Линклар

Қозонда ушланганлар ҳайдалади


Муштлашувда қўлга олинганларнинг кўпчилиги Россиядан чиқариб юбориладиган бўлди.

Муштлашувда қўлга олинганларнинг кўпчилиги Россиядан чиқариб юбориладиган бўлди.

22 июл, жума куни Москвадаги Қозон вокзалида муштлашув пайтида қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари яқин кунларда Россиядан депортация қилинади. Воқеа гувоҳлари икки нафар маст ўзбек муҳожири ўртасида вокзалда юзага келган жанжал оммавий муштлашувга айланиб кетганини айтишмоқда.


Москванинг энг йирик вокзалларидан бири ҳисобланган Қозон вокзалида ўтган жума куни оммавий муштлашувда иштирок этган 39 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.

Муштлашув ҳақидаги хабарни Озодликка тасдиқлаган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот вакили Аркадий Башировга кўра, муштлашувда фақат муҳожирлар иштирок этган. Лекин Баширов уларнинг миллати ким эканини аниқлаштирмади.

- Биз муштлашув бўлганлигини тасдиқлаймиз. Жума куни кечқурун соат 17:30 ларда 30 яқин одам ўртасида муштлашув бўлди. Уларнинг барчаси МДҲ фуқароларидир. Миллий мансублиги ҳақида сизга ортиқча маълумот бера олмаймиз. Муштлашаётганлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан тарқатиб юборилган, уларнинг бир қисми ҳибсга олинган,- деди Аркадий Баширов.

Москва полицияси расмийси “МДҲ фуқаролари” муштлашув пайтида пичоқ ва дубинкалардан фойдалангани, лекин неча киши жароҳат олгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Полиция ҳодимларининг дастлабки тахминларига кўра, мигрантлар ўртасидаги муштлашув юк ташиш, аравакашлик ва ҳужжат сотиш соҳаларини ўзаро қайта бўлиб олиш устида чиққан жанжал боис муштлашган. Яна бир тахмин бўйича, тўполон ўзбеклар назорат қилаётган автобекатлардаги жойлар учун бошланиб кетган.

Лекин Озодлик билан суҳбатлашган қўқонлик 22 ёшли Абдураҳмоннинг айтишича, тўполон икки кишининг ўзаро жанжали ортидан келиб чиққан.

- Биттаси ичиб олган экан, кайфида уриб ташлабди. Хуллас, битта марғилонлик сурхандарёликни урган. Эртаси куни ўша калтак еган бола бошқа болларни йиғиб келиб улар билан уруш бошлаган-да. Шундай қилиб уруш-тўполон бошланиб кетди.

Абдураҳмоннинг айтишича, жанжални чиқарган йигитлар Қозон вокзалида турли ишлар билан шуғулланиб келган.

- Улар вокзалда документ-покумент билан шуғулланиб юради. Ҳеч ким лекин ўлгани йўқ, лат-пат еган бўлса керак. Мана 30-40 бола отделениеда ўтирибди-да. Битта жиннини орқасидан шунча одам ўтирибди-да,- дейди Москванинг Қозон вокзалида таксичилик қилиб юрган қўқонлик Абдураҳмон.

Life News сайтидаги видеороликда Уч вокзал майдонидаги оммавий жанжалда иштирок этаётганларнинг бақириқ-чақириғидан улар ўзбек эканлигини англаш мумкин.

Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлаган Россия Федерал миграция хизмати расмий вакили Залина Корниловага кўра, қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларининг барчаси депортация қилинади.

- Муштлашганлар Ўзбекистон фуқаролари эди. Уларнинг 30 нафари Ўзбекистон фуқароси, яна 9 нафари асли ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароларидир. Муштлашган Ўзбекистон фуқароларини депортация қилишга хужжатлар тайёр, яъни улар ҳужжатлари бор-йўқлигидан қатъий назар мамлакатимиздан бадарға қилинади. Россия жуда меҳмондўст, лекин жамоатчилик тинчлигига хавф туғдираётганларга бизнинг жавобимиз қатъий. Улар келгуси ўн кун ичида депортация қилинади,- дейди Залина Корнилова.

Корнилованинг айтишича, ҳибсга олинганлар ҳозирда хорижлик фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказида сақланмоқда.

Москвани Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган энг катта вокзаллардан бири – Қозон вокзали нафақат маҳаллий полициянинг бош оғриғига айланган.

Бу ердан куну-тун ўтаётган минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари вокзалда жойлашиб олган безори, фирибгар, йўлтўсар ва товламачилардан анчадан буён азият чекиб келмоқда, дейди муштлашувнинг бевосита гувоҳи бўлган москвалик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

- Мен ўша куни Казанский вокзалда эдим. Барчаси фалшивий документ сотадиганлар бир-бири билан уруш қилди. Милицияга топшириш шулардан чиқади, бир-бирини мол-мулкини ўғирлаш шулардан чиқади. Қозон вокзалини биласизку ўзингиз – қозонга ўхшаб қайнаб туради жиноятчилардан... Россия ҳукумати буни жуда яхши билади. Лекин улар қулай вазиятда бизнинг халқимизни қоралашга ишлатади. Оддий меҳнат мигрантлари Қозон вокзалига етиб борганича бир нечта милиция ходимига - хужжатлари жойида бўлса ҳам - пул бериши керак. Менга шу юзасидан меҳнат муҳожирларини қилган шикоятини текширишга борганимда милиция ходимлари менга туҳмат қилиб “Милиция ходимларини ҳақорат қилди”, деб ҳатто жиноий иш қўзғатган. Ўзбекистондан йиғилган жиноятчиларнинг ҳаммаси Қозон вокзалида юради! – дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Қозон вокзалида минглаб ўзбекистонликларнинг асосий қисми қалбаки хужжат тайёрлаш ва ўғирлик билан кун кечиради.

- Қалбаки регистрациялар, умуман ҳужжатлар, ҳатто қалбаки паспортлар сотилади. Одамларни алдаб пулларини олиш, фирибгарлик билан шуғулланади. Ҳатто шундай ҳолат бўлган: вокзалда эътибор бериб қарасангиз, Тошкентга кетаётган ёки келаётган поездлардан тушаётганлар филтр орқали ўтади, ҳаммага пора бериб чиқади. Ўша ерда ўтирган ўзбеклар йўлларини тўсиб олиб ҳаммани текшириш баҳонасида пул ундиришади. Ёш, бақувват йигитлар! Улар бирор бошқа жойда оғир иш билан шуғулланмайди. Буларнинг ҳатти-ҳаракати бизнинг халқимизга қарши бир иғвога ўхшайди! – дейди Россиядаги Марказий Осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси 2011 йилнинг биринчи яримига оид эълон қилган ҳисоботида муҳожирлар томонидан содир этилаётган оғир жиноятлар сони ошиб бораётганига эътибор қаратилган.

Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, 2010 йилда Россияга 5 миллионга яқин меҳнат муҳожири келган. Улардан 1,2 миллиони – Узбекистондан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG