Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:19

Белгияда ҳам ниқоб тақиқланди


Брюссел кўчасидаги муслима.
Брюссел кўчасидаги муслима.

23 июлдан бошлаб Белгия жамоат жойларида юзни тўсувчи ниқоб кийишни тақиқлаган иккинчи Европа давлатига айланди.


Жамоат жойларида юзни тўсиб юрувчи либос кийишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2010 йилнинг апрел ойида Белгия парламенти муҳокамасига қўйилган ва лойиҳа 149-1 нисбатдаги овоз билан қарийб якдиллик билан қабул қилинган эди.

Аммо кўп ўтмай ҳукуматнинг қулаши ва муддатидан аввал ўтказилган сайлов натижаларининг тўлиқ бўлмай қолгани ўтиш даври ҳукуматини бу қонун ижросини кечиктиришга мажбур қилган эди.

Белгияда 23 июлдан бошлаб кучга кирган қонунда аниқ қилиб исломий бурқа ëхуд ниқоб тақиқланди¸ деган жойи бўлмаса-да¸ унга кўра жамоат жойларида бундан сўнг юзни тўсиб юриш манъ қилинади. Қонунга амал қилмаганлар 137 евро жарима тўлаш ëхуд етти кунгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм этиладилар.

Қонун тарафдорларига кўра¸ у Белгия жамиятидаги жинсий тенгликни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

- Биз Маърифат даври ақидаларини ҳимоя қилишга ҳақлимиз. Эркак ва аëл бизнинг жамиятда тўлиғича тенг ҳуқуқли бўлмоғи лозим¸ дейди Белгия парламенти депутатларидан бири Петер Дедекер Озодлик билан суҳбатда.

Депутатнинг айтишича¸ бутун дунë¸ хусусан Европада террор хуружлари таҳдиди ошиб бораëтган ҳозирги даврда¸ бундай қонун жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам зарурдир. "Бурқа ëки ниқоб ортида исталган одам бекиниши мумкин. Одамлар жамоат орасида бурқали шахс пайдо бўлиши билан безовта бўладиган бўлиб қолган"¸ деб давом этади белгиялик депутат Петер Дедекер.

- Албатта¸ инсонларнинг диний эътиқод эркинлиги бор ва бу қонуннинг ҳеч қандай Исломга қарши жиҳати йўқ. Аммо мен бурқанинг энг асосий исломий қадрият эканига ишонмайман. Қайсидир эркак ўз шаҳвоний ҳирсини жиловлай олмаслиги мумкин¸ деган даъво билан аëл кишини нафақат танаси¸ балки юзини ҳам тўлиқ тўсиб юришга мажбурлаш¸ менимча¸ соғлом ақлга кўп ҳам мос эмас¸ дейди Белгия парламентида мазкур қонунга овоз берган депутатлардан бири.

Парламентнинг яна бир аъзоси Лин Диерик ҳам депутат сафдоши фикрига қўшилади.

- Ҳар бир инсоннинг ўзи истаган динга ва эътиқодга ишониш эрки бор. Аммо дин эркинлигида ҳам муайян чегаралар бор ва Белгияда юзни тўсиб юриш ана шу чегарадан ўтиш¸ деб ҳисоблайман¸ дейди депутат Диерик.

Жамоат жойларида юзни тўсиб юришни тақиқловчи қонун лойиҳасига қарши озов берган ягона депутат Белгиядаги Яшиллар партияси вакили¸ инсон ҳақлари бўйича профессор Ева Бремсдир.

Озодлик билан суҳбатда Бремс¸ бундай қонун инсон ҳақларига хилоф эканини айтади ва ўз қарашининг Европа Кенгаши ва Халқаро Амнистия томонидан ҳам қўлланилишини таъкидлайди.

Ҳуқуқ профессорига кўра¸ Белгиядаги муслималар бу қонунни ўз ҳақларини поймол қилаëтгани асосида Белгия Конституциявий судига бериши мумкин.

"11 миллион аҳолиси бор Белгияда 600 мингга яқин мусулмон яшаëтган бир кезда бутун мамлакат бўйлаб бор-йўғи 200 га яқин муслима юзини тўлиқ тўсувчи ниқоб ëки бурқа кияди¸ шуларни деб мусулмон жамоаси ҳиссиëтларига тегиш шарт эдими?"¸ дейди профессот Бремс.

Брюсселдаги энг йирик масжид имоми Мустафо Кастит¸ мамлакатдаги мусулмон жамоаси фикрини инобатга олмасдан¸ шошма-шошарлик билан қабул қилинган бу қонун мусулмонлар орасида салбий оқибатларни келтириб чиқаради¸ деган фикрда.

- Биз мусулмон жамоасини ëмон кўрсатишга қаратилган бундай қонун қабул қилинганидан афсусдамиз. Бу қонун нафақат Белгия¸ балки бутун Ғарб давлатларида илдиз отаëтган қўрқув муҳитини¸ исломофобия руҳини янада кучайтирмай қолмайди¸ дейди Мустафо Кастит.

Брюсселда туғилиб-ўсган Кастит¸ толерантлик¸ ўзаро тоқатлиликда яшаш узоқ вақт Белгия жамиятининг ажралмас қисми бўлиб келгани¸ аммо бугунга келиб бу қадриятларнинг заифлашаëтганидан ҳам афсус билдиради.

Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб Франция парламенти жамоат жойларида юзни тўсиб юришни тақиқловчи қонунни қабул қилган ва бу қонун ҳам асосан мусулмон жамоалари норозилигига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG