Линклар

logo-print

Тожикистонда қийноқ учун жазо жорий қилинади

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик Сафарали Сангов шу йил март ойида қийноқ натижасида нобуд бўлганди.

Тожикистонлик Сафарали Сангов шу йил март ойида қийноқ натижасида нобуд бўлганди.

Тожикистон Жиноят кодексига қийноқ учун жазолашни кўзда тутган махсус банд киритилади.

Тожикистон Бош прокуратураси масъулларидан бири Маризо Халифаевнинг ишонишича, қонунга киритилаётган ўзгартишлар Тожикистон қонунларини халқаро меъёрлар талабига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

- Шу мақсадда Тожикистон Жиноят кодексидаги бир неча банд ўзгартирилиб, яна битта алоҳида банд, яъни “Қийноқ” банди қўшимча қилинди. Табиийки, бу тергов жараёнида вужудга келаётган англашилмовчиликларни бартараф қилади, - дейди Маризо Халифаев.

Тожикистон Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишлар Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг англашилмовчилик боис ҳибсга олингани ва унга нисбатан номақбул муносабат атрофида халқаро ташкилотларнинг тожик расмийлари билан баҳс-мунозаралари давом этаётган бир пайтга тўғри келди.

Шунингдек, бу мамлакат фуқароси 37 ёшли Сафарали Санговнинг тергов давомида қийноқлардан жон таслим қилгани ва маҳбус Исмоил Бачажоновнинг қамоқхона ходимлари қўлида ҳалок бўлгани ҳам бир қатор халқаро ташкилотлар асосий мавзуси бўлиб қолмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, қийноқлар билан боғлиқ сўнгги икки ҳолат инсон ҳуқуқларига оид вазият Тожикистонда ташвишланарли эканини далиллайди.

Маҳаллий таҳлилчилар халқаро меъёрларга зид бўлган қийноқлар ва инсонга нисбатан номақбул муносабат тергов идораларининг иш усулига айланиб қолганини қайд этадилар.

Гарчи Тожикистон парламенти 1995 йилда БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясини ратификация қилган бўлса-да, соҳа бўйича таҳлилчиларнинг айтишларича, шу кунгача мамлакат Жиноят кодексига ана шундай оғир жиноят учун махсус банд киритилмаган.

Тожикистонлик адвокат Бахтиёр Насруллоевнинг маълум қилишича, гумонланувчини тергов жараёнида қийноққа солганликда айбланган ҳуқуқ-тартибот идораси ходими мамлакат Жиноят кодексининг 314- ва 316-бандлар ёки “мансабини суиистеъмол қилганлик ҳамда хизмат ваколати доирасидан чиқиш” каби моддалар билан айбдор, деб топилмоқда.

- Эндиликда жазо қаттиқроқ бўлади. Бу жиноятларда қўли бўлган кишиларга аксарият ҳолларда қамоқ жазоси тайинланмай, улар енгилгина жазо билан қутулиб қолган. Тожикистон Жиноят кодексига “Қийноқ” банди киритилиши ортидан бундай шахсларга нисбатан қаттиқроқ жазо тайинланади, - дейди адвокат Насруллоев.

Бироқ тожикистонлик айрим ҳуқуқшунослар Жиноят кодексига киритилиши айтилаётган янги банднинг амалда ишлашига шубҳа билан қарамоқда.

Ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратовнинг қайд этишича, қийноқ аксарият вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва қамоқхоналарда кузатилади ҳамда унинг мавжудлиги расмийлар томонидан ҳам эътироф этилади.

- Қийноқларнинг қамоқхона, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ва ҳатто оилада, ишхоналарда мавжудлигидан кўп шикоят қилинади. Шунинг учун бўлса керак, Бош прокуратура масъуллари шундай бир модда Жиноят кодексида бўлиши лозим, деган қарорга келди. Бироқ бу банднинг амалда ишлашига шубҳалар ҳам йўқ эмас. Чунки қийноқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, терговчиларнинг иқрорлик кўрсатмаси олишида асосий воситага айланиб қолган, - дейди ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратов.

Тожикистон республикасининг амалдаги Жиноят кодекси 1997 йилда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиш билан қайта ишланган эди.

Ўшанда ҳам маҳаллий ҳуқуқшунослар Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича бир қатор ташкилот вакиллари ва соҳа бўйича таҳлилчиларнинг Жиноят кодексига “Қийноқ” банди киритилиши таклифи билан чиққан эди. Аммо “қийноқлар мавжудлигига оид иддаолар асоссиз” деб билган қонуннавислар бу таклифларни эътиборга олмаганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG