Линклар

Франция ва Германия раҳбарлари евроҳудудга кирувчи айрим мамлакатларнинг давлат қарзи билан боғлиқ инқирозни ечиш йўлида "умумий позицияга" келишди.

Бу ҳақда Франция президенти маъмурияти берган хабарга кўра, президент Николя Саркози ва канцлер Ангела Меркел бир қарорга келиш олдидан Берлинда етти соатлик музокара ўтказган.

Ушбу битимга евроҳудуддаги мамлакатлар етакчиларининг Брюсселда ўтиши кутилаётган учрашуви арафасида эришилди.

Брюссел учрашувида Грецияга берилиши кўзланган 115 миллиард евролик молиявий ёрдамнинг иккинчи қисмини ажратиш масаласи муҳокама қилинади.

Люксембург Бош вазири Жан-Клод Жанкер Франция ва Германия ўртасида эришилган келишувни олқишлади ва евроҳудуд етакчилари Грециядаги молиявий инқирозни бартараф қилолмасада, инқироз олдини олиши мумкин бўлган барча чораларни кўриши кераклигини айтди.

- Фикримча, Германия ва Франция ўз қарашларини мослаштиргани жуда фойдалидир. Бу бугунги қарор бериш жараёнини, шубҳасиз, енгиллаштиради, - деди Ж.К.Жанкер.

Ҳозирча Франция ва Германия келишувига оид тафсилотлар ошкор қилингани йўқ.
XS
SM
MD
LG