Линклар

logo-print

Норвегия хунрезлиги уюштирувчиси ўзини айбли деб тан олмади


Осло маҳкамасига келтирилган Адерс Беринг Брейвик чеҳрасини маҳакама охирига қадар ҳам мағрурона ифода тарк этмагани кузатилди.

Осло маҳкамасига келтирилган Адерс Беринг Брейвик чеҳрасини маҳакама охирига қадар ҳам мағрурона ифода тарк этмагани кузатилди.

Маҳкамада А. Брейвик террор ҳаракатини содир этганини тан олди, аммо ўзини айбдор, деб билмаслигини айтди.


Қилмишидан пушаймон эмас


Осло судида жума кунги иккита террор ҳужумини амалга оширган Андерс Беринг Брейвик устидан илк маҳкама мажлиси бўлиб ўтди.

Судя Ким Ҳегер ҳакамлигида ўтган 35 дақиқалик маҳкама якунида Брейвикни дастлабки чора ўлароқ 8 ҳафта ҳибсда сақлаш қарори қабул қилинди.

- Айбланувчи полиция билан суҳбатлар чоғида ва бугунги маҳкамада ҳукумат биноси ёнидаги портлаш ва Утоя оролидаги отишмани содир қилганини тан олган бўлса-да, ўзини айбдор, деб билмаслигини айтди,- деди Осло суди судяси.

8 ҳафталик ҳибснинг 4 ҳафтаси давомида Брейвик изоляцияда сақланади.

Аксил-исломий қарашларга эга экстремист гуруҳлар аъзоси бўлган 32 ёшли Брейвик 76 кишини ўлдирганини тан олган, аммо бунинг учун ўзини айбдор, деб билмаслигини айтган эди.

Андерс Брейвик расман Ишчилар партиясининг ёшлар лагерида асосий қисмини ўсмирлар ташкил қиладиган 68 кишилик гуруҳни отганлик ва Осло марказидаги ҳукумат биноси ёнида портлашни содир этиб, яна 8 кишининг ҳаётига зомин бўлганликда айбланмоқда.

Адвокат Гейр Липпестадга кўра, Брейвик бу қилмишларини адолатли, деб ҳисоблайди.

- У бу ҳаракатларнинг ваҳшиёна эканини тан олади, аммо у бундай ҳаракатларни зарур, деб ҳисоблашини айтди,- деган эди Гейр Липпестад.

Брейвик бу жиноятларни ёлғиз ўзи содир этгани ва унинг шериклари бўлмаганини айтган. Аммо, Норвегия полицияси унинг бошқа жанггари экстремист гуруҳларга алоқаси бор-йўқлигини текшираётганини айтмоқда.

Экстремист фермер


Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, Breivik Geofarm қишлоқ хўжалик маҳсулотлари фермаси директори бўлиб ишлаган Брейвик ўнгчи Христиан экстремист гуруҳига мансуб бўлган ва мултимаданият ҳамда Ислом ғояларига қарши бўлган.

Брейвик Европада мусулмонлар сони ортиб бораётганидан қаттиқ норози шахслардандир.

Aftenposten нашрининг ёзишича, полиция Брейвикнинг 1981-1996 йилларда Норвегия Бош вазири бўлган Ишчилар партияси етакчиси Ҳарлем Брунтландни Европада мусулмонларнинг кўпайишига олиб келувчи сиёсатни бошлаганликда айбдор, деб билишини айтган.

Полицияга кўра, Брейвик Брунтландни ўлдиришни ниятида жума куни у нутқ сўзлаши кутилган Утоя оролига борган.

Аммо, Брунтланд хоним Брейвик келгунига қадар оролни тарк этган эди.

Айни пайтда, Брейвик ҳуружни амалга оширишдан аввал ўз кўз қарашлари ифодаланган бир ярим минг саҳифалик манифестини Интернетда эълон қилгани маълум бўлди.

Брейвик ҳаётидаги воқеалар солномаси акс этган бу китобда муаллифнинг мусулмонлар ва "марксистлар"га нафрати акс этган.

Қурбонлар хотирланди


Бугун Норвегияда жума куни содир бўлган икки террор хуружи қурбонлари хотирасига сукут сақлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Норвегияликларнинг аксарияти қандай қилиб улар билан ёнма-ён яшаётган юртдоши бу қадар ваҳший жиноятни ҳеч бир ачинишсиз содир этганидан ҳайратда қолганини айтмоқдалар.

Норвегия Бош вазири Йэс Столтенберг Андерс Брейвикнинг бу қарашлари ва қилмишларини ташвишланарли, деб баҳолади.

- Бошқа давлатларга солиштирганда, биз Норвегияда ўнгчи экстремист гуруҳлар билан катта муаммоларимиз бор, демаган бўлардим. Аммо, бизда баъзи гуруҳлар бор. Биз олдиндан уларни кузатмоқдамиз ва полиция қандайдир ўнгчи экстрим гуруҳлар ёки камида шу каби гуруҳлар борлигидан хабардор эди, - деди Бош вазир.

Шунингдек, Йес Столтенберг ҳаммани даҳшатга солганига қарамай, бу зўравонлик Норвегияни очиқ жамият бўлиб қолишдан қайтаролмаслигини ҳам таъкидлади.

- Бу зўравонлик бизни даҳшатга солди. Берилган қурбонлардан қаттиқ қайғудамиз. Аммо, Норвегия ҳозир баҳамжиҳат ва бизнинг ниятимиз аниқ: бу зўравонликка қарамасдан Норвегия очиқ ва демократик жамият бўлиб қолади, - деди Норвегия Бош вазири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG