Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:28

Тарсаки ўзбекча тарбия усулими?


Ўзбекистонликларнинг гувоҳлик беришларича, ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтакланиши айниқса қишлоқ мактабларида кўп учрайди.
Ўзбекистонликларнинг гувоҳлик беришларича, ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтакланиши айниқса қишлоқ мактабларида кўп учрайди.

Ҳар ҳолда, ўз фаолиятида вақти-вақти билан "безориларнинг таъзирини бериб" турадиган фарғоналик ўқитувчи Сайдулло ака ана шундай фикрда экан.

Суҳбатдошимиз Улуғбек бир йил олдин Ўзбекистондаги олийгоҳлардан бирини тамомлаган. Унинг айтишича, олийгоҳ ўқитувчилари талаба йигитларга нисбатан жисмоний жазони тез-тез қўллаб турардилар:

- Пахтага чиққанида уради, дарсда уради. Субботникларда кўп урар эди. Чиқмагани учун уради, асосий уришлар пахтада бўлади, - дейди собиқ талаба Улуғбек.

Суҳбатдошимизга кўра, у нафақат олийгоҳда, балки коллеж ва мактабда ўқиган чоғида ҳам ўқитувчилардан танбеҳ эшитиб, калтак еган.

Фарғоналик ўқитувчи Сайдулло ака Улуғбекнинг гапини тасдиқларкан, "мактаб ўқувчиларининг таъзирини бериб қўйиш учун тарсакилаш" усулидан унинг ўзи ҳам фойдаланиб туришини айтади:

- Ноқонуний, лекин қўрқитиб қўйиш учун шундай нарса қилиб турилади. Масалан, буни директор ҳам, завуч ҳам билади. Шу ўзбекча тарбиянинг битта усули-да. Ўзимизни ҳам ўқитувчилар урган. Ўқитувчи “яхши одам бўлсин” деб уради, “йўлдан қайт, шу ишни қилма” деб уради. Бу СССР давридан бери бор ҳолат. Қаттиқ жазо берилмайди, битта тарсаки тушириши мумкин, у ҳам бўлса қўлнинг учида. Ўқувчининг оғиз-бурнини қонатиш мумкин эмас-ку.

Озодлик: Бу тарсакини ўқувчиларнинг олдида урасизларми?

- Албатта, бошқалар қўрқиши учун. “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” деган мақол бор. Шунга ўхшаб, биттасига қаттиқроқ жазо берсангиз, бошқа ўқувчилар қўрқиб туради. Шу нарсани иккинчи марта қилмасликка ҳаракат қилади. Бу масала қишлоқларда кўпроқ учрайди. Шаҳарда болаларни урмайди. У ерда болаларни урса ёмон, ота-онаси турли миллат вакиллари бўлади - бош балога қолиб кетиши аниқ. Қишлоқларда айрим ҳолатларда бўлиб туради, кўп эмас. Қишлоқларда ҳам жанжал қилиб, битта тарсаки учун қамалиб кетган ўқитувчиларни биламан. Бир ўқитувчи икки йил ўтириб келди, - дейди қарийб 40 йилдан буён ўқитувчилик билан шуғулланиб келаётган Сайдулло ака.

Тошкентлик ўқитувчи Нозимахон (исми ўзгартирилган) бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бундай муаммо учраб туришини қайд этади. Бироқ у ҳамкасбларининг бундай хатти-ҳаракатларини оқламайди.

- Бу ўқитувчининг психикаси паст бўлганидан бўлади. Ота-онаси катта ишда ишлайдиган ўқувчилар уларни биров мактаб ҳайдаб юбормаслигини, дарсда ёмон баҳо қўймаслигини билишади. Бундай болалар дарсни бузиши мумкин, ўртоқлари билан гаплашиб ўтириши мумкин. Телефонини ўйнаб ўтиради, мусиқа эшитиб ўтиради. Бу ҳолатлар ҳам ўқитувчининг асабига тегиши мумкин. Лекин қандай вазият бўлмасин, ўқитувчи ўзини ушлаб туриши шарт, - дейди тошкентлик ўқитувчи Нозимахон.

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комилов ўз фаолияти давомида ўқувчини ургани учун жавобгарликка тортилган ўқитувчиларни учратмаганини айтади.

- Бу маъмурий жавобгарлик, жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида, кейин ўқитувчиларнинг ички тартиб-қоидалари бор, шу асосда тартибга солинади, - дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистон олий ва ўрта таълим вазирлигининг ўз исмини айтишни истамаган ходими тарсаки қўллаш мактабларда учраши мумкинлигини назардан соқит қилмайди, бироқ, унинг ишонтириб айтишича, олий ва ўрта таълим муассасаларида бундай ҳолат йўқ:

- Агар бўлган тақдирда, албатта чора кўрилади. Қайсидир масалада хайфсан ёки огоҳлантириш, ёки ишдан ҳайдаш, ойлигидан қирқиш каби чоралар кўрилади, - деди Ўзбекистон олий ва ўрта таълим вазирлиги ходими.

Аснода Ўзбекистонда ўқитувчи талабаларга тарсаки тушириш ҳолатига оид видеолавҳаларни Интернет тармоғида ҳам топиш мумкин. Хусусан, ўтган йили Youtube порталига жойлаштирилган “Бухоро автойўл коллежи” дея номланмиш видеотасвирда ўқитувчи шанбаликка келмаган етти нафар талабани тарсакилаётгани акс этган.
XS
SM
MD
LG