Линклар

Деҳлида яна олти ўзбекистонлик аëл ҳибсга олинди


Деҳли полициячилари кейинги пайтда яширин исловатхоналарга қарши ҳужумни кучайтирган.

Деҳли полициячилари кейинги пайтда яширин исловатхоналарга қарши ҳужумни кучайтирган.

Бир ҳафта ичида Ҳиндистон пойтахтининг ҳашаматли районларида фаолият юрғизган икки ўзбек исловатхонаси фош этилди.

Ҳиндистон пойтахти Деҳлининг Greater Kailash-II районида якшанба куни амалга оширилган рейд оқибатида яна олти ўзбекистонлик аëл фоҳишаликда айбланиб ҳибсга олинди¸ деб хабар берди маҳаллий нашрлар.

Бу хабардан бир ҳафта олдин Деҳлининг асосан бойлар яшовчи South Extension I районида ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистондан келиб фоҳишалик билан шуғулланаëтган беш қиз ва уларга қўшмачилик қилиб келган ўзбек аëл ҳибсга олинган эди.

“Ишончли манбадан олган хабар изидан бориб¸ биз Ўзбекистондан келган олти аëлни қўлга олдик. 23-28 ëш орасидаги бу қизлар Ҳиндистонга сайëҳлик визаси билан келиб¸ бу ерда ҳар бир мижоздан 20 000-30 000 рупий(451-790 АҚШ доллари) олиш эвазига жинсий хизмат кўрсатган. Ҳафта охирида улар Гоа ëки Кералага учиб¸ бир кечаси учун мижозлардан 68 000 дан 84 000 рупийгача ҳақ олганлар. Бу қизларга ҳозирда Ҳиндистон қонунларга кўра айблов қўйилмоқда”¸ деб хабар берди Деҳли полицияси офицери Ашок Чанд.

- Ўз мижозларини асосан ижтимоий тармоқ ëхуд телефон орқали топиб келган ўзбекистонлик қизлар бундан аввал Дубайда фоҳишалик қилганлар¸ аммо Ҳиндистонда кўпроқ пул ишлаш имкони топилгач¸ бу ерга келганлар¸ дейди ўзбекистонлик қизларни сўроқ қилаëтган полиция терговчиси Жой Тиркей.

“Орасида балет раққосаси ҳам бўлган ўзбекистонлик қизлар¸ Ҳиндистонда ўз танасини сотиб топган пулини уйига юбориб турган. Улар юборган пул¸ Ўзбекистонда қолган оилаларининг кичик ҳашаматларига ва қўрқинчли қишдан омон чиқишига сарфланган. Уларнинг аксарияти жуда камбағал бўлганидан¸ пардоз-андоз анжомларини илк бор Ҳиндистонда сотиб олганларини айтадилар. Ҳиндистон эркакларининг оқ-сариқдан келган аëлларга ўчлиги ўзбекистонлик қизларнинг бу ерда яхшигина даромад қилишига қўл келган. Бу қизлардан айримлари ҳатто қўрқувни ҳам йиғиштириб қўйиб¸ ўз мижозлари билан қўшмачилар ëрдамисиз бевосита ўзлари алоқа ўрнатишга ўтиб олган¸ дейди The Times of India газетасига мазкур тергов жараëнига яқин манба.

Маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ кейинги икки ҳафта ичида Деҳли полицияси пойтахтда фаолият юрғизаëтган исловатхоналар тармоғига қарши ҳужумни кучайтирган - фош этилган икки яширин гуруҳнинг асосан ўзбекистонлик қизлар ва қўшмачилардан иборат экани аниқланган.

“Уч йил аввал Ўзбекистондан келиб¸ бу ерда ҳинд миллатига мансуб эркакка турмушга чиққан ўзбек аëл бу қизларга қўшмачилик қилиб келган. Бу аëл сайëҳлик визаси билан мунтазам суратда Ўзбекистондан қизларни фоҳишалик учун олиб келган. Барча ҳужжатларни расмийлаштириш ва йўл пулини ўзи тўлаган бу аëл ҳар бир қиз учун камида бир кечасига 30-35 000 рупий ҳақ ундирган. Бу аëлга нисбатан ҳозирда жиноий иш қўзғатилди”¸ дейди ўзбекистонлик фоҳишалар гуруҳини фош қилган офицер Ашок Чанд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG