Линклар

23 июл куни 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари Пахтакор марказий стадионида майдонга тушишади.


Шу пайтгача Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари тўрт маротаба куч синашишган ва барчасида Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган.

Тўртта ўйин натижасига кўра Ўзбекистон термасининг голлар нисбати 18:2.

Озодлик радиоси эртага бўладиган ўйин олдидан қирғизистонлик таниқли футбол ҳаками Баҳодир Қўчқоровга бир неча саволлар билан мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Қўчқоров ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов гуруҳида 2010 йилги жаҳон чемпионатида бешта ўйинда ëн чизиқ ҳаками вазифасини бажарган эди.

Қўчқоров 23 июл куни бўладиган ўйинни “тарихий ўйин” дея атади ва иккала терма жамоа кучли деган фикр илгари сурди.

- Ўзбекистон Ўрта Осиëда кучли команда бўлса, Қирғизистон ундан кейин туради. Энди бу футболда. Биринчидан, иккала команданинг бир-бири билан ўйнаши бу тарихий ўйин. Иккинчидан, Ўзбекистон кучли команда, лекин Қирғизистон жуда яхши тайëргарлик кўрди. У ëқда ҳам, бу ëқда ҳам яхши ўйин бўлиши керак.

Озодлик: Бу иккала жамо ўртасидаги ўйин нимаси билан тарихий?

- Уларнинг жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида бир-бири билан ўйнаганига 12 йилмикан бўлибди. Иккинчидан, қаранг иккита қўшни тушган. Учинчидан, иккала давлатнинг футболини союз пайтида бир хилда деса бўларди. Физический кондицияси бўйича Қирғиизстон кучли эди, техника, тактикаси бўйича Ўзбекистон кучли эди. Энди футбол кўрсатади. Майдон текис, тўп юмалоқ дейди. Эртага (суҳбат 22 июл куни ëзиб олинган – таҳр.) ўйинда кўрамиз. 28 июл кунги ўйинни мен кўра олмайман. Сабаби Тожикистонга кетаман.

Озодлик: Қирғизистон жамоаси ҳақида ўзбекистонлик футбол ишқибозлари кўп нарса билмайди. Қирғизистон футбол федерацияси ФИФАдан 250 минг доллар олар экан футболнинг ривожланишига. Нимага Қирғизистонда футболга қизиқиш кам?

- Мен бу нарсани билмайман. ФИФАдан пул олиниши, бошқани федерация билади. Мен федерацияда ишламайманку. ФИФА нафақат Қирғизистонга ҳамма мамлакатга ëрдам беради.

Озодлик: Ўзбекистон футбол учун камида 20 миллионгача пул ажратади.

- Энди бу президентга боғлиқку биринчи навбатда. Мамлакатнинг бюджетига боғлиқ, халқнинг футболга қизиқишига боғлиқ. Адашмасам, Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг укази бор развитие узбекского футбола деган. Менинг билишим бўйича ҳоким пахтага, буғдойга ва футболга отвечат қилиши керак йилнинг охирида. Агар мамлакатнинг қўлидан келадиган бўлса, футболни ривожлантиради. Бир мамлакат волейболни ривожлантиради. Одамларнинг қизиқишига боғлиқ бу нарса. Инсонлар нимага қизиқади масалан.

Масалан оиламнинг ярми мусиқага қизиқса, ярми гимнастикага қизиқса, телевизорда мусиқа бўлаëтган бўлса, конечно иккита телевизор олиб бераман. Биттасида мусиқа, биттасида гимнастика кўриши керак бола-чақаларим. Чунки икковини ҳам хафа қилмаслигим керак. Шунинг учун одамнинг қизиқиши билан боғлиқда.

Озодлик: Қирғизистон терма жамоасида ўзбеклар ҳам ўйнайди деб эшитганман.

- Бор, бор. Асқаров Дониëр бор. Бор, ўшлик болалар бор. Бишкекда юрган болалар бор. Улар ëшлигида келганку. 10 ëшида футболга келган бўлса, ҳозир 30 ëш бўлса, 10 йилдан бери командада булар.

Озодлик: Уларнинг ўртасида муносабат қандай?

- Энди спортда унақа нарса йўқ. Спорт без политики. Тем более футбол без политики. Зеп Блаттер айтганидай футболда национальност, свет лица, должност деган нарса бўлмайди. Бу ерда ҳамма бир хилда.

Озодлик: Баҳодир ака, истасак истамасак ўтган йилги воқеалар ўзбекистонликларнинг ëдида бор. Шу воқеалар эртага бўладиган ўйинга маънавий таъсир ўтказармикан?

- Буни айта олмайман. Буни ўйинчилардан сўраш керак. Ўзбекистон федерацияси билан отношениемиз жуда яхши. Ишқибозлар хоҳлаганини ўйлаши мумкин, хоҳлаганини айтиши мумкиин. Бу футболку. Футбол улар учунку. Мен ўйламайман Қирғизистонда ўзбекистонликларни ëмон кутиб олиб ëки Ўзбекистондами, бунақа ишқибозлар йўқ. Улар бир-бирини эскидан билади.

Озодлик: Эртага бўладиган ўйин натижаси қандай тугашидан қатъий назар Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмайди, дейишади.

- Ким айтди? Футболни тушунмайдиган одам гапирибди.

Озодлик: Сиз бунга қўшилмайсиз.

- Йўқ.

Озодлик: Нимага? Шу пайтгача Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам чиқа олмадику.

- Боя айтдимку, бу футбол. Футболда эртага нима бўлиши, буни тирик инсонлар ўйнайдику. Одам эртага нима бўлишини билмайдику. Ярим соатда одамда температура чиқиб кетиши мумкин, ярим соатда одам йиқилиши мумкин. Прогноз қилиш бор 30-50 фоиз деб. Ўзбекистоннинг ҳам, Қирғизистоннинг ҳам ҳар бир футболчиси жаҳон чемпионатида ўйнашни хоҳлайди. Ҳеч бўлмаса ўша ерга чиқишни хоҳлайди. Шунинг учун футбол ўйналадида. Бўлмаса нимага футбол ўйналади? Биринчидан, ўз юртини представлят қилади. Иккинчидан, тарихда бўлмаган ўйинга киради. Икковида ҳам яхши шанс бор. Кўп шанс Ўзбекистонда конечно. Ўзбекистон кучлироқ. Лекин мен ўйлайман Ўрта Осиëдан чиқади. Нимага чиқа олмайди? Бекор гап у. Футболни тушунмайдиган одам гапирибди. Ўзбекистондан, Қирғизистондан ҳеч қачон ҳакам чиқмайди деб ҳам айтишган. Мана бориб келдикку бешта ўйинга ҳакамлик қилиб.

Озодлик: Эртага ким учун ишқибозлик қиласиз?

- Қирғизистон учун ва ҳакамлар учун. Чиройли ўтказиб олишсин ўйинни. Мен энди Қирғизистон ўйинида ҳакамлик қила олмайман, шунинг учун Қирғизитон учун ишқибозлик қиламан. Ишқибозлар яхши таассурот қолдиришсин. Бу тарихий ўйин. Эсда қоладиган ўйин бу. Футболчилар бизнинг отношениемизни кўрсатиши керак. Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг отношениесини халққа, элга, политикларга кўрсатиш керак. Нарушение қилганда кулишиб дегандай нарса йўқ футболда. Спортда умуман йўқ бунақаси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG