Линклар

Андерс Брейвик: "Путин ҳурматга сазовор"


Аксил-ислом қарашларга эга 32 яшар ультра-миллатчи Андерс Беринг Брейвик 76 кишини ўлдирганликда айбланмоқда.

Аксил-ислом қарашларга эга 32 яшар ультра-миллатчи Андерс Беринг Брейвик 76 кишини ўлдирганликда айбланмоқда.


“Норвегиялик террорчининг” идеали Владимир Путин

“Путин ҳурматга сазовор адолатли ва қатъий етакчига ўхшайди”. Бу Иккинчи Жаҳон урушидан буён Норвегияга энг талафотли хуружни уюштирганликда айбланиб ҳибсга олинган 32 ёшли Андерс Беринг Брейвик ўз ғоявий манифестида билдирган фикрлардир.

22 июл куни террорчилик ҳужумлари содир этилишидан бир неча соат аввал Андерс Брейвик Интернетга қўйилган “2083 йил - Европа мустақиллиги декларацияси” деб номланган 1516 саҳифали ёзувларда ўз қарашларини ифода этган. Брейвик Европада мусулмонлар сони ортиб бораётганидан қаттиқ норози экани ва мултимаданият ҳамда Ислом ғояларига қарши бўлганини маълум қилган.

У, шунингдек Кремл-параст “Наши” ёшлар ҳаракати каби тузилмаларни Норвегияда ҳам ташкиллаштириш керак, деган ғояни ҳам илгари сурган.

Россия Бош вазирининг матбуот котиби Дмитрий Песков бу хусусда изоҳ берар экан Андерс Брейвикни “ақлдан озган одам”, унинг манифестини эса “ақлдан озган одамнинг алаҳсираши”, дея таърифлади.

Брейвик ўзини айбли деб ҳисобламайди

25 июл кунги Осло судида Андерс Беринг Брейвик устидан илк маҳкама мажлиси бўлиб ўтди. 32 ёшли Брейвик 76 кишини ўлдирганини тан олган, аммо бунинг учун ўзини айбли, деб билмаслигини айтган.
76 одам ҳаëтига зомин бўлган Брейвик икки портлашни уюштиришда ўзи мансуб миллатчи радикал ташкилотнинг икки бўлими билан биргаликда ишлаганини даъво қилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг март ойиида Норвегия махфий хизматлари Брейвикни хавфли шахслар рўйхатига киритган, чунки у Интернет орқали катта миқдорда кимёвий моддаларга буюртма берган. Аммо Норвегия полициячилари етарли асослари бўлмаганлиги сабабли Брейвикни ҳибсга олмаганларини айтмоқда.

Журналистлар Андерс Брейвикнинг Франциядаги қишлоқлардан бирида яшаётган отаси - истеъфодаги дипломат Йенс Брейвикни топишди. Ослодаги террор хуружлари ҳақида Интернетдан эшитганини айтган Йенс Брейвик ўғлини охирги маротаба 15 йил муқаддам кўргани маълум қилди. “Андерс шунча бегуноҳ одамларни ўлдирганидан кейин ўзини-ўзи отиб ўлдириши керак эди”, дея илова қилди у.

Ослода вазият қандай?

Норвегия полицияси Ослодаги портлашда 7 киши, Ўтойя оролидаги қирғинда 69 киши нобуд бўлганини расман тасдиқлади.



Норвегия пойтахтида вазият қандай? Бу ҳақда Норвегияда яшовчи ўзбекистонликлар гапиради.

Биринчи суҳбатдошимиз - Ўзбекистон-Норвегия маданий маркази фаоли Алишер Обидов.

- Мана бу воқеалардан кейин ҳеч кимнинг кайфияти яхши эмас, албатта. Биринчи куни портлаш бўлганидан кейин ҳамма ўйлади – буни ёки эмигрантлар ёки ислом террористлари қилган, деди. Ҳозир ҳаммага ойдинки, буни Норвегиядаги миллатчилар қилган.

Озодлик: Сиз қаерда эдингиз портлаш бўлган куни?

- Мен шаҳарнинг марказида эдим, офисда ишлайман ўзи. Бирданига ҳамма ёғдан қўнғироқлар бўла бошлади. Телефоним тутаб кетди. Ишхонадаги хўжайинимиз ҳам “Таниш-билишларга айтинглар, марказда юрмасин, билиб бўлмайди ким қилганини”, деди. Ўша куни ишхонани ёпиб секин-секин центрга кирмасдан уйга жўнаб қолдик. Кейин бориб кўрдим: ҳақиқатан жуда катта портлаш бўлган. Яхшиям Норвегияда каникул сезони бошланган. 60-70 фоиз одам дам олгани кетган. Шунинг учун кам одам ўлган портлашдан кейин,- дейди Ослода истиқомат қилаётган Алишер Обидов.

Алишернинг сўзларига кўра, Норвегияда охирги йилларда Брейвик каби миллатчиларнинг кўпайишига мигрантлар томонидан содир этилган қатор қотилликлар сабаб бўлган.

Норвегияда муҳожиратда яшаётган асли ўзбекистонлик мустақил журналист Евгений Дьяконов портлаш рўй берганидан бир неча соат ўтиб Осло марказидаги вазиятни видеотасвирга олганлардан биридир.



“Исломий террорчилик ва фундаментализмига қарши кураш” билан овора бўлиб қолган Норвегия хавфсизлик хизматлари мамлакатда “ўнг миллатчилар экстремизми” қад кўтарганини сезмай қолди, дейди журналист.

- Улар “Исломий терроризм”га эътиборни кучайтирган. Махфий хизматлар тасаввурида террорчилик саллали, соқолли араб кўринишида гавдаланган. Терроризм эса улар мутлақо кутмаган томондан чиқди. Улар Норвегиядаги нацистлар тармоғи 50-60 кишидан иборат, деб ҳисобот бериб келган. Лекин, айтиб ўтиш керакки, Норвегияда шу кунларда муҳожирларга муносабат мутлақо ўзгаргани сезилмаяпти. Норвегияликлар бу воқеалардан жуда катта шок ҳолатида, лекин улар кечаги оммавий юришлари билан ўз жипслигини ҳам намойиш қилди,- дейди мустақил журналист Евгений Дьяконов.

25 июл куни кечки пайт террорчилик оқибатида нобуд бўлганларни хотирлаб 150 минг одам Норвегия пойтахти кўчаларига чиқди. Охирги маротаба Ослода бунча одам 1945 йилда – Иккинчи Жаҳон уруши якунланишини нишонлаб чиққан экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG