Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:51

Самарқандда хитойлик тадбиркор ўлдирилгани айтилмоқда


Жиноятчилар хитойлик тадбиркорларнинг сейфини бузиб, пул қидиргани айтилмоқда.
Жиноятчилар хитойлик тадбиркорларнинг сейфини бузиб, пул қидиргани айтилмоқда.

19 июл куни Самарқандда хитойлик тадбиркорларга уюштирилган ҳужум оқибатида улардан бири ўлган, яна бири шифохонага ётқизилган.


Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали навбатчиси Озодликка 19 июл куни ярим тунда Шов Хуан Мин ва Хуан Том Туюн исмли икки хорижлик фуқаро шифохонага келтирилганини маълум қилди.

- 19 июл куни Шов Хуан Мин, Хуан Том Туюн исмли иккита киши бизга мурожаат қилган. Биттасига бош мия ташҳиси қўйилган, иккинчисини травматолог кўрган. Лекин улар ўша куннинг ўзида кетишган. Бизни шифохонага ётқизилмаган. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилган,- деди Тез тиббий илмий марказининг навбатчиси.

20 июлга ўтар кечаси Самарқанд марказидаги “Мирсаид Барака” кўчасида хорижлик тадбиркорларга ҳужум қилинганини Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими тасдиқлади.

Uzmetronom.com сайти Самарқандда жанубий-кореяликлар ҳужумга учрагани, улардан бири олган кўплаб тан жароҳатлари оқибатида 24 июл куни Самарқанддаги шифохонада оламдан ўтганини хабар қилди. Қуролли ҳужум нишони бўлган иккинчи тадбиркор, айтилишича, Самарқанд касалхонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Сайтнинг ёзишича, Ўзбекистонда бир неча йилдан бери ишлаб келаëтган кореялик иккала тадбиркор 20 июлга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум қурбони бўлган.

Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлими ходимига кўра, ҳужумга учраган тадбиркорлар жанубий-кореялик эмас, балки хитойликлардир.

Бу ходиса бўйича жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дея маълум қилди ички ишлар ходими.

- Воқеа Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлимининг олтинчи бўлимига қарашли ҳудудда “Мирсаид Барака” кўчасида содир бўлган. Шунинг учун дастлаб олтинчи бўлим ходимлари бу иш бўйича шуғулланди. Ҳозирда иш Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўзида ўрганилмоқда,- деди Самарқанд ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими.

У хорижликларга қурол билан ҳужум қилингани ҳақидаги хабарни инкор қилди. Унга кўра, хитойлик тадбиркорлар калтакланган холос.

Тадбиркорлардан бири ўлгани ҳақидаги саволимизга Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлими ходими айни ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани боис, воқеага оид қўшимча маълумотлар бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Шунингдек, Озодлик хорижлик тадбиркорларнинг иккинчиси Самарқанднинг қайси касалхонасида даволанаётганини аниқлашга муваффақ бўлмади.

Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси консуллик бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда, элчихона Самарқандда хитойлик тадбиркорлар калтаклангани борасида маълумотга эга эмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG