Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:59

Тожикистонда пойтахтни кўчириш масаласи кўтарилмоқда


Тожикистон жанубида жойлашган Данғара тумани поёнсиз майдонлардан иборат бўлиб, у ерда шўро замонларидан бери ичимлик суви муаммоси бор.
Тожикистон жанубида жойлашган Данғара тумани поёнсиз майдонлардан иборат бўлиб, у ерда шўро замонларидан бери ичимлик суви муаммоси бор.

Тожикистон пойтахти президент Имомали Раҳмон туғилиб ўсган Данғара туманига кўчирилиши мумкин.

Тожикистон пойтахтини Душанбедан бошқа ҳудудга кўчириш масаласи бир неча йилдан буён муҳокама қилиб келинади.

Бу масалани тожик сиёсий элитаси 1992 йилда, яъни мамлакатда фуқаролар уруши бошланган бир пайтда кўтарган эди.

Ўшанда пойтахтни кўчириш борасида турли таклифлар бўлиб, аксарият Тожикистон пойтахтини Данғара туманига, яъни давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг она юртига кўчирилиши таклифини илгари сурганди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов бу таклиф бугунги кунда ҳам кучда қолаётганини айтади.

- Мен шахсан бу таклифни қувватлайман. Чунки шаҳримиз жуда кичик. Масалан, Тожикистонда ўтажак сиёсий тадбирлар фуқароларни жуда ноқулай вазиятга солиб қўяди. Мустақиллигимизнинг йигирма йиллигида собиқ иттифоқ мерослари билан том маънода видолашишимиз керак, жумладан, пойтахт масаласида ҳам. Мен янги пойтахтимиз Данғарада ёки Кўлобда бўлиши тарафдориман, фақат Ўзбекистон билан чегарадош Панжакент туманида эмас, - дер экан тожик расмийси Шарипов сўнгги жумласини изоҳламади.

Суҳроб Шариповнинг қайд этишича, Тожикистон дунёда пойтахт алмаштирмоқчи бўлган ягона мамлакат эмас.

- Масалан, Ню Йорк-Вашингтон, Олмаота-Остона каби Тожикистонниг ҳам иккинчи пойтахти бўлиши зарур. Яъни сиёсий тадбирлар ва дунёдаги турли мамлакатлардан Тожикистонга келаётган мулозимлар учун маъмурий бир шаҳар бўлиши лозим, - деди Суҳроб Шарипов.

Тожикистон жанубида жойлашган Данғара тумани поёнсиз майдонлардан иборат бўлиб, у ерда шўро замонларидан бери ичимлик суви муаммо бўлиб келади.

Шу сабабли бўлса керак, бу туман аҳолиси бошқа туманларга нисбатан озроқ. Данғараликлар асосан чорвачилик ва ғаллакорлик билан шуғулланади.

Бугунги кунда Данғарани иккинчи пойтахтга айлантириш масаласида тожикистонликлар турли хил фикрдалар.

- Мен ҳам бу таклифни қувватлайман. Пойтахтнинг Данғарага кўчирилиши ортидан ўша ҳудуд обод бўлади, инфраструктура тикланади. Биз ҳам дунёдаги бошқа мамлакатлар сингари тараққийлашамиз, - дейди кўлоблик ўқитувчи Холмурод Обидов.

Архитектор Александр Конев эса ҳозирча Тожикистонда иккинчи пойтахт қуришга зарурат йўқлигини айтади.

- Биз ўзимизни Америка ёки Қозоғистон билан тенглаштиришимиз нотўғри. Чунки бу мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан жуда бақувват мамлакатлар саналади. Бизнинг Тожикистон эса минтақада энг қашшоқ, аҳолисининг тенг ярми тўйиб нон емайдиган мамлакатдир. Иккинчи пойтахт қуриш учун ажратиладиган ўша маблағни қашшоқ оилалар ижтимоий шароитини тузатиш ё бўлмаса, ишсизлар армияси учун бирорта ишлаб чиқариш корхонаси қуришга сарфлаш ўринлироқ бўларди, - дейди Александр Конев.

Тожикистонлик ёшларнинг аксарияти ҳам пойтахт Душанбе бўлиб қолиши тарафдори эканини айтади.

- Мен асли душанбеликман. Ўз шаҳримни жуда яхши кўраман. Менимча, пойтахт фақат Душанбе бўлиб қолиши керак. Чунки бошқа пойтахтни биз ёшлар тасоввур қила олмаймиз, - дейди толиба Албина.

Аснода Данғара туман ҳокими Маҳмадулло Сайдалиев жорий йил туманда халқаро аэропорт қурилишига оид ҳукумат қарори имзоланганини маълум қилди.

Расмийга кўра, дунёдаги энг йирик аэропортлардан бири бўлиши режалаштирилган аэропорт лойиҳасини Москва лойиҳалаштирилиш институти ишлаган.

Мустақил таҳлилчилар аҳолисининг 75 фоизи қашшоқ ва иқтисоди касод бўлган Тожикистон Данғарада халқаро аэропорт қуриш ва бунинг ортидан пойтахтни ўша ҳудудга кўчириш молиявий имконига эга эмаслигини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG