Линклар

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тожикистондаги алюминий заводини минтақа атроф-муҳити ва аҳоли саломатлигига еткизиб келаëтган зарари учун товон пули ундириш мақсадида халқаро судга ариза ҳозирламоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Экологик ҳаракати масъули Саидрасул Сангинов маълум қилди.

- Халқаро талабларга кўра, ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар саломатлигига бирдай зиён етказаётган ТАЛКО алюминий заводи товон тўлаши лозим, - дейди Экоҳаракат масъули Сангинов жаноблари.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати сайтида нашр қилинган сўнгги мақолада ёзилишича, Тожикистоннинг ТАЛКО алюминий заводи атмосферага 22 минг тоннадан ортиқ зарарли модда чиқармоқда. Шундан 120 тоннаси инсон саломатлиги ва табиат кушандаси саналган фторли водород экани айтилган.

Мухбирингиз билан суҳбатда ўзбек экологи Сангинов бу борада далиллар етарли эканини айтди.

- Ундан олдинги йили жойларда вазиятни кўриб, ўрганиб чиққанмиз. Ундан ташқари, илмий изланишлар бўлган. Медицина ходимлари, экологлар томонидан изланишлар бўлган. Ҳар битта рақамини текшириб, маълумотларни солиштириб, ўша мақолада берганмиз, - дейди Ўзбекистон Экологлар ҳаракати масъули Саидрасул Сангинов.

Суҳбатдошимизга кўра, заҳарли чиқиндиларнинг атроф-муҳитга ёйилишидан энг кўп 600 минг аҳоли яшаëтган Сурхондарë вилоятининг туманлари зиëн кўраётир.

Аснода Тожикистон алюминий ширкати давлат унитар корхонаси ахборот таҳлилий департаменти раҳбари Игор Саттаров ўзбек экологлари ТАЛКОни халқаро судга бериш ваколатига эга эмаслигини қайд этади.

- Бирор-бир хорижий ташкилотни судга беришдан аввал жуда жиддий ва асосли далиллар лозимлигини халқаро тажриба кўрсатган. Демак, Ўзбекистон Экологлар ҳаракати шундай қарорга келибдими, бунинг учун энг аввало улар бизнинг ҳар икки давлат ҳудудида атроф-муҳитни биргаликда текширувдан ўтказишга оид таклифимизни қабул қилиши керак. Яъни ТАЛКОнинг гўё Ўзбекистон атроф-муҳитига етказаётган зиёни биргаликда текширилиши лозим, - дейди Игор Саттаров.

ТАЛКО вакилига кўра, Тожикистон томони ўзбекистонликларни ҳар икки давлат ҳудудида атроф-муҳитни биргаликда текширувдан ўтказишга бир неча марта чорлаган, аммо қўшни мамлакат вакиллари бу каби чақириқларни эътиборсиз қолдирган.

Игор Саттаров фикрича, ТАЛКО заводининг атроф-муҳитни чиқиндилар билан заҳарлаётганига оид ўзбек экологларининг иддаоси кўпроқ сиёсий хусусиятга эга.

- Бир вақтлар Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон алюминий заводи томонидан жиҳозланган лабораториялар бўларди. Лабораториянинг вазифаси ҳар куни шу завод чиқиндиларини атроф-муҳитга зиёнини ўлчашдан иборат бўлган. Лаборатория билан завод ўртасида ўрнатилган тўғридан-тўғри алоқа натижасида саноат чиқиндиларининг атроф- муҳитга қанчалик таъсир қилаётганидан вақти-вақти билан хабардор бўлиб туриш имкони бор эди. Лекин бизга номаълум сабабларга кўра Ўзбекистон ўша лабораторияни бузиб ташлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз у томоннинг даъвоси кўпроқ сиёсийлаштирилган, дея хулоса қиламиз, - деди ТАЛКО вакили Саттаров.

Бироқ Ўзбекистон Экологлар ҳаракати масъули Саидрасул Сангинов бизнинг лаборатория фаолиятига оид саволимизни очиқ қолдирди.

- Сайтимиздаги материаллардан кўрсангиз бўлади. Бу ерда янги гапни гапиришга ҳожат йўқ. Ҳамма данний ўша ерда берилган, - дея жавобни қисқа қилди Сангинов.

Айни пайтда оддий ўзбекистонликлар ҳам Тожикистоннинг алюминий заводидан кўрилаётган экологик зарарлардан шикоят қилади.

ТАЛКОнинг инсон саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига зиён етказаётганидан норози бўлган аҳоли Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги бир неча туманида митинглар ўтказганди.

Ўзбек расмийлари Тожикистон ҳукумат масъулларини халқаро меъёрларга зид иш кўраётганликда айблаб келади.

Тожикистон томони эса алюминий заводининг атроф-муҳитга зарарини камайтириш учун корхонада мунтазам равишда техник модернизация ишлари олиб борилаётганини ва бунинг учун миллионлаб доллар маблағ ажратилаётганини қайд этишдан чарчамайди.

Мустақил таҳлилчи Алихон Латифий фикрича, интернет орқали ёйинланаётган томонлар баҳсидан ҳеч қандай яхши натижа чиқмаслиги мумкин.

- Менимча, ТАЛКОнинг ҳам тожикистонликлар, ҳам ўзбекистонликлар саломатлигига етказаётган зарари бетараф халқаро экспертлар томонидан текширилиши лозим. Ўша халқаро экспертлар хулосасидан кейин асосли далиллар билан халқаро судга мурожаат қилиш тўғрироқ бўлади. Ҳозир иккала томон ҳам текширилмаган ва ўзича тўғри деб ўйлаган маълумотлар билан интернет орқали бир-бирига қора чаплашидан бирор натижа чиқмайди, деб ўйлайман, - дейди мустақил таҳлилчи Алихон Латифий.

ТАЛКОнинг Ўзбекистон учун туғдираётган хавфи борасида аввалроқ БМТнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш дастури масъули Кристоф Бувье ҳам сўзлаганди.

- Тожикистонда Россия капитали иштирокида қурилган алюминий заводи минтақадаги энг қашшоқ мамлакатлардан бирининг иқтисодий ўсишига ва одамларнинг иш билан таъминланишига имкон яратаяпти, бироқ айни пайтда Амударё қуйисида жойлашган ҳудудлар, айниқса Ўзбекистон учун жиддий муаммолар пайдо қилмоқда, - деган эди 11 июл куни Женевада сўзлаган Кристоф Бувье.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG