Линклар

Халқ ҳаракатини қўллаш керакми, ё...

  • Сарвар Усмон

Муҳаммад Солиҳ: Номига исломий ëки демократик давлатдан кўра, идеал адолатга асосланган ҳуқуқий давлат афзал.

Муҳаммад Солиҳ: Номига исломий ëки демократик давлатдан кўра, идеал адолатга асосланган ҳуқуқий давлат афзал.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчиларимиздан бири ана шу саволни Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга берди.


Ҳуқуқ ва адолатга асосланган давлат тарафдоримиз


Аввалги дастурларимиздан бирида “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари, АҚШда истиқомат қилувчи Баҳодир Чориев Эркин микрофонга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳни баҳсга чақириш ниятида эканини маълум қилган эди.

Чориевнинг чақириғини Озодлик радиоси Муҳаммад Солиҳга Эркин микрофон эшиттириши орқали етказди.

Бироқ жаноб Солиҳ чақириққа рад жавоби берди.

Муҳаммад Солиҳ жумладан бундай деди.

“Менинг у билан гаплашишим кулгили бўлар эди ва бу кулгили аҳволга тушишни албатта мен истамайман. У менинг тенгим эмас. Каримов менинг рақибим. Мен Каримовга 1991 йилда рақиб бўлганман ва бугун ҳам ўша мақомимни муҳофаза қилиб келаяпман, яхшими ëмонми, ҳар ҳолда. Каримов асосан бизга қарши курашаяпти бугунгача”.

Муҳаммад Солиҳнинг бу жавоби эфирга кетиши биланоқ 21 июл куни Тошкентдан ўзини Шавкат деган йигит Озодликка қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси раисига саволлари борлигини билдирди.

Озодлик Шавкатбек билан Муҳаммад Солиҳнинг савол-жавобини Эркин микрофон эшиттириши доирасида ёзиб олди.

Шавкатбек: Мен бир савол билан сизга мурожаат қилмоқчи эдим. Ҳозир жуда кўпчилик одам ўйланиб қолганда сизни қўллаб-қувватлаш керакми ëки қўлламаслик керакми деган тўғрисида. Ўшанга мен сўрамоқчи эдим сизнинг позициянгиз қанақа? Эслайман, 1990-1991 йиллларда роса кўп гап бўлган эди. Муҳаммад Солиҳ одамларни паранжига тиқаркан, одамларни намоз ўқишга мажбур қиларкан, деган роса кўп гап бўлган эди. Балки бу уйдирма бўлган бўлиши мумкин. Билмоқчиманда сизнинг позициянгизни. Агар ниятингиз бўлса, Ўзбекистонда тузум қурмоқчи бўлсангиз, қанақа тузум бўлади у? У Исломга, шариатга асосланган бўладими ëки бўлмаса демократик, одамларни инсон ҳуқуқлари бўйича таъминлайдиган қанақа давлат бўлади?

Муҳаммад Солиҳ: Бу саволлар ҳақиқатан бундан 20 йил олдин ҳам бизга берилган. 20 йилдан кейин ҳам берилаяпти. Демак, халқимизнинг онгида, ўша пайтдаги КГБ, ҳозирги МХХ ишлаб чиққан психологик стратегиянинг таъсири ҳали ҳам кўриниб турибди. Бизнинг программамизни ўқиган бўлсангиз, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг программасида очиқ ва ойдин ëзилган. Биз ҳуқуққа асосланган фуқаровий жамият қурамиз, дейилган. Шундай жамият қуриш тарафдоримиз. Оллоҳ насиб қилиб биз агар иқтидорга келадиган бўлсак, албатта ҳуқуққа асосланган давлат ва бунда қонун устуворлиги, ҳуқуқ устуворлиги, адолат устуворлиги бўлади. Идеал давлат, идеал адолатга асосланган давлат бўлади. Уни демократик деб атайсизми, диктаторлик деб атайсизми ëки хонлик, подшолик деб атайсизми адолати йўқ давлат золим бир давлат бўлади. Биз золим давлатнинг 20 йилдан бери ўлкани нимага айлантирганини кўраяпмиз. Шунинг учун бу тажрибадан келиб чиқиб биз озодлик, ҳур фикрлилик ва адолат тарафдори бўламиз ва биз қуришни орзулаган давлатимиз ҳам ана шу принципларга, ана шу қадриятларга асосланган давлат бўлади.

Шавкатбек: Яъни бу шариат, исломий тузумга асосланган бўлмайди.

Муҳаммад Солиҳ: Исломий тузум деган нарсанинг ўзи нисбий гап. Исломий тузум бугун дунëда йўқ. Бу менинг субъектив фикрим. Исломий давлат деб аталган давлатнинг ҳам кўпчилиги ҳақиқатан ўша шариатнинг мен айтган қадриятларига, адолатга ва бошқа инсон фитратига уйғун нарсаларга риоя қилганда эди, Исломни бу қадар обрўсизлантирмаган бўларди. Бугунга қадар исломий давлат қурилмади албатта. Шунинг учун исломий давлат ëки демократик давлат дегандан кўра менимча, чунки ҳар икки нима ҳам ўзининг обрўсини йўқотиб бўлган афкор оммаси олдида, ҳуқуқий давлат дегани менимча бизнинг кўнглимизга яқинроқ. Ҳуқуққа асосланган, адолатга асосланган давлат деса, ана ўшанда бугун ўз обрўсини йўқотган демократия ҳам ва ўз обрўсини йўқотган исломий давлатдан ҳам йироқроқ турамиз, масофалироқ турамиз. Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият. Тушунтира олдимми сизга?

Шавкатбек: Мен қониқдим сизнинг жавобингиздан. Одамларга тушунтиришда шунга кўпроқ урғу берганингизда, мен сизни тушундим, шунга урғу берганингиздан яхши бўларди. Чунки Ўзбекистонда камчилик дин вакиллари бор, бошқа фикрдагилар бор. Одамларга унга ишон, бунга ишонма деган сингдира олмайди тўғрими? Ўзбекистонда ҳар хил идеологиялар ҳосил бўлганда. Шунинг учун шу нарса одамларга ойдинроқ тушунтирилганда бугун гапирганингиздай, жуда кўпчилик одам шу нарсадан манфаат топармиди деб ўйлаган эдим. Шунинг учун телефон қилган эдим.

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, жуда тўғри гапираяпсиз. Афсуски, жуда кўп инсонлар ўша эски стереотиплар билан яшаб, бизнинг айтганларимизни нотўғри тушунаяпти ëки, махсус, кўпчилиги нотўғри тушунганга солиб, бошқа тарафга оғдираяпти.

Шавкатбек: Ўзбекистонда кўпчилик одам бугун ҳуқуқий давлат тарафдори. Инсон ҳуқуқлари қаерда таъминланмаса, жуда қийин бўлади жамият учун. Ҳамма нарсани орқага тортади. Катта раҳмат саволларимга жавоб берганингиз учун.

Муҳаммад Солиҳ: Сизга ҳам раҳмат.

Қозоғистонда ҳам кўзи ожизларга қийин


Андижонлик ногирон Дилшодбек Пўлатов Эркин микрофоннинг 21 июл кунги сонида чиқиш қилиб, кўзи ожиз фуқароларнинг тиланчилик эмас балки тузукроқ иш билан банд бўлишини исташини айтган, бошқа мамлакатлардаги тақдирдошлари қандай яшаётганига қизиққан эди.

22 июл куни Эркин микрофонга қозоғистонлик ногирон йигит қўнғироқ қилди.

- Исмим Шохрух. Чимкент вилоятиданман. Кўз бўйича биринчи гуруҳ ногирониман. Ишлайман. Кеча қаердандир телефон қилди кўзи ожиз иккинчи гуруҳ ногирони эшиттириш тайëрласангизлар бошқа ердаги ногиронлар қандай яшаяпти экан деб. Ўзбекистондан фарқли тарафи ҳам йўқку, масалан иш биз тарафларда ҳам йўқда.

Озодлик: Умуман иш йўқми ëки кўзи ожизларга иш йўқми?

- Кўзи ожизларга иш йўқ. Сабаб ватанда ишлаб чиқарилган нарсалар қимматроқ бўладида. Мисол учун кўзи ожизлар простиня тикади, бошқа қилади. Уларни чиқариб сотиш учун жуда қимматга сотишга тўғри келади. Сотиб олувчи уни ҳеч қачон қимматга олмайди. Ундан кўра бориб Хитойдан олгани яхши. Иш масаласида ҳеч қанақа фарқи йўқ. Ўзбекистондан бизнинг давлатнинг ҳеч қанақа фарқи йўқ. Лекин моддий тарафлама ëрдамлар бериб турилади.

Озодлик: Қозоғистонда биринчи гуруҳ кўзи ожиз ногирон қанча пенсия олади?

- 25,5 минг танга.

Озодлик: Долларда қанча бўлади?

- 200га бориб қолади. Ҳозир доллар қанчалигини билмайман Қозоғистонда. 150-160 долларларга бориб қолади.

Озодлик: Тирикчиликка етадими шу пул?

- Тирикчиликка амал-тақал қилса етади.

Озодлик: Мана сиз кўзингиз ожиз бўлгани учун 150 доллар атрофида ойлик олар экансиз. Тирикчиликка етади деяпсиз. 150 доллар атрофидаги пулнинг устида нечта одам бор?

- Тўртта одам бор.

Озодлик: Демак, сиз оладиган нафақа тўрт кишини боқаяпти.

- Ҳа.

Озодлик: Шу тўрт кишига сиз оладиган 150 доллардан бошқа кирим йўқми?

- Бор. Таксичилик қилади, шундан кундалик чой-чақа бор. Лекин бизда кўзи ожизларга ҳукумат томонидан бошқа ëрдамлар ҳам кўрсатилади.

Озодлик: Қанақа ëрдамлар?

- Ҳар уч ойда реабилитационнний центрга юборилади. Компютерда ўқишади. Гапирувчи компютерда ўқишга имконият берилади. Яна кўзи ожизларга Олмаота шаҳрида санатория бор. Араб тилидан диний таълим беради. Энди режалаштираяпти қўшни давлатлардан ҳам кўзи ожизларни чақириб араб тилида нималарни ўқиса деб режалаштираяпти. Агар келаман деган кўзи ожизлар бўлса, алоқалашиб келишлари мумкин, дейди Чимкентдан қўнғироқ қилган кўз бўйича биринчи гуруҳ ногирони.

Исмимни айтмасангиз, айтадиганимни айтаман


Эркин микрофонга Россиядан қўнғироқ қилган бир тингловчимиз гапни шундай бошлади.

Исмингизни билмаймиз ҳамку, деб ҳайрон бўлдик.

Тингловчи ўйланиб қолди. Кейин “Ҳа-я, ҳали айтмадим ҳамку!” деб ҳайрон бўлди.

Бошланг, бўлмаса, дедик.

Тингловчимиз бошлади.

- Мен жарроҳман. Ўзбекистонликман. Тиббиëт фанлари номзодиман. Ҳозирги кунда Россиянинг вилоятларидан бирида катта шифохонада жарроҳ бўлиб ишлаяпман. Ҳамма операцияни қилиш қўлимдан келади. Ҳозирги кунда менинг иш ҳақим 1100 доллар. Агарда шу малака билан Ўзбекистонда ишлаган бўлганимда, менинг иш ҳақим 200 доллардан ошмаган бўлар эди.

Озодлик: Шунинг учун Россияга кетиб қолдингиз.

- Шунинг учун шу ерга пул топиш мақсадида ишлагани келдим.

Озодлик: Россияда сизга ўхшаган врачлар кўпми?

- Кўп. Мен ўша врачлар орқали гаплашиб келдим. Унақа врачлар кўп ҳозир.

Озодлик: Энди Россияга йўл кира бор, у ерда ижарада турасиз, ҳамма харажатларингизни кўтариб, яна пул ҳам ортиб қоладими?

- Уй беришди алоҳида. Тўрт хонали уй беришди. “Мана уй. Хоҳласанг бола-чақангни олиб кел. Шу ерда яшайсан” деди. Иш билан таъминлагандан кейин уй билан ҳам таъминлашга мажбур экан бу ерда.

Озодлик: Сиз унга ижара ҳақи тўлайсизми?

- Йўқ, гази билан светига тўлайман холос.

Озодлик: Ўша уй сизнинг мулкингиз бўлиб қолиши мумкинми?

- Йўқ, мумкин эмас. Чунки мен Россия фуқаролигини олганим йўқ. Мен бу ерда қанча ишласам, ўша уй менинг ихтиëримда туради. Кетганимда уйни топшириб, калитни бериб кетаман.

Озодлик: Тайганинг ичида бўлсангиз керакда-а?

- Йўқ. Москвадан 100 километтр атрофида. Катта шаҳар. Москва-Киев йўли бўйидаги катта шаҳар.

Озодлик: Нимага Ўзбекистонда врачларнинг ойлиги кўтарилмаяпти?

- Мен билмадим.

Озодлик: Оилангиз ҳам сиз билан Россиядами?

- Йўқ. Шу кунларда олиб келмоқчиман.

Озодлик: Қачон қайтасиз энди Ўзбекистонга?

- Энди бола-чақа катта бўлаяпти. Шуларни едириш керак, кийинтириш керак. Шунинг учун энди беш йилда қайтарман, олти йилда қайтарман, хуллас узоғи билан тўрт йилдан кейин қайтаманда.

Озодлик: Мана Озодликнинг Эркин микрофонига қўнғироқ қилдингиз. Мана айтмоқчи бўлган гапингизни айтдингиз. Нима учун айтдингиз, нима учун қўнғироқ қилдингиз?

- Мен Ўзбекистонда катта шифохонада ишлаганман. У ердаги муносабат билан Россиядаги муносабатни солиштирмоқчиман. Россияда инсонгарчилик, одамийлик, инсонга нисбатан ҳурмат бор экан. Шуни кўрдим мен. Маблағ томони иккинчи даражали. Инсонга нисбатан ҳурмат, инсон қадрини ҳурмат қилар экан бу ерда.

Озодлик: Сизлар докторлар бемор қадрини ҳурмат қиласизми ëки “Пул олиб келсанг операция қиламиз бўлмаса йўқ” дейсизларми?

- Йўқ, Россияда бунақа нарса йўқ. Болницага ëтиш учун полиси бўлади. Шу полисни кўрасиз, болницага ëтади. Шу полиси давлатга пул туширади.

Озодлик: Бемордан таъма қилиш йўғ-а?

- Йўқ. Чунки ойлингизни тўлаб қўяяптию.

Озодлик: Доктор раҳмат сизга.

- Хўп, раҳмат, дейди Россиядан қўнғироқ қилган суҳбатдош.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG