Линклар

Тожикистонда афғонларга фоҳишалар етказиб берган гуруҳ фош этилди


Тожикистонда афғон афюнфурушларига фохишаларни етказиб берилишига оид ҳолат илк бор қайд этилгани айтилмоқда.

Тожикистонда афғон афюнфурушларига фохишаларни етказиб берилишига оид ҳолат илк бор қайд этилгани айтилмоқда.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Шўробод туманида одам савдоси билан шуғулланган маҳаллий аёл ҳибсга олингани хабар қилинди. Расмий маълумотларга кўра, бу аёл тожикистонлик жувонларни чегарадан ноқонуний ўтиб келган афғон эркакларига сотганликда гумонланмоқда.


Тергов сири важидан исми ошкор қилинмаган аёл, хавфсизлик ходимларининг айтишича, тожикистонлик жувонларни афғонистонлик наркогуруҳлар аъзоларига пуллаганликда гумонланмоқда.

Шўробод туман миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Аскаршо Наврузов бу маълумотларни тасдиқлар экан, бундан икки кун аввал туман ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт чоғида фохишалик билан шуғулланган яна тўққиз жувон қўлга олинганини билдирди.

Расмийга кўра, ёшлари 25 дан юқори бўлган бу аёлларни амалиёт чоғида ҳибсга олинган такси ҳайдовчиси республиканинг турли ҳудудларидан Шўробод туманига олиб келиб афғонистонлик эркаклар ихтиёрига топширган.

- Қўлга олинган тўққиз нафар танфуруш аёл шўрободлик бўлмай, уларни бир такси ҳайдовчиси Шўробод туманига олиб келган ва афғонистонлик наркогуруҳларга пуллаган. Дастлабки тергов натижалари бу аёллардан айримлари ихтиёрий равишда, даромад топиш илинжида бу ҳудудга келгани маълум бўлди. Мазукр жиноят юзасидан тергов давом этаётгани сабабли ортиқча тафсилотлар берилмайди, дея маълум қилди, туман миллий хавфсизлик идораси масъули Аскаршо Наврузов.

Расмийнинг таъкидлашича, қўлга олинган аёллардан бири ҳатто чегарани ноқонуний бузиб, Афғонистон ҳудудига ўтган.

Бироқ, “Шаҳрванд” (“Фуқаро”, таҳр.) ижтимоий ташкилот раисаси Гулчеҳра Муродова ҳибсда қолаётган бу аёл алдов йўли билан одам савдоси қурбони бўлганини маълум қилди.

- Ҳуқуқ идоралари бу аёлни танфурушлик ва чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбламоқда. Афсуски бизга аёлнинг ўзи билан суҳбатлашиши имкони берилмади. Лекин онасининг айтишича, қизи дугонаси томонидан алдаб олиб кетилган ва афғонларга сотилган. Ва сўнгги уч ой давомида у Афғонистонда нотаниш эркакнинг уйида яшаган, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Муродова.

156 километрга чўзилган Шўробод чегараси назорат қилиш қийин бўлган ҳудуди саналади.

Шўробод Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош туманларидан бири бўлиб, бу ҳудудда афғонистонлик наркогуруҳлар билан тожик чегарачилари ўртасида тез-тез қуролли тўқнашувлар бўлиб туради.

Тожикистонлик аёллар Қирғизистон ва Россия орқали Бирлашган Араб Амирликларига сотилишига оид ҳолатлар аввал кўп учраган. Лекин Шўробод чегарасида тожикистонлик аёлларнинг афғонистонликларга сотилаётганига оид ҳолат илк бор қайд этилгани айтилмоқда.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги расмийларининг маълум қилишича, сўнгги бир ярим йил ичда тожикистонлик фуқароларнинг хорижга сотилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар деярли қайдга олинмаган.

Аксинча бу ҳолат мамлакат ичкарисида ўтган йилларга нисбатан кўпроқ қайдга олинган. Жорий йил олти ойи давомида одам савдоси, хусусан қизларнинг жинсий экспулатацияга мажбурлангани ҳолатлари ошкор этилганни билдирди, ички ишлар вазирлиги масъуллари.

Мустақил таҳлилчилар тожик жамиятида одам савдоси, фохишаликнинг ўтган йилларга нисбатан кўпроқ қайдга олинаётганини республикадаги ижтимоий ҳолатнинг ёмонлашаётгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG