Линклар

Ўзбекистонда уяли алоқа хизмати мижозлари сони “ўлик” сим карталар ҳисобига ошиб бормоқда.

Сурхондарёлик 20 ёшли Абдулло икки уяли компаниянинг абоненти ҳисобланади:

- МТС Ўзбекистон учун қулай. Билайн билан четга телефон қиламан, шунга қулай. Яна у орқали Россияга телефон қилиш қулай, - дейди Абдулло.

У айрим ўзбекистонликларда иккитадан ҳам кўп сим карта борлигини айтади.

- Битта одамда тўртта-бешта ҳам бор. Масалан, қарзга чиқса, сим картани отиб юборади. МТС яқинда битта сим карта қарзга чиқса, бошқаларини ишлатмайдиган қилиб қўйди, - дейди 20 ёшли Абдулло.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон уяли алоқа компанияларида фақат фуқаролик паспортига асосан мобил рақамлар берилса-да, буни айланиб ўтиш йўллари ҳам бор.

- Компаниянинг ўзидан олиб бўлмайди, лекин Пайнетга ўхшаган жойлардан оламиз, - дейди уддабурон Абдулло.

Ўзбекистондаги йирик уяли компанияларидан бирига қўнғироқ қилиб, бир фуқаро ўзининг фуқаролик паспортига нечта рақам олиши мумкинлигини сўрадик:

- Бешта, олтита олишингиз мумкин. Абонентларда ҳар хил шароит бўлади. Фақат паспорт билан олиш керак, - деди Ўзбекистоннинг МТС компанияси мутахассиси.

Унга кўра, фуқаролик паспортига олинган рақамни мобил компанияга бориб, ўчириб ташлаш имкони бор. Бироқ бу рақамнинг ўчирилишига бир ойдан бир неча ойгача вақт керак бўлар экан.

Бироқ Фарғона водийсидан бўлган пайнетчилардан бири мобил компаниялар ходимлари ишлатилмай қолган ёки унинг таъбири билан айтганда, “ўлик” сим карталарни ҳисобдан чиқариб ташлаш илтимосларини эътиборсиз қолдираётганини айтди.

- Ўликларни рўйхатдан чиқариб ташлашга илтимос қилдим, компания чиқариб ҳам ташламади. Билишимча, улар аъзоларнинг кўпчилик бўлишига манфаатдор, - дейди исми ошкор қилинишини истамаган фарғоналик пайнетчи.

Буни тасдиқлаган бухоролик суҳбатдошларимиздан бири эса ўтган йили сўнгги сим картасини харид қилганида МТС компанияси базасида 2006 йилдан буён харид қилган ва турли сабабларга кўра алмаштирилган тўрт сим картаси ҳали ҳам унинг номида актив бўлиб турганини кўрганини айтади.

Бу маълумотлар қабатида Ўзбекистонда уяли телефондан фойдаланувчилар сони 24 миллиондан ошгани ҳақидаги хабар шубҳали кўрина бошлайди.

23 июл куни “Регнум” ахборот агентлиги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига таянган ҳолда мамлакатда уяли алоқа мижозлари сони қарийб 24,3 миллионга етгани ҳақида хабар қилди.

Тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, Ўзбекистондаги уяли алоқа хизмати мижозлари сонининг ошириб кўрсатилиши мутасаддиларнинг мамлакатда мобил алоқа соҳасида сезиларли даражада олға силжиш бўлаётганини кўрсатиш истаги билан изоҳланади.

- Улар шундай дейиши мумкин, тепадаги статистик ташкилотлар ҳам “бу ундай эмас, бошқача бўлиши керак” деб юрмайди. Ҳамманинг ҳам қулоғига ёқаверади. “Одам кўп экан, шунча телефонизация бўлиб кетибди”, дейишади. Яъни бу кўрсаткичлар етарлича қаттиқ талаб билан сўралмайди, - дер экан тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиев бундай кўзбўямачилик билан мобил алоқа соҳаси ривожланиб қолмаслигини таъкидлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG