Линклар

Москва тергов қўмитаси: Жиноятчи мигрантлар кўпаймоқда


Москва полициясининг муҳожирлар содир этган жиноятлар сони кўпймоқда, қабилидаги иддаолари шубҳаларга сабаб бўлмоқда.

Москва полициясининг муҳожирлар содир этган жиноятлар сони кўпймоқда, қабилидаги иддаолари шубҳаларга сабаб бўлмоқда.

Москвада жорий йилда содир этилган қотилликларнинг ҳар еттинчиси ва зўрлашларнинг деярли ярми мигрантларга таалуқлидир, дейилади Москва шаҳар тергов қўмитаси тарқатган хабарномада. Айни пайтда, тергов қўмитаси расмийлари хориж фуқароларига нисбатан содир этилган оғир жиноятлар сони кескин камайганини таъкидлашмоқда.


Москва шаҳар Тергов қўмитаси 2011 йилнинг биринчи яримига оид эълон қилган ҳисоботида муҳожирлар томонидан содир этилаётган оғир жиноятлар сони ошиб бораётганига эътибор қаратилган.

“Айниқса мигрантлар томонидан содир этилган қотиллик ва жинсий тажовуз ҳолатларининг кўпайгани ҳавотирга солмоқда”, дейди Озодликка Москва тергов қўмитаси бошлиғи катта ёрдамчиси, адлия лейтенанти Виктория Ципленкова.

- 2011 йилнинг биринчи ярмида Москвадаги қотилликларнинг ҳар еттинчиси ва зўрлаш ҳолатларининг деярли ярмиси ҳориж фуқаролари томонидан содир этилган. Уларнинг аксари пойтахтда ноқонуний тарзда яшаб келгани бу оғир жиноятларнинг фош этилишига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Айни пайтда тергов қўмитаси маълумотларига кўра, пойтахтимизда жинсий тажовуз ҳолатлари 25 фоизга, қотилликлар сони эса 8,5 фоизга камайган. Шунингдек, ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда экстремистик мотивларда содир этилган жиноятлар сони 3 баробарга, яъни 87дан 29 тага камайгани кузатилди,- дейди Виктория Ципленкова.

Бош тергов қўмитаси расмийсининг таъкидлашича, Москвада ўқотар қурол ёрдамида содир этилган қотилликлар кўпайиб кетган.

Москва Тергов қўмитаси бошлиғи Вадим Яковенко хориж фуқаролари орасида оғир жиноятлар содир этилишининг кескин кўпайишини Россияда ноқонуний миграцияга қарши курашувчи тузилмалар фаолиятининг самарасизлиги билан изоҳлади.

Москва полицияси раҳбарияти Россия пойтахтида криминоген вазиятга шимолий-кавказлик, марказий-осиёлик, айниқса Тожикистон ва Ўзбекистондан келган муҳожирлар жиддий ҳисса қўшаётгани ҳақида жар солаётган бир пайтда, Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам вазият ёмонлашаётгани айтилмоқда.

Санкт-Петербург ИИБси бошлиғи Михаил Суходолский гастарбайтерлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сонининг кўпайишига жавобан маҳаллий аҳолининг миллий адоват юзасидан қилаётган жиноятлар сони кўпаймоқда, деган фикрни билдирди.

“Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ҳам меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар сони кўп”, дейди Озодлик билан суҳбатда Нижний Новгород вилояти Тергов қўмитаси расмийси Юлия Склярова.

- Бундай ҳодисалар нисбатан кўп содир этилмоқда. Масалан, яқиндагина квартира сотиб олиш баҳонасида маҳаллий бир аёлни зўрлаган мигрантга нисбатан суд ҳукми кучга кирди. Ёки 3 июль куни шаҳарнинг Автозаводская туманида 19 ёшли қизни қўрқитиб зўрлаётганида ўтиб кетаётганлар томонидан қўлга олинган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан куни кеча жиноий иш қўзғатилди. Яъни зўрлаш моддаси билан шаҳримизда ойига ўртача иккита мигрант қўлга олинмоқда. Майда жиноятлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади,- дейди Юлия Склярова.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод Озодлик билан суҳбатда полиция ва прокуратура расмийларининг бундай баёнотлари мамлакатда ксенофобия, хусусан марказий-осиёлик муҳожирларга нисбатан адоватнинг авж олишига ҳисса қўшади, дейди.

- Ички ишлар, Тергов қўмитаси ва Миграция хизмати келтираётган рақамларда жиддий тафовут мавжуд. Булардан Федерал миграция хизмати келтираётган рақамларгина ҳақиқатга яқинроқ, деса бўлади. Улар жиноятларнинг умумий сонидан 0,1 фоизи мигрантлар томонидан содир этилаётганини расман эълон қилганига қарамасдан, қолган ҳуқуқ-тартибот идоралари негадир бошқача рақамларни келтирмоқда.

Мигрантларнинг жиноятларига жамоатчилик эътиборини қаратишга мўлжалланган бундай баёнотлар бир томондан мигрантларнинг қаҳр-ғазабини қўзғатиши мумкин, бошқа томондан Россияда турли миллатчилик ташкилотларини фаоллашишига, рус бўлмаганларга нисбатан миллий адоватни кучайишига олиб келиши мумкин, деган фикрдаман. Куни кеча Москвада Шимолий Кавказ рақамлари ёпиштирилган бир нечта машина ёқиб юборилган. Мутаҳассислар бу акцияларни Москва тергов қўмитаси куни кеча қилган баёнотининг маҳсули бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар. Шунинг учун расмий идоралар бундай рақамларни овоза қилишдан олдин пухта ўйлаб қадам босишларига чақираман,- дейди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Александр Брод.

Москва полицияси иддаоларига кўра, 2010 йилда Россияда хориж фуқаролари 12 мингдан зиёд жиноят, жумладан 62 қотиллик ва 130 март жинсий тажовузга қўл урган.

Айтилишича,меҳнат муҳожирларига қарши қилинган қонунбузарликлар эса сўнгги ярим йилда 32 фоизга камайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG