Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:22

Болаларга биометрик паспорт 5 йил муддатга бериладиган бўлди


2011 йилнинг июл ойида ҳам янги паспорт олаëтган Ўзбекистон фуқароларига эски тартибдаги паспортлар берилмоқда.
2011 йилнинг июл ойида ҳам янги паспорт олаëтган Ўзбекистон фуқароларига эски тартибдаги паспортлар берилмоқда.

Тошкент биометрик паспорт бериш жараëнига оид яна бир ҳужжат қабул қилди, аммо ҳозирча биометрик паспортнинг ўзидан дарак йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати фуқаролиги йўқ шахслар ва 16 ëшга тўлмаганларга саëҳат ҳужжатлари ва биометрик паспорт бериш қоидалари тўғрисидаги Низомни маъқуллади.

Uzdaily.uz расмий интернет нашрида эълон қилинган янги Низомга кўра¸ 16 ëшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар хорижга чиқмоқчи бўлса¸ уларнинг ота-оналари¸ васийлари ҳамда уларни хорижга юбориш ваколатидаги ташкилот ва муассасалар доимий прописка манзили бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат қиладилар.

Ҳужжатга кўра¸ Ўзбекистон фуқароларидан кириш визаси сўралмайдиган МДҲ давлатларига сафар қилиш учун чиқиш визаси ҳам талаб қилинмайди.

Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасаларида доимий ëхуд вақтинчалик консуллик ҳисобидан ўтган фуқаролар ëки фуқаролиги йўқ шахслар янги биометрик паспорт олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизматига мурожаат қилишлари мумкин. Вояга етмаганлар ҳужжатларини расмийлаштириш учун яна улар номидан ота-оналари¸ васийлари ëхуд улар мансуб ташкилот мурожаат қилиши лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вояга етмаганлар учун паспорт ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг саëҳат ҳужжатлари бу ҳақдаги ариза Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персонификация марказига юборилганидан сўнг 10 иш куни ичида¸ хорижда эса¸ 15 иш куни ичида берилиши лозим.

Бундай паспорт ëки саëҳат ҳужжати йўқотилган тақдирда бу ҳақдаги ариза тегишли идораларга юборилганидан бир ой ичида янгиси берилади.
16 ëшга тўлмаганлар учун ҳозирланадиган биометрик паспорт ва саëҳат ҳужжатлари бир ëшгача бўлган болалар учун икки йил муддатга¸ бир ëшга тўлганлар учун беш йил муддатга берилади¸ дейилади янги Низомда.

Агар вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросининг ëши хорижга чиқиш арафасида 15 дан каттароқ бўлса¸ бундай ҳолларда истисно тарзида паспортнинг амал қилиш муддати 10 йилгача белгиланиши мумкин.

Жорий йилнинг 5 январ куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб аталган фармонга имзо чеккан эди. Президент 2009 йилнинг 23 июн куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ – 4117-сонли фармонга қўшимча сифатида қабул қилинган бу ҳужжатда мамлакатда шахс ҳақида биометрик маълумотларга эга паспорт тизими жорий қилишга фармойиш берилган эди.

2011 йилнинг 5 январ кунги президент фармони биометрик паспорт тизимига ўтиш жараëни бошлангани ифодасидир¸ деган эди 6 январ куни Озодлик боғланган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш¸кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мутасаддиси:

- Бундан буëн фуқароларга биометрик паспортлар беришни бошлаймиз¸ зотан президент фармони эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган ҳисобланади. Эндиликда Ўзбекистондан хорижга янги паспорт олиб чиқадиганлар қўлида¸ албатта¸ биометрик паспорт бўлиши лозим¸ акс ҳолда хориж аэропортлари эски паспортларни қабул қилмай қўяди. Президент фармони эълон қилинган кундан бошлаб мамлакатда янги биометрик паспортга ўтиш жараëни бошланди дейиш мумкин¸ деган эди Ички ишлар вазирлигининг номи келтирилишини истамаган мутасаддиси.

Аммо президент фармонидан етти ой муддат ўтиб ҳам¸ унда белгиланган тартибда биометрик паспорт олишга ҳақли фуқароларга ҳамон эски тартибдаги паспортлар берилмоқда.

Дастлабки режага кўра¸ 2010 йилнинг 1 январидан бошланиши белгиланиб¸ сўнгра бир йилга кечиктирилган биометрик паспорт бериш жараëнининг яна кечикаëтгани ҳақида Ўзбекистон расмийлари ҳозирга қадар жамоатчиликка бирор изоҳ бермадилар.

Норасмий манбалар эса¸ Ўзбекистонда биометрик паспорт жорий қилиш учун давлат маблағининг йўқлиги¸ бу жараëн учун зарур техник ҳозирликнинг йўлга қўйилмаганини кечикиш сабаблари сифатида тахмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG