Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:11

Қарши милицияси аёлларни калтаклади


Кейинги пайтларда оддий ўзбекистонликларнинг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан тўқнашувлари тез-тез кузатилмоқда.
Кейинги пайтларда оддий ўзбекистонликларнинг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан тўқнашувлари тез-тез кузатилмоқда.

Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйлар олдида савдо дўконлари қурилишига норозилик билдирган аёллар милиция ходимлари томонидан калтакланди. 19-20 июл кунлари бўлган воқеада аёллардан икки нафари милиция бўлимига олиб кетилди. Бироқ расмийлар аёлларнинг калтакланганини рад этар экан, бу жойлар шаҳар ҳокимининг ободонлаштириш қарорига биноан реконструкция қилинаётганини айтмоқдалар.


Фурқат кўчасидаги 18, 19, 20 сонли кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган қаршиликлар ўз уйлари олдидаги болалар майдончаси ўрнига дўконлар қурилишига норозилик билдириб, аввал 19 июл куни кўчага чиқди. Норозилик билдирган аёллар милиция ходимлари томонидан калтакланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган қаршилик аёллардан бири Барнонинг айтишича, шаҳар ҳокими қарорига биноан шаҳар бош архитектори Зебо Жалилова бу ерни шахсий дўконлар қуриш учун пулдор бойваччаларга бўлишиб берган:

- Биласизми, бизнинг фарзандларимизга бу ерда ўйнагани жой қолмаяпти. Шу ўрталиқда бир 20 метр жой бор. Шу ерга 6 метрдан жой сотилиб дўкон қуриляпти. Миллионер одамларга дўкон учун жой беряпти. Биласизми, энди мошин ўтгани ҳам, бирор бир марака ўтказгани ҳам жой қолмади,- дейди ўзини Барно деб таништирган, шу уйларнинг бирида истиқомат қиладиган аёл.

Ўзини Гўзал деб таништирган аёл ҳам, дўконлар қурилган тақдирда тез ёрдам ёки ўт ўчирувчи машиналар ўтиши учун йўл қолмайди, бу ерда пулдорларнинг фойдасига иш кўрилмоқда, дейди:

- Бизлар айтяпмиз, бу ерга дўкон қурманглар, бу ер болалар ўйнайдиган жой, деб. Бизга бу томонга ҳам йўл қолмайди мошин киргани, у томонга ҳам. Шаҳар архитектори хоҳлаган нарсамни қиламан, деяпти,- дейди Гўзал.

Унга кўра, милиция ходимлари норозилик билдириб чиққан аёлларни савол бергани учун ҳам уриб-калтаклаган.

- Бизлар ҳам шу ерда яшаймиз, ҳаққимиз бор десак, сизлар гапирманглар деб, милисалар уриб-тиқиб опкетди, ҳамманинг кўзи олдида. Бугун ҳам жанжал бўлди, иккита-учта аёлни уриб горотделга олиб кетди. Кеча кечқурун ҳам дубинкалар билан бир-иккита эркакларни уриб бошини ёрган эди,- дейди Гўзал.

20 июль куни норозилик билдирган аёллардан икки киши шаҳар милиция бўлимига олиб кетилди ва кечгача ушлаб турилиб, "пул олиб келсанг паспортингни олиб кетасан" деган шарт билан қўйиб юборилган. Бу ҳақда кечга бориб ички ишлар бўлимидан қўйиб юборилган Муниса Ханнаева шундай дейди:

- Мени ҳозир горотделдан чиқариб юборишди. 150 минг сўм олиб келсанг паспортингни олиб кетасан дейишди. Эрталаб олиб кетишганча кечгача оч-наҳор ушлаб туришди, издеватся қилишди, уришди, телефонларимгача тортиб олишди,- дейди Муниса Ханнаева.

Қарши шаҳар ҳокимининг ўзини Руслан деб таништирган ёрдамчиси бу воқеалардан хабари йўқлигини айтди.

Қарши шаҳар бош архитектори Зебо Жалилова Озодлик билан суҳбатда аёлларнинг иддаоларини рад этар экан, бу жойда илгари ўзбошимчалик билан савдо нуқталари қурилганини айтди ва ҳамма ишлар шаҳар ҳокимининг ободонлаштириш қарори остида олиб борилаётганини таъкидлади:

- Бу аёллар нотўғри гапиряпти. Иккита йўлни орасига болалар майдончалари бўлмайди. Уйларнинг орқа томонларидаги болалар майдончаларига бутун савдо прилавкаларни қўйиб, ўзлари расво қилиб қўйган. Бу ерда бошқа гап бор. Йиллар адвомида улар ноқонуний савдо нуқталари қуриб олишган. Шаҳар ҳокимнинг қарорига кўра, ана шу қурилмалар бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига замонавий енгил дўконлар қуриляпти,- дейди Қарши шаҳар бош архитектори Зебо Жалилова.
XS
SM
MD
LG