Линклар

Туркманистон президенти ўтган ҳафтада ўтказилган ҳукумат мажлисида оммавий ахборот воситалари ишидан қониқмаганини билдирган.

Бу ҳақда хабар қилган Turkmenistan.ru сайтининг ёзишича, Қурбанғули Бердимуҳаммедов бу борада бош вазир Майса Язмуҳаммедовага ҳам дашном бериб, уни танқид қилган.

Туркманистон президенти мамлакат матбуотида “ёзаётган мақоласи ҳақида жуда юзаки тасаввурга эга бўлган муаллифларнинг салоҳиятсизлиги ва нопрофессионаллиги кўриниб қолаётгани”ни қайд этган.

Қурбанғули Бердимуҳаммедов бош вазир ўринбосарига “оммавий ахборот воситалари ишини янада мукаммалроқ ташкиллаштириш”, газета ва журналларнинг муҳаррирларига эса “мақолалар сифатини янада амалийроқ назорат қилиш”ни топширган.

Туркманистон ҳудудида мустақил нашрлар мутлақо йўқ бўлиб, барча нашрлар давлатга тегишлидир.

Ҳукумат мажлисида Матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини қўриқлаш бўйича қўмита иши қаттиқ танқид қилиниб, унинг раиси Язмухаммет Язлиевга “ишда йўл қўйилган камчиликлар учун” хайфсан берилган.

Аснода Туркманистон президентининг бу аёвсиз танқиди Ободондаги портлашга оид тафсилотлар оммавий ахборот воситаларига сизиб чиқиб кетгани билан боғланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 7 июл оқшомида Туркманистоннинг Ободон шаҳридаги ҳарбий омборда портлаш рўй берганидан сўнг бу ҳақда турли нашрлар хабарлар чиқиб кетганди. Шундан кейин бу портлашлар оқибатида 13 фуқаро ва уч ҳарбий нобуд бўлганини тан олишга мажбур бўлгандилар.

Айни пайтда Туркманистон хорижидаги нашрлар норасмий манбаларга таянган ҳолда Ободондаги портлашда 200 га яқин киши ҳалок бўлгани, яна 200 га яқин киши тан жароҳати олганини ва уларнинг қирққа яқини ёш болалар бўлганини ёзгандилар.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижий матбуотда берилаётган Ободонда кўплаб одамлар ҳалок бўлгани ва биноларга жиддий шикаст етганига оид хабарлар ҳақиқатни экс эттирмайди, дея баёнот берган.

Портлашлардан бир неча кун ўтгач, бу ҳақда биринчи бўлиб хабар тарқатган “Хроника Туркменистана” сайти хакерлар ҳужумига учраган. “Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотига тегишли бу сайт, “Независимая газета”нинг ёзишича, Туркманистон махсус хизматлари томонидан ишдан чиқарилган.
XS
SM
MD
LG