Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:27

Тожикистон Афғонистонга сотадиган электр ҳажми ошади


Афғонистон учун Тожикистон электри Ўзбекистонникидан икки ярим баробарга арзонроқ тушиши айтилмоқда.
Афғонистон учун Тожикистон электри Ўзбекистонникидан икки ярим баробарга арзонроқ тушиши айтилмоқда.

Тожикистондан Афғонистонга электр энергияси узатиб берадиган янги электр тармоғи ишга тушди. Осиё тараққиёт банки кредити ҳисобига қурилган тармоқ афғонистонликларга бир кеча кундузда 11 миллион киловатт соат электр етказиб бериши айтилмоқда. Тожикистондан Афғонистонга сотиладиган электр ҳар киловвати нархи 3,5 центни ташкил қилиб, Ўзбекистон Афғонистонга сотаётган электр нарихидан қарийб икки ярим баравар арзонроқдир.


Тожикистон Энергетика ва саноат вазири муовини Пўлат Муҳиддинов Сангтўда - Пули Хумри 220 киловольт кучига эга электр узатиш тармоғи қурилиши ниҳоясига етганини маълум қилди.

Тожик расмийсининг билдиришича, келаси ойдан бошлаб Тожикистон Афғонистонга электр энергияси экспортини бошлайди.

- Афғонистонга узатиладиган электр миқдори ва унга белгиланган нарх билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб олиш учун икки кун аввал афғонистонлик мутахасислар Душанбега келди. Ҳозирда мутахассисларимиз афғонистонлик ҳамкасблари билан электр узатиш бўйича кунлик режа устида ишламоқда. Олдиндан келишилганидек, биз август ойидан бошлаб Афғонистонга кунига 11 миллион киловатт соат электр экспорт қиламиз, дейди Энергетика вазирлиги расмийси Муҳиддинов.

Унинг маълум қилишича, янги электр узатиш тармоғи йилига 300 мегватт электр қувватини ўтказиш имконига эга бўлса-да, Тожикистон келгуси беш йил давомида Афғонистонга йилига 70 мегаватт электр энергияси сотади.

- Чунки мамлакат ичарисида ҳам электрга эҳтиёж катта. Шуни назарга олган ҳолда, биз афғонистонликларга йил давомида электр сота олмаймиз. Афғонистонга фақат ёз фаслида электр экспорт қиламиз. Лекин Сангтўда-2 ГЭСи ишга туширилгач биз Афғонистонга узатиладиган электр ҳажмини оширишимиз мумкин, деди Энергетика вазири муовини Муҳиддинов.

Тожикистон аҳолисининг катта қсми куз ва қиш фаслида электр танқислиги муаммосидан азият чекади. Республика барча туман ва қишлоқларида йилнинг олти ойи давомида электрга чеклов белгиланади. Куз ва, айниқса, қаҳратон қишда Тожикистондаги юзлаб мактаблар, ўнлаб шифохоналар ҳам электр таъминотидан узилиб қолади.

Бундан икки йил аввал Ўзбекистон Марказий Осиё ягона электр тармоғидан чиқиб кетгани оқибатида эса, Тожикистонда электр энергияси билан боғлиқ вазият янада кескинлашди.

Бироқ шунга қарамай, Тожикистон ҳукумати қўшни Афғонистон иқтисодиётининг тикланишига ҳисса қўшиш важидан бу мамлакатга электр экспортини йўлга қўйиш учун қаттиқ уриниб келади.

Соҳа мутахасислари Тожикистон ҳукумати учун бугун электр экспортини йўлга қўйишдан кўра, мамлакат аҳолисининг электрга бўлган йиллик эҳтиёжини тўла таъминлаши долзарброқ масаладир, деган фикрда. Мустқил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров ана шундайлардан бири:

- Ҳукумат куз ва қиш мавсимида аҳолини электр ёки электр энергиясининг муқобил воситалари билан тўла таъминлаш уддасидан чиқа олмаяпти. Лекин шунга қарамай, жорий йил Афғонистонга электр сотиш ҳажмини оширди. Ҳозир “фақат ёз фаслида афғонларга электр сотилади”, деганлари билан эртага айни қиш чилласида мамлакат аҳолисини электрсиз қолдириб, асосий электрни Афғонистонга сотмасликлари кафолатланмаган. Бу эса мамлакатда электр энергияси инқирозига ҳисса қўшиши табиийдир, дейди мустақил таҳлилчи.

Энергетика вазири муовини Пўлат Муҳиддинов Афғонистонга сотиладиган электр қувватининг ҳар киловатти 3,5 цент этиб белгилаганини маълум қилди.

- Бу эса қўшнимиз Ўзбекистон Афғонистонга сотаётган электрдан икки ярим баравар арзонроқдир, дейди тожик расмийси Пўлат Муҳиддинов.

У келтирган маълумотларга кўра, қурилиши жами 128 АҚШ миллион долларига тушган Ғузор-Сурхон линяси орқали Ўзбекистон Афғонистонга 300 мегаватт электр экспорт қилмоқда.

“Ўзбек электр энергиясининг ҳар киловатти афғонистонликлар учун 7,5 центдан сотилмоқда”, дея қўшимча қилди Муҳиддинов.

Таҳлилчилар фикрича, афғонларга сотилаётган электрга Тожикистон томонидан белгиланган нарх Ўзбекистон электр экспортининг Афғонистондаги бозорини касод қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG