Линклар

Европа тикланиш ва тараққиëт банки 2011 йили Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишига оид аввал эълон қилган тахминларини пасайтирди.
Банк мутахассислари эндиликда жорий йил давомида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг май ойида тахмин қилингани каби 8¸5 фоиз ўрнига¸ 7 фоиз ўсишини башорат қилмоқда.

Айни шундай банк экспертлари 2012 йилги ўсиш ҳажмига оид тахминларини ҳам 8 фоиздан 7¸5 фоизга туширдилар.

Европа банки мутахассисларига кўра¸ Ўзбекистон иқтисодига жаҳон иқтисодий бўҳрони таъсир кўрсатмаган ва мамлакат иқтисоди муттасил ўсишда давом этаëтган бўлса-да¸ Ўзбекистон экспорт қилувчи хом-ашëнинг асосий бозори ҳисобланган евроҳудуддаги турғунлик ўзбек иқтисоди ўсишига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Ўз янги ҳисоб-китобларида Европа тикланиш ва тараққиëт банки Ўзбекистон иқтисодининг бошқа кўрсаткичларига оид тахминларини ўзгаришсиз қолдирди.

Банк мутахассисларига кўра¸ 2011 йил давомида Ўзбекистондаги инфляция даражаси 11 фоизни ташкил этади. 2010 йилда¸ халқаро банкка кўра¸ бу кўрсаткич 9¸4 фоиз бўлган.

Айни пайтда¸ мамлакатга бевосита сармоя кириши ҳам 2011 йилда 3¸2 фоизга тушади. Ўтган йили бу кўрсаткич 4¸2 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳисоб-китобига кўра¸ 2011 йили мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми 8¸3 фоизни ташкил этади.

2009 йилда бу кўрсаткич¸ расмий рақамларга кўра¸ 8¸1 фоизни¸ 2010 йилда эса¸ 8¸5 фоизни ташкил этган.
XS
SM
MD
LG