Линклар

Тожикистонлик бангфурушлар Россияга героин ташишда поездлардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Куни кеча ўзбек чегарачилари томонидан Кўлоб-Москва йўналишидаги поезднинг тожикистонлик йўловчисидан 1,2 килограмм героин мусодара қилиниб, ҳозирда бу ҳолат бўйича тергов ўтказилаётганини қайд этган агентлик манбаси сўнгги пайтларда Тожикистондан келаётган поездлардан беш марта банг моддалари топилганини таъкидлаган.

19 июл куни ўзбек чегарачилари 329-сонли Кўлоб-Москва поездидан 6 кг героин топилгани ҳақида маълумот тарқатгандилар. Аввалроқ мазкур йўловчи ташувчи поезд ва Тожикистонга қарашли 3601-сонли юк поезди цистернасидан умумий миқдорда 18 кг героин топилгани ҳақида хабар қилинганди.

Аснода Ўзбекистон-Тожикистон темир йўл баҳсида Душанбе ҳам Тошкентга ўз эътирозларини билдиришда давом этмоқда.

Тожик темирйўлчиларининг Ўзбекистон Тожикистонга қарашли юк вагонларини тўхтатиб қолаётгани тўғрисида аввалги йилларда билдириб келган эътирозлари шу йил 20 апрелида Ўзбекистон қўшни мамлакатга ўтказилажак транзит юклар учун ҳақни оширганидан кейин янада кучайганди.

Тарифлар ошиши ортидан Тожикистон миллионлаб доллар зарар кўришини таъкидлаган темирйўлчилар мамлакат маркази ва жанубини боғловчи ички темир йўл қурилиши учун 2011 йилда 170 миллион АҚШ доллари ажратилганини қайд этмоқдалар.

“Тожикистон темир йўллари” бош директори Амонулло Ҳукумовга кўра, бу маблағдан 129 миллион доллари пойтахт Душанбе билан Хатлон вилояти маркази бўлган Қўрғонтепа шаҳрини боғлайдиган темир йўл қурилиши учун сарфланиши мўлжалланган.

- Кейинги йилда мазкур линия фойдаланишга топширилади, бу эса республика маркази билан жануби ўртасида юк ташилишини осонлаштиради, - деди Амонулло Ҳукумов.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Хатлон вилоятига темир йўл орқали юк ташишда тожикистонликлар Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланиб келардилар. Юк транзити учун ҳақ ошганидан кейин, маълумотларга кўра, Хатлон вилоятига юк ташишда автотранспортдан фойдаланиш кўпайган.
XS
SM
MD
LG