Линклар

Бишкекдаги ўйин қаттиқ назорат остида ўтади

  • Шерзод

27 июл куни Бишкекка келган ўзбек делегацияси вакиллари пайшанба куни ўтказилажак ўйинда ҳам ўз мухлисларини хурсанд қилишга ҳаракат қилажаклари айтдилар.

27 июл куни Бишкекка келган ўзбек делегацияси вакиллари пайшанба куни ўтказилажак ўйинда ҳам ўз мухлисларини хурсанд қилишга ҳаракат қилажаклари айтдилар.

Бу ҳақда Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйинини уюштириш учун масъул бўлган шахслар билдирдилар.

Футбол бўйича 2014 йилги жаҳон биринчилигининг саралаш ўйинлари доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси 28 июл куни Қирғизистон гуруҳига қарши майдонга тушади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта мураббийси Шуҳрат Мақсудовга кўра, 27 июл куни Бишкекка у бошчилигида бир неча ўзбек футболчиси келган:

- Биз бугун беш киши бўлиб келдик. Бу ўйинда иштирок этиши керак бўлган бошқа ўйинчилар эртага эрталаб чартер рейси билан учиб келишади, - деди Шуҳрат Мақсудов 27 июл куни Бишкекда ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта мураббийси қирғиз ва ўзбек футболчилари орасидаги ўйин дўстона кайфиятда ўтишига умид қилишини айтар экан, ҳар иккала жамоага эртанги ўйинда омад тилади.

Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Акбар Исматуллаев 28 июл куни ўтажак ўйинда ўзбек футболчилари ўз мухлисларини хурсанд қилишга ҳаракат қилишларини айтди:

- Мен ҳам тренерим гапларига қўшиламан ҳамда эртанги ўйиндан чиройли ва мухлисларга ёқувчи ўйин кутиб қоламан, - деди Акбар Исматуллаев.

Қирғизистон футбол федерацияси матбуот котиби Қанат Асеновга кўра, пайшанба куни бўлиб ўтадиган ўйинни 2 минг нафар милиция ходими назорат қилади.

- Ўзбек делегацияси қўриқчилар билан кузатиб борилади. Ўйин чоғида ҳеч қандай нохуш ҳодиса бўлиши кутилмаяпти, - дер экан Қанат Асенов, гарчи ўйин ҳомийси “Живое” пиво ишлаб чиқариш ширкати бўлса-да, ўйин чоғида ишқибозларнинг алкоголли ичимликлар ичишига мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

28 июл куни Бишкекда ўтажак футбол ўйини чиптаси

Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинни кўп сонли милиция ходимлари назорат қилишини Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси катта инспектори Айгул Давлетбаева ҳам тасдиқлади. Бироқ Давлетбаева келтирган рақам Қанат Асеновникидан камтарроқ - Ички ишлар бошқармаси масъули ўйин чоғида тартибни 400 нафардан сал кўпроқ милиционер назорат қилишини қайд этди.

Инспектор Давлетбаевага кўра, ўйин бошланишидан аввал Дўлўн Ўмурзақов номидаги ўйингоҳда кинологлар портловчи моддалар бор-йўқлигини текшириб чиқишади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 23 июл кун 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари Тошкентдаги Пахтакор марказий стадионида майдонга тушганди.

Ўйин натижаларига кўра, ўшанда ўзбекистонлик футболчилар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганлар.

Тўрт кун муқаддам Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган бу ўйинда голларни Александр Гейнрих, Марат Бикмаев, Сервер Жепаров ва Улуғбек Бақоевлар киритган.

Шу пайтгача Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари беш маротаба куч синашишган ва бу ўйинларнинг барчасида Ўзбекистон терма жамоасининг қўли баланд келган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон футбол миллий жамоалари ўртасидаги навбатдаги учрашув 28 июл куни Тошкент вақти билан 17.00 да Бишкекда бўлиб ўтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG