Линклар

Ўшда куйган уйлар ўрнига янгисини қуришга рухсат берилди

  • Шерзод

Июн воқеаларида Ўшда асосан ўзбеклар яшадийган маҳаллалар куйдирилган эди.

Июн воқеаларида Ўшда асосан ўзбеклар яшадийган маҳаллалар куйдирилган эди.

Ўшда 2010 йилда ёндирилган уйлар ўрнига янгиларини қуришнинг иккинчи босқичини бошлашга рухсат берилди.

Бу борада Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбари Жонтўра Сатибалдиев маълум қилди.

Маълумотларга кўра, қурилиш ишларининг давом эттирилишига Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш ишларини молиялаштираётган халқаро донорлар талаби билан рухсат берилган.

Ҳукумат олган мажбуриятини бажариши керак

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбари Жонтўра Сатибалдиев қурилиш ишлари бироз кечикиш билан бўлса-да, якунланиши борасида некбин эканини айтади:

- Ҳозир архитетура ва қурилишни назорат қилиш органлари қурилишга рухсат бера бошлади лекин биз озроқ орқада қоляпмиз. Бу муаммо бор. Техник жихатдан бир кунда 640 рухсатни бериш бу имконсиз нарса. Шунинг учун график тузилган. График асосида бериляпти. Худо ҳохласа ҳаммаси яхши бўлади, деди Жонтўра Сатибалдиев.

Ўшнинг Қорасув кўчаси ва унга туташ Ортиқаова, Аралская кўчаларида 2010 йилги тартибсизликлар чоғида 100дан ортиқ хонадан ёндириб юборилган эди. Бу мавзеда яшовчиларга 2010 йилнинг кузида 28 квадрат метрдан вақтинчалик 2 хонали уйлар қуриб берилган эди. Жорий йилда эса бу уйлар кенгайтирилиб, 100 квадрат метргача етказилиши лозим эди.

Қорасув кўчасида истиқомат қилувчи Азим ака қурилишнинг иккинчи босқичи бошланганини тасдиқлади:

- Бугунги кунда қурилиш ишларига руҳсат беришди. Бизнинг маҳаллалардаги лойиҳаси тайёр бўлган уйларга архитектурлар қозиқ қоқиб юришибди. Душанба кунидан қурилиш материаллари бериладиган бўляпти, дейди Азим ака.

2011 йилда Жалолободда ва Ўшга туташ бўлган қишлоқларда уйларни кенгайтириб қуриш ишларининг иккинчи босқичи бошланган, бироқ Ўш шаҳридаги айрим маҳаллаларда бу жараён қачон бошланиши номаълум бўлиб қолаётганди.

Ўш шаҳар архитектураси айрим жабрланган уйлар қурилишининг иккинчи босқичини кечиктириб келган ва бунга Черемушки, Ўш район мавзелари, Гапарайтиев ва Мажримтол кўчаларидаги айрим жабирланган уйлар кўчирилиб уларнинг ўрнига Ўш шаҳри янги ген планига асосан шаҳар инфраструктурасини кенгайтирилиши рўкач қилинган.

Бироқ донор ташкилотлар бунга қарши чиққач Ўш ҳокимяти қурилиш ишлари бошланишига руҳсат берди.

Жонтўра Сатибалдиев донор ташкилотлардан “Қирғизистон 2010 йилда Ўш ва Жалолободни қайта тишклаш бўйича ўзига олган вазифасини бажармаса молиялаштириш тўхтатилади”, деган мазмунда мактуб олганини айтади:

- Мен шундай мактубни олдим. Бу хатни маҳаллий ҳокимятга берганман. Донорлар “Қирғизистон ўзига олган мажбуриятни бажарсин”, демоқда. Молиялаштириш тўхтатилса, фақат биз ютқазамиз. Бу шартга ўтган йили қўл қўйганмиз. Бу йилда “Йўқ биз бундай қиламиз”, дейишимиз нотўғри бўляпти. Бозорқўрғон, Сузоқ, Жалолобод, Қорасув туманларида қурилиш олиб борилиб шу ерга келганда тўхтаб қолишимиз Халқаро ташкилотлар олдида бизга обрў олиб келмайди, деди Сатибалдиев.

Янги уйлар бош планда йўқ

Ўш шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Таалай Сабиров орадан йиллар ўтиб Ўш шаҳар бош плани амалга оширила бошласа, бу хонаданлар бузилиши мумкинлигини айтади:

- Биз фуқароларга тушунтириб айтяпмиз: “Хозир сизларга ҳеч ким тегмайди бироқ Бош план ишга оширилганда сизлар ҳар қандай ҳолатда ҳам кўчишинглар керак ўшанда ҳукумат сизлар учун уй қуриб беради ёки бошқа жойдан ер беради”, деяпмиз. Сабаби шаҳримиз юқорига ўсиши керак. Шаҳримизнинг йўллари кенгайиши керак, шаҳримизнинг халқи кўпаймоқда, машиналар сони кўпаймоқда. Айрим нодавлат ташкилотлар ва донорлар бизни нотўғри тушуняпти. Гўёки биз буларни бугун уйингларди бўшатасизлар, бугун уйингларди бузиб йўл қурамиз ё уй қурамиз деганди тушуниб қолишяпти. Бироқ бундай эмас, деди Талай Собиров.

Эслатиб ўтамиз, қурилиш ишларининг биринчи босқич давомида битказилган 28 квадрат метрли уйлар БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро Қизил хоч ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан молиялаштирилган эди.

Қурилиш ишларининг иккинчи босқичини Осиё Тараққиёт Банки молиялаштирадиган бўлган ва бунинг учун 100 миллион АҚШ доллари ажратилиши маълум қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG