Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:37

102 млрд сўм ёки 59 млн 219 минг 541 доллар


Жазони "эркинлаштириш" ғояси Ўзбекистонда амалда яхши ишламаяпти, дейди мустақил кузатувчилар.
Жазони "эркинлаштириш" ғояси Ўзбекистонда амалда яхши ишламаяпти, дейди мустақил кузатувчилар.

Бунча пулни кейинги йилларда Ўзбекистонда судланган 17 689 киши давлатга тўлади. Бу рақамларни ЎзА ахборот агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Олий судининг навбатдаги пленуми тўғрисидаги хабаридан олдик. Иқтисодий жиноят содир этганликда айбдор топилган қарийб 18 минг ўзбекистонлик, кейинги йилларда судлов тизими либераллаштирилаётгани туфайли, халқона ибора билан айтганда “пул билан қутулди” – озодликдан маҳрум этилгани йўқ. Ўзбекистонлик адвокатлар бу тенденцияни умуман тўғри, деб ҳисоблаган ҳолда бу соҳадаги қонунларда ҳали-ҳануз коррупцияга йўл очувчи меъёрлар сақланиб қолганини таъкидламоқдалар.


“Илоннинг боласига ҳам ётгулик қилмасин!”

Қамоқхона тўғрисида айтиладиган бу гапни умри панжара ортида ўтган рецидивистдан ҳам эшитиш мумкин.

17 689 кишининг – чоғроқ бир шаҳарча аҳолисичалик контингент – озодликда қолгани, албатта, қувонарли ҳол.

Бас, бу жазонинг либераллаштирилаётгани натижаси экан, куни кеча пленумини ўтказган Олий суд бу ҳақда жон, деб гапирса керак, деб ўйладик.

Лекин на Олий суд, на жойлардаги маҳаллий судлар бу ҳақда гапиришни истади: Ўзбекистонда яхши иш ҳам муҳим давлат сири.

Фарғона вилоят туманларидан бири суди ходимигина жавоб беришга рози бўлди, лекин айтилган вақтда яна қўнғироқ қилиб, мана бу гапни эшитдик:

- Буни ака қилганим йўқ. Сабаби раис келгандилар, сўраган эдим айтдиларки, ўзларинг официланий келиб, хат билан келсаларинг кейин қилинади, телефонда бериладиган маълумот эмас деб тушунтирилди. Шнинг учун шуни сизга тўғирлаб етказаяпман ака. Телефонда просто ўқиб бериладиган маълумот эмас экан бу. Официалний хат билан келсангиз, сизга мақола сифатида обëмний қилиб ëзиб беришимиз мумкин, дея жавоб берди Фарғона вилоят туманларидан бири суди ходими.

Шундан сўнг ўзбекистонлик адвокатлар билан боғландик.

“Бу – тўғри чора”

Жиззахлик адвокат Худойқуловнинг айтишича, кейинги пайтларда чиндан ҳам судлар судланувчиларга жазо чораси сифатида жаримани кенг қўлламоқда.

- Жаримани тўлаш имконияти бўлса, қамамасдан жазодан озод қилиш мумкин. Бу тўғри. Имконияти бор жазодан озод қилишга. Ўша жаримасини тўлаяпти, қамоқ жазосидан озод бўлаяпти. Озодликдан маҳрум қилинмаяпти у. Имконияти, шароити йўқ бўлса, жазони озодликдан маҳрум қилишга алмаштириб бераяпти, дейди Худойқулов.

Адвокатнинг сўнгги – жарима тўлай олмайдиганлар қамалаётгани тўғрисидаги гапидан кейин тилга “камбағални туянинг устида ҳам ит қопади”, деган матал келдию, лекин уни айтмаймиз – гап жиноятчи устида кетаяпти.

Либераллаштириши нимаси?

Жазони либераллаштириш нима? Фарғоналик адвокат Жўраевага берганимиз биринчи савол шу бўлди.

- Эркинлаштириш дегани. Олдин озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланаëтган бўсла, ҳозир ўшанинг ўрнига жарима, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланаяпти. Енгиллатиш эмас эркинлаштириш дегани.

Фарғоналик адвокат, зарарни қоплаш шарти билан, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланадиган қонунбузарликларга, иқтисодий жиноятлар, талон-тарож кабиларни мисол қилиб келтирди.

Ўғирлик ҳолатлари бўйича ҳам баъзан етказилган зарар қопланган тақдирда қамоқ жазоси тайинланмслиги мумкин, дея қўшимча қилди, фарғоналик адвокат Жўраева.

Бундай "эркинлаштириш"дан суиистеъмол қилиш, натижада коррупция ҳолларнинг кўпайиши эҳтимоллари ҳақидаги саволимизга адвокат бундай жавоб берди:

- Бизнинг амалиëтимизда ҳеч ҳам учрагани йўқ. Масалан шунақа ўзлаштириш ëки фирибгарлик бўлса, иложи борича шу зарарни қоплашга ҳаракат қилдирамиз мижозларимизга. “Зарарни қопласангиз, қамалмайсиз, очиқда қоласиз” деймиз. Зарарни тўлаб қўяди бўлди шу билан кейин жаримами, ахлоқ тузатишми жазоси берилаяпти, дейди адвокат Жўраева.

Жиззахлик адвокат Худойқулов ҳам қонунлар либераллашган, яъни судланувчи озодликдан маҳрум бўлиш ўрнига зарарни қоплаётган, жарима тўлаётган экан, бу ўринда суиистеъмол учун имкон қолмаган, деган фикрда.

- Йўқ, суиистеъмол у агар 10 миллион тўлайдиган бўлса, имкомнияти йўқ унда. Жаримани агар 10 миллион тўлайдиган бўлса, унда суиистеъмолчиликнинг ўзи бўлмайди. 10 миллион катта пулда. 10 миллион битта одамдан чиқиши жуда катта пул. Ҳар қандай одам ўйлаб ишини қилади. Иккинчи марта ўша жиноятга қўл урмайдиган ҳаракатини қилади, дейди адвокат Худойқулов.

Ё, ёки, ёхуд...

Бироқ унинг ҳамкасби, тошкентлик ҳуқуқшунос, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов бу масалада бошқача фикрда.

- Афсуски, қонуннинг ўзида ҳали ўзгариш йўқда. Қонунда мажбурий қамоқ жазоси белгиланган. Айтилган шунча жарима ëки шунча қамоқ. У ерда конкретизация йўқ. Ëки, ëки, ëки деганлари бўлиши керак эмас, дейди ҳуқуқ фаоли.

Яъни бу қонунлар ҳали коррупцияга қарши экспертизадан ўтмаган ва коррупция имконини берадиган "ёкилар" сақланиб қолмоқда, дейди С. Икромов.

- Мана мисол учун бунга ўша ëкининг қайси бирини танлаш йўли судья ëки айбловчида қолади. Яъни ëки, ëки деганни танлайдиган жой бўлиши керак эмас. Конкретизация бўлиши керак. Бошқа ривожланган давлатларнинг қонунини кўрилса, унақа ëкиси йўқ. Конкретно бор. Мана шу модда, мана шу жиноятларни қилганга мана шунча жарима, шунча йил қамоқ. Агар у хавфли бўлса. Жуда хавфли бўлса, дейди Суръат Икромов.

Адолат истар кўнгил..

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Ҳар қандай ҳукм қонунга мос бўлиш билан бирга шу ҳукм билан боғлиқ ишга алоқадор томонларда, баъзи шов-шувли ишлар бўйича чиқарилган ҳукмлардан эса бутун жамиятда адолат ҳисси пайдо бўлиши муҳимдир.

Ўзбекистонлик баъзи юқори лавозимли амалдорлар устидан чиқарилган ҳукмлар эса, ўз вақтида адолат қарор топди, деган фикрни пайдо қилмаган. Давлат амалдорлари оддий ўзбекнинг тушига ҳам кирмайдиган маблағни тўлаб қўйиб озодликда қолганини кўпчилик билади.

Ўша амалдорлардан бири Тошкент ҳокими эди. С Икромов билан шу масалани ҳам гаплашдик.

Озодлик: Собиқ Тошкент шаҳар ҳокими жавобгарликка тортилган.

- Эсимда бор. 2006 йилда бўлган бу.

Озодлик: Жуда ҳам катта жарима тўлаб, қамалмай қолиб кетган. Бу ерда жамиятда қонун адолатни тиклади деган туйғу пайдо қилиши керакда. Хусусан, Козим Тўлагановнинг жарима тўлаб, қутулиб кетишидан шу туйғу пайдо бўлмайди. Масалан, менда бўлгани йўқ.

- Козим Тўлаганов тўғрисида бошқача бўлган сал. Гап шундаки, масалан у одамга қамоқ жазоси белгиланган эди. Кейин суд белгиламасдан олдин гаплашиб нима қилишни билмаган. Сабаби, масалан, қамоқ жазоси берилса, уни қайси қамоқда ўташи керак? Милиция, прокурорлар ўтирадиган алоҳида қамоқхона бор Бекободда. Лекин бу одам армияда хизмат қилмаган ëки прокурор бўлиб ишламаган, судья бўлиб ишламаган, милицияда ишламаган. Шунинг учун у ерда у нолойиқ деб ҳисобланади. У оддий қамоққа юборилиши керак эди. Аммо унинг мансабларига тўғри келмаган. Шунинг учун уларнинг жуда боши қотиб қолган ўшанда. Агар оддий қамоққа шунақа мансабдаги одамни юборса, унинг аҳволи нима кечиши мумкин? Биласизми қамоқда ҳар хиллари бор. У ерда балки бир ой ҳам яшай олмайди. Унга нисбатан ҳар хил нарсалар бўлиб кетиши мумкин. Ана ўшанда булар бу нарсани топишди. Условнийни топишди. Лекин уйида бўладиган. Яъни бу очиқ айтилмаган уй қамоғими ëки бошқами. Жаримага келганда у ерда 2,5 миллионми 3 миллион доллар сифатида қараб чиқилган. Лекин у жаримадан суднинг ўзида очиқда юрган. Шунда уйига бориб келиб, катта пулни уйдан долларда олиб келиб берган, дейди Суръат Икромов.

Қиссадан ҳиссалар ёки Сизга ким қўйди жиноят қилишни

а) оддий ўзбекистонлик эмассиз –давлат амалдорисиз. Жуда катта миқдорда ўмаргансиз. Ўзлаштирганингиз маблағнинг бир қисмини давлатга тўлаб қутулиб кетишингиз мумкин. Лекин бунинг учун сиздан ҳам юқорироқда турадиган мулозимлар билан муомала қилишга тўғри келади. Шунда сизбоп қамоқхона тополмай қоладилар. Тўғри кейинги йилларда амалдорлар учун махсус турма қуришган дейишади, лекин қўрқманг – ўзингизга яраша таниш-билишингиз бор, қўллаб юборишади. Ҳаммаси “муомала”нинг миқдорига боғлиқ;

б) оддий, лекин бироз пули бор ўзбекистонликсиз. Жиноят қилиб қўлга тушсангиз, етказганингиз моддий зарарни давлатга тўлаб қутулиб кетишингиз мумкин. Лекин қонунларнинг бугунги аҳволи шундайки, давлатга тўлаш билан қутулишингиз қийин: прокуроргами, судьягами (ёки иккаласигаям) узатишингизга тўғри келади;

в) оддий, лекин ҳемириси йўқ ўзбекистонликсиз. Сизга ким қўйди жиноят қилишни?!
XS
SM
MD
LG