Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

Тожикистон Москвага қарамликдан қутулмоқчи


Тожикистонда банкомат тизимини Россияга қарамликдан халос қилиш мақсадида Миллий процессинг маркази лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Тожикистондаги банкоматлар ҳозирча Россия банклари ихтиёридаги процессинг марказлари ёки мижозларга пластик карточкалар хизмат кўрсатиш тизимлари томонидан бошқарилади, яъни тожикистонлик мижозларга тегишли маблағлар Россиядаги ана шу марказларда мавжуд система асосида Тожикистондаги банкоматларга ўтказилади.

Эндиликда Тожикистон банклари Россиядаги мижозларга хизмат кўрсатиш марказларидан ажралиб чиқиб, ўз миллий марказларини ташкил қилишга қарор қилди.

Тожикистон Миллий банк раиси муовини Жамшед Юсуфиённинг маълум қилишича, бундан буён банкомат миллий процессинг маркази республика миллий банки қошида ташкил қилиниб, пластик карточкалар ҳам мамлакат ичкарисида ишлаб чиқарилади.

- Миллий процессинг марказимизда иш сифати халқаро меъёрларга жавоб бера олиши учун биз Жаҳон банки мутахассисларидан консултация олдик. Лойиҳа ҳам айнан шу банк ҳомийлигида ишлаб чиқилди. Фуқароларимизга арзон ва ҳатто текин хизмат кўрсатиш учун биз дунёдаги бирорта мамлакат, жумладан, Россия банклари, терминалларига қарам бўлмаслигимиз зарур, - деди миллий банк масъули Жамшед Юсуфиён.

Унинг айтишича, миллий марказга оид лойиҳа келгуси 15 ой ичида ишга тушади ва Тожикистоннинг пластик карточкалар хизмат кўрсатиш тизими тўла Россия қарамлигидан чиқади.

Тожикистондаги тижорат ва нотижорат банклари дунёдаги илғор ва нуфузли банкларда ўз ҳисобига эга.

Яъни тожикстонликларга тегишли бўлган маблағлар албатта ўша давлатлардаги процессинг марказлар тасдиғидан ўтиши лозим.

Кўп ҳолларда банкоматларда нақд пул йўқлиги, мижозлар ҳисоб рақамига пулларнинг ўз вақтида ўтказилмаётгани каби муаммолар борки, кўпинча бу техник муаммо экани билан изоҳланади.

Маҳаллий мутахассисларнинг айтишларича, ана шундай техник тўсиқлар туфайли пластик карточкалар тизими тожикистонликларга кўплаб қийинчиликлар туғдираётир.

Миллий банк масъуллари банкоматларда хизмат кўрсатиш миллий маркази фаолият бошлаши билан бу муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишини айтмоқдалар.

Ундан ташқари, банкомат хизмат кўрсатиш системасининг миллийлаштирилиши, банк хизматчиларига кўра, мамлакат иқтисодиётига ҳам анча фойда келтиради.

- Оборотда нақд пул камаяди, мамлакат учун бунинг жуда катта фойдаси бор. Шу марказ бошқа чет мамлакатга уланса, масалан, Ўзбекистонга борасизми ёки бошқа мамлакатгами - уларнинг банкоматидан пул олмоқчи бўлсангиз, бизнинг валюта уларнинг пулига автоматик тарзда конвертация қилинади. Бу жуда қулай ва яхши система, - дейди Хўжанддаги банклардан бирида ишловчи Ҳакимжон.

Миллий банк масъулларининг маълум қилишича, банкомат хизмати масаласида Тожикистоннинг Россия банкларига қарамлигининг асосий сабаби мамлакат ичкарисида мутахассисларнинг йўқлигидадир.

Айни пайтда миллий процессинг маркази лойиҳасини ишга тушириш ва мамлакат ичкарисида банклараро амалиётни йўлга қўйиш мақсадида банк ходимлари уч босқичли курсларда тайёрланмоқда экан.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Тожикистонда 290 та банкомат мижозларга хизмат кўрсатади.
XS
SM
MD
LG