Линклар

Ўзбекистонда Рамазон 1 августдан бошланади


Ўзбекистон масжидларида бу йил илк таровиҳ намози 31 июл оқшомида ўқилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон масжидларида бу йил илк таровиҳ намози 31 июл оқшомида ўқилиши кутилмоқда.

Бу ҳақдаги қарорни президент Ислом Каримов Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборотига асосланган ҳолда 26 июл куни имзолади.

“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда ўтказиш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин”, дейилади Ўзбекистон президенти имзолаган қарорнинг иккинчи бандида.

Муборак Рамазон ойини “миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда” қандай қилиб яхшироқ уюштириш ҳақида Ўзбекистондаги маҳаллий расмийлар маълум чора-тадбирларни ўйлаётгандирлар. Бироқ ўзбекистонлик кузатувчилар бу чоралар орасида ўтган йилларда бўлгани каби “миллий анъана ва урф-одатларимизга” унча мос бўлмаган чекловлар бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаяптилар.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил Рамазонида Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган, лекин Ислом дини талабларига кўра болиғ (балоғатга етган) ҳисобланмиш намозхонларнинг Жумъа ва Таровиҳ намозларини ўқишларига тўсқинлик қилиш, Жомеъ масжиди мақомига эга бўлмаган кичик ибодатхоналарда Қуръон хатм қилинишини чеклаш, Рамазонда емакхоналарни очишни истамаган мусулмон ошпазларга босим ўтказиш кабилар кузатилганди. Шунингдек, жамоат жойларида намоз ўқиётган ёки диний либос, хусусан, ҳижоб кийиб юрган диндорларни жаримага тортиш каби жорий қоидалар ҳам ўтган йил Рамазонида сусаймаган.

Рамазон ойида Ислом динининг беш арконидан бири бўлган рўза адо этилади. Бу ойда рўза фарзини бажаришга бел боғлаган мусулмон субҳдан шомгача ейиш-ичишдан, жимоъдан ва ғайришаръий ишлардан тийилиши лозим бўлади. Бу ойда диндорлар ибодатларини кўпайтирадилар, Оллоҳдан гуноҳлари кечирилишини сўрайдилар.

Рамазон рўзаси соғлом болиғ кишиларнинг барчаси учун мажбурий бўлиб, бундан ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёллар, 9 ёшга кирмаган қиз ва 12 ёшга кирмаган ўғил болалар, хасталар ва мусофирлар мустаснодирлар.

Ўзбекистондан бошқа мамлакатларда моҳи Рамазон ой кўрининишига қараб бир (баъзан эса икки) кунга фарқланиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG