Линклар

Ўзбек муҳожири АҚШ президентига таҳдид қилганликда айбланмоқда


Улуғбек Қодиров.

Улуғбек Қодиров.


26 июл куни маслаҳатчилар иштирокидаги АҚШ федерал маҳкамаси ўзбекистонлик Улуғбек Қодировга 7 бандлик расмий айблов эълон қилди.

Ўзбекистонлик 21 яшар Улуғбек Қодиров 9¸10¸11 ва 13 июл кунлари АҚШ президенти ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда¸ шунингдек ўточар қуролига эга ноқонуний муҳожирлик¸ ноқонуний равишда тўла автоматик қуролга эгалик қилиш¸ ҳамда 13 июл куни қайддан ўтмаган гранатага эга бўлишлик каби жами етти жиноятда айбланди.

АҚШ махсус хизматлари биргаликда амалга оширган махфий амалиëт натижасида қўлга олингани айтилаëтган Улуғбек Қодиров 2009 йилнинг июн ойида студент визаси билан Америкага келган. Маҳкамага тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ АҚШда бирор бир мактабга ўқишга жойлаша олмагач¸ 2010 йилнинг 1 апрел куни Қодировнинг студент визаси бекор қилинган.

Пелҳам шаҳридаги мотелда яшаб келган Қодиров 13 июл куни Лид шаҳридаги мотеллардан бирида АҚШ махфий хизмати жосусидан автомат сотиб олаëтган пайтида қамоққа олинган.

Ҳозирча Қодировнинг қачон¸ қаерда¸ қай шаклда АҚШ президенти Барак Обамага таҳдид қилганига оид маълумот жамоатчиликка эълон қилингани йўқ.

Агар ўзига қўйилаëтган айблар тасдиғини топса¸ ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир президент ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт банднинг ҳар бири учун 5 йилдан¸ ноқонуний қуролга эгалик бўйича қўйилаëтган учала банднинг ҳар бири учун 10 йилдан¸ жами 50 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG