Линклар

Баҳсли қонун тожик депутатларига маъқул бўлди

  • Гулнора Равшан

21 июл куни Тожикистон парламентининг юқори палатаси депутатлари томонидан тасдиқланган қонун лойиҳасида 18 ёшга кирмаган болаларнинг масжидга боришларини маън қилувчи банд ҳам бор.

21 июл куни Тожикистон парламентининг юқори палатаси депутатлари томонидан тасдиқланган қонун лойиҳасида 18 ёшга кирмаган болаларнинг масжидга боришларини маън қилувчи банд ҳам бор.

“Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги қонун Тожикистон парламенти юқори палатаси томонидан ҳам тасдиқланди.

Тожикистонликлар орасида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мазкур қонун лойиҳаси уч ой давомида халқ муҳокамасидан ўтгач, 15 июн куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси томонидан қабул қилинганди.

Бироқ мазкур қонун лойиҳасидаги бир неча бандлар, жумладан, 8-, 14-, 17- ва 18-бандларга ўзгартиш киритилишига оид фуқаролар таклифи эътиборга олинмаган ҳолда тасдиқланган қонун тожик жамиятида кўплаб норозиликларга сабаб бўлди.

Ўзгартиришсиз қабул қилинган янги қонун инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси томонидан ҳам танқид қилинганди.

Мазкур ташкилот расмийси Леонард Лео Қўшма Штатлар ҳукуматига мурожаат қилиб, президент Имомали Раҳмоннинг ана шу ҳужжатга имзо чекмаслиги учун босим ўтказишга чақирганди.

Шундан сўнг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон топшириғи билан янги қонун лойиҳаси Миллий мажлис муҳокамасига юборилган эди.

Давлат раҳбари топшириғига биноан қонун лойиҳасини қайта кўриб чиққан Миллий мажлис (юқори палата) вакиллари 21 июл куни уни бир овоздан тасдиқлади.

Тожикистон парламенти юқори палатаси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев дунёда ўхшаши бўлмаган бу қонун “ўсиб келаётган авлод манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилиши”ни таъкидлаган.

Тожикистонда қонун кучига кириши кутилаётган янги қонун талабига кўра, тожикистонлик ёшларга шаҳвоний, зўравонлик, экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга бўлган филмларни томоша қилиш маън қилинади.

Шунингдек, ёшларнинг шу мазмундаги рўзнома, журнал ва варақаларни интернет ёки мобил телефонлар орқали тарқатишлари ҳам қонун доирасида таъқиқланди.

Ундан ташқари, мазкур қонун 18 ёшгача бўлган тожикистонликларга тадбиркорлик билан шуғулланишга рухсат бермайди.

Тожикистонлик ота-оналарнинг аксарияти қонуннинг бу бандлари билан рози эканларини, аммо уларни ташвишга солаётган нарса ёшларнинг диний таълим олишлари, масжидда намоз ўқишлари ҳамда қизларнинг ҳижобда дунёвий мактабларга қатнашлари қонун доирасида таъқиқлаб қўйилгани эканини айтмоқда.

- Биз қонунларга бўйсунган ҳолда озод бўлишимиз керак. Лекин бу қонун демократик ҳуқуқларимизни чегаралаб қўяяпти. Инсоннинг маънавий ҳуқуқлари чегаралаб қўйилмаслиги керак. Масжидларга сиёсатга аралашмаган ҳолда, тоат-ибодат учун қатнайверсин. Ахир бу фарзандларимизнинг одоб-ахлоқига ҳам ёрдам беради-ку, - дейди Рудакий туманида яшовчи Бахтиёр ака.

Аммо тожикистонликлар орасида фарзандининг масжидда намоз ўқиши ёки муллалар қўлида диний таълим олишини истамаётган ота-оналар ҳам топилади. Улардан бири сўғдлик Фаридахон аядир.

- Фарзандимни ўқитгим келади, яхши тарбия бераяпман. Лекин мен боламни эскича ўқишга мажбурламайман, масжидга боришига умуман қизиқмайман. Ҳозир нима кўпайган - террористлар кўпайган, мен қўрқаман. Унақага бериб қўйиб, бир нимага кириб қолса, биттаю битта фарзандимдан ажралиб қолишни хоҳламайман, - дейди Фаридахон ая.

Янги қонун лойиҳасининг биринчи вариантида 18 ёшгача бўлган тожикистонлик ёшларнинг диний маросимларда иштироклари ҳам чекланган эди. Парламент юқори палатаси муҳокамасидан ўтган қонун лойиҳасида фақат ана шу банд, яъни ёшларнинг диний маросимларда қатнашишларига қўйилган тўсиқ олиб ташланган, холос.

Тожикистондаги таниқли дин уламоси Акбар Тўражонзода қонуннинг бу бандини танқид қилиб, “аҳолисининг 98 фоизи мусулмон бўлган тожик жамиятида ёшларнинг диний маросимларда қатнашишларини таъқиқлаш ўта мантиқсизлик, зеро никоҳ ҳам диний маросимга киради” дея таъкидлаганди.

Дин соҳасида мустақил таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода янги қонундан яна кўпгина бандлар олиб ташланиши лозимлигини таъкидлайди. Чунки, унингча, янги қонун фуқаролар учун эмас, балки алоҳида доиралар учун хизмат қилади, холос.

- Кўп ҳолларда биз қош қўямиз деб, кўз чиқарамиз. Чунки сўнгги бир ярим йил давомида мамлакатда жамият учун кўплаб янги муаммолар туғдираётган қонунлар қабул қилинганини тажриба кўрсатди. Кўпинча қабул қилинаётган қонунларимизда жамиятдаги алоҳида гуруҳлар ёки сиёсий доиралар манфаатлари кўзланади. Менимча, янги қонунни халқаро меъёрлар талабига мувофиқлаштирилиши учун ҳали ҳам кеч эмас. Агар бу қонун шу ҳолича қабул қилинса, келгусида жамиятда кўплаб салбий оқибатлар келтириб чиқариши аниқ, - дейди мустақил таҳлилчи Сайфуллозода жаноблари.

Аснода айрим таҳлилчилар янги қонундаги болаларнинг диний таълим олишлари ва хусусан 18 ёшгача бўлганларнинг масжидларда намоз ўқишини таъқиқловчи бандларга ўзгартиш киритилмай, президент имзосидан ўтишига ишонишмоқда.

Чунки, дейди таҳлилчиларнинг ишонишларича, парламентда қабул қилинаётган барча қонунлар аввалдан президент ижроия девони билан келишиб олинади.
XS
SM
MD
LG