Линклар

logo-print

Ўзбекистонликлар хавф эҳтимоли бўлганлар рўйхатида қолди


АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ўзбекистонликларни "хатар объекти бўлган хориж фуқаролари" қаторида кўради.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ўзбекистонликларни "хатар объекти бўлган хориж фуқаролари" қаторида кўради.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Ўзбекистон фуқароларини АҚШга кириб келаётган ва хавфлилиги эҳтимоли юқори бўлган хориж фуқаролари рўйхатида қолдирди. Қўшма Штатлар Ички хавфсизлик департаменти расмий сайтида чоп этилган 2011 йилги ҳисоботга кўра, АҚШ ҳудудига кириб келаётган бундай фуқароларнинг халқаро террорчилик ташкилотларга алоқадорлиги синчковлик билан текширилиши тавсия этилган.


АҚШ учун хатар объектлар рўйҳати


Рўйхат АҚШ Хавфсизлик бошқармасининг “Хатар объекти бўлган хориж фуқаролари устидан назорат” деб номланган ҳисоботга илова қилинган. Ҳисоботга кўра, бу рўйхатга “террорчи ташкилот ва уларнинг аъзоларига кўмак берувчи ва қўллаб-қўвватлашга мойиллик кўрсатувчи фуқаролар мансуб бўлган мамлакатлар” киритилган.

“Қўшимча назорат ўрнатишдан мақсад – у ёки бу хорижлик фуқаро қанчалик АҚШнинг хавфсизлик идоралари қизиқишини тортаётганлигини аниқлашдир”, дейилади ички хавфсизлик муассасаси ҳисоботида.

Ўзбекистондан ташқари “террорчиликка мойил ” марказий-осиёликлар сирасига Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқаролари киритилган.

Америкалик мустақил журналист, Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассис Жошуа Кучеранинг "Eurasianet" сайтида билдирган фикрига кўра, хавфли мамлакатлар рўйхати “тахминий характерга эга”. У Америка расмйиларини “мусулмонлар кўп бўлган мамлакат террорчилик хавфига эга”, деган хулоса асосида рўйхатни тузганликда айблади.

Ҳақиқатан, ҳисоботда келтирилган “террорчиликка мойил” фуқаролар мансуб бўлган 35 мамлакатдан 30 таси аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилади.

Қозоғистон норози


Бу рўйхатга Қозоғистон ва Туркманистон биринчи маротаба киритилди.

Марказий Осиё мамлакатларидан фақатгина Қозоғистонни бу ҳолат қониқтирмаган кўринади.

21 июл, чоршанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг террорчиликка алоқадорлар қаторига киритилиши юзасидан АҚШга расмий норозилигини билдирди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили И. Омаров.

“Ҳозирда АҚШда сафар билан бўлиб турган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Рапил Жошибаев Давлат Департаменти вакили билан учрашувидан кейин бугун бизга расмий жавоб келди”, деди Илёс Омаров.

- АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонасидан бизга келган расмий жавобда айтилишича, биз бу руйхатда олиб ташландик. Чунки Қозоғистон азалдан террорчиликка қарши курашувчи мамлакатлар қаторида илғорлик қилиб келади, кейинги 20 йил давомида глобал хавфсизликка ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Биз АҚШ Департаментидан қайси мезонлар асосида бу рўйхат тузилгани юзасидан изоҳ беришни ҳамда юзага келган вазиятни ўзгартиришни талаб қилдик,- дейди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

И. Омаров Қозоғистондаги АҚШ элчихонасидан келган хатда “АҚШ Қозоғистонни террорчиликни қўллаб-қуватловчи мамлакатлар қаторида кўрмаслиги” айтилганини маълум қилди.

Исроил давлати ҳам 2011 йилда “хавфли мамлакатлар” рўйхатига киритилгани юзасидан АҚШ Давлат департаментига ўз норозилигини билдирган. Орадан бир неча кун ўтгач, АҚШ Ички хавфсизлик департаменти вакили Жон Мортон Исроилнинг бу рўйхатга хатолик билан киритилгани юзасидан расман кечирим сўради.

Рўйхат қандай тузилади?


АҚШ Ички хавфсизлик департаменти эълон қилган “хавфли мамлакатлар” рўйхати қайси меъзонлар асосида тузилгани юзасидан изоҳ бермади.

Кузатувчилар собиқ иттифоқ мамлакатларидан Россия, Қирғизистон ва Озарбайжон каби мамлакатлар бу рўйхатдан жой олмаганини таъкидлаб, америкаликларни нохолисликда айбламоқда.

Бироқ, Россия Фанлар Академиясининг Умумий тарих институти эксперти, сиёсатшунос олим Артём Улунян “террорчилик хавфи мавжуд мамлакатлар” рўйхати Қўшма Штатлар олиб бораётган ўз ташқи сиёсат нуқтаи назаридан тузилганини урғулади.

- Бу рўйхатга турли давлатлар ҳукуматлар позицияси нуқтаи назаридан киритилади. Чунки бугунги кунда АҚШдан ташқарида олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар департамент томонидан аксил террорчилик фаолият, деб баҳоланмоқда. Рўйхат мухолифатга босимни кучайтираётган, норозиларни йўқ қилинишда айбланаётган, турли ноқонуний ташкилотлар билан алоқада гумонланаётган мамлакатлардаги ҳолатларни ҳисобга олиб тузилади. Бу нуқтаи назаридан АҚШ Давлат департаментининг, адашмасам, 2002-2003 йиллардан буён чоп этаётган бу рўйхатида мантиқ бор, деб ўйлайман,- дейди сиёсатшунос.

А. Улунян АҚШнинг хавфсизлик борасидаги концепция ва қарашлари бошқа мамлакатларда мавжуд сиёсий қарашлардан кескин фарқ қилишини айтади.

Ўзбекистоннинг бу рўйхатда анчадан бўён жойлашиб қолгани биринчи навбатда Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Андижон воқеалари билан боғлиқ, дейди у.

- Ўзбекистон билан боғлиқ вазиятнинг тарихи катта. 2005 йилда Андижондаги воқеалардан кейин Еропа Иттифоқи ва АҚШ Ўзбекистон ҳукуматининг халқ норозиликларини бостирганига кескин салбий муносабат билдирган эди. Яъни бу рўйхатга Ўзбекистон ҳукумати турли террорчилик ташкилотларини юзага келтирувчи репрессив режим сифатида киритилган. Айтиш жойизки, бу рўйхатдан жой олиш у ёки бу давлат учун жуда катта салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Биринчидан, бу мамлакатларнинг АҚШ билан муносабатлари ёмонлашади; иккинчидан, сармоя, иқтисодий ҳамкорлик ва бизнесга жуда катта зара етказилиши мумкин; учинчидан, бу мамлакат фуқароларига визалар бериш қийинлашади, улар устидан назорат кучайтирилади; тўртинчидан, АҚШ ўз фуқароларига бу мамлакатларга ташриф буюрмасликни тавсия этувчи махсус хат йўллайди.

Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон расмийлари давлатнинг бу рўйхатга киритилишидан АҚШ Давлат департаментига ўз норозиликларини билдиришлари жуда тўғри қадам, деб биламан,- дейди Россия ФАнинг Умумий тарих институти эксперти, сиёсатшунос Артём Улунян.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG