга экстрадиция қилинган.

Норвегия Адлия вазири Кнут Сторбергет мазкур “радикал мусулмонлар гуруҳи” бир йилдан ортиқ вақт давомида махфий полиция назорати остида бўлганини билдириб, Норвегияда бошпана топган яна бир нечта ўзбекистонлик ва ироқликнинг Ал-Қоида гуруҳига алоқадорлигига оид далиллар борлигини билдирган.

Ўзбекистонлик Давид Якобсен уч судланувчи орасида ягона ҳануз айбига иқрор бўлмаган маҳкумдир.

У 2009 йилнинг ноябр ойидан Норвегия хавфсизлик хизмати (PST) информатори бўлиб ўз шериклари ҳатти-ҳаракатлари ҳақида хабар бериб келгани ва шу сабабли унга енгил жазо берилишига ишонишини билдириб келмоқда.

Бу воқеага маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Норвегиянинг 11 сентябри” деб ном берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG