Линклар

logo-print

"Пул олишни билган, беришни ҳам билиши керак"

  • Садриддин Ашур

Ҳосилини табиий офатлардан суғурта қилган фермерлар суғурта ширкатларидан ўз ҳақларини ундира олмаяпти.

Ҳосилини табиий офатлардан суғурта қилган фермерлар суғурта ширкатларидан ўз ҳақларини ундира олмаяпти.

Ўзбекистонда тузилган суғурта шартномаларининг 65 фоизи қишлоқ ҳудудига тўғри келади. Бу ҳақдаги маълумот “SAIPRO Ахборот-рейтинг агентлиги” эълон қилган “Ўзбекистон суғурта бозорининг 2011 йил биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича обзор”да келтирилган. Бироқ қишлоқ ҳудудларида фаолият олиб бораётган фермерлар суғурта компанияларининг суғурталанувчи объект ва субъектлар олдида ўз мажбуриятларини тўла бажармаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Ўзбекистонда бугун ўттиздан ортиқ давлатга қарашли ва хусусий суғурта компаниялари амал қилади. Бу компаниялар тузган суғурта шартномаларининг асосий қисми қишлоқ ҳудудларига тўғри келади.

“SAIPRO Ахборот-рейтинг агентлиги”нинг департамент директори Дилшод Султоновнинг Озодликка айтишича, шу йилнинг биринчи ярим йилида суғурта компаниялари билан 2,9 миллионта шартнома тузилди ва бу шартномаларнинг асосий қисми қишлоқ ҳудудларига тўғри келади:

- Ўтган ярим йил давомида қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган фермерлар ва аҳоли билан суғурта шартномлари кўпроқ тузилган. Чунки аҳолининг асосий қисми қишлоқ ҳудудларида яшайди,- деди Дилшод Султонов.

Департамент директорига кўра, суғурта компаниялари шартнома тузган суғурталанувчи объект ёки субъект билан шартнома мажбуриятларини тўла-тўкис бажаришга мажбур.

Бироқ қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган фермерлар ана шу мажбурият суғурта компаниялари томонидан бажарилмаётгани ҳақида айтмоқдалар.

Фермерларга кўра, улар билан асосан “Агро Инвест Суғурта” очиқ акциядорлик жамияти ихтиёрий равишда суғурта шартномаларини тузади. Бироқ, дейди фермерлар, аксарият ҳолларда суғурта қилинган объект суғурта шартларида кўрсатилган сабабларга кўра талафот ёки зарар кўрса, суғурталанган маблағ тўланмаяпти ёки қисман тўланяпти, холос.

"Зарарни бир сўмини ҳам ололмадим"

Жиззах вилоятининг Жиззах туманидаги “Ортиқбой-Улжон” фермер хўжалиги раиси Назира Ортиқованинг Озодликка айтишича, у “Агро Инвест Суғурта”нинг Жиззах вилояти бўлими билан судлашиб ҳам суғурта қилинган пулини ололмаган:

- 2006 йили сув танқис бўлдида. Агросуғуртага 300 минг нақд пул ташлаб, ихтиëрий суғуртага ғалла учун пул ташладим. Ўша йили ғалла бўлмади. Кейин суғуртага бордим. “Шунақа-шунақа. Уч марта далолатнома туздинглар. Энди нима ëрдам қиласизлар?” десам, “Ҳеч қанақа ëрдам йўқ” деди. Полислари ҳам турибди менда ўша йилги. Полис қўлимизда қолди, “тур йўқол” деб юборди.

Кейин мен судга бердим уларни. Битта Тавбаев деган одам суд қилди. Суд ҳам уларни тарафини олди. Умуман ҳеч нарса ëрдам бермадида. Мен судяга “Сиз қонунни биладиган одамсиз. Нима учун тўламайди? Шунинг йўлини кўриб беринг” десам, “Йўқ. Ўликни қандай тирилтирасиз? Ўлик ташкилот бу. Йўқ бу”, деди. Ахир пул олишни билган такшилот беришни ҳам билиши керакда,- дейди фермер Назира Ортиқова.

Жиззах туманида фермер бўлиб ишлаган, ҳозир оптималлаштириш қарорига кўра бошқа фермер хўжалиги билан бирлашган фермер Мақсуда Имомова эса, фермер хўжаликлари табиий офатлардан жабр кўрганда “Агро Инвест Суғурта” жамияти уларга жуда ҳам кам миқдорда суғурта пулини тўлаётганини айтади:

- Қисман тўлаб беради. Биз қилган харажатнинг ўндан бирини ҳам ëпмайди у. Биз далада ишлаб нефтдан, кимëдан, у ëқ бу ëқдан олган жойимиз борку, ўшанинг ўндан бирини ҳам ëпмайди. 30-40 миллион убитка билан чиқиб шунча зиëн кўрсак, ўшанинг беш фоизини ëпиб беради. Чопа чоп қилсангиз, 10 фоизини ëпиб беради.

Озодлик: Жуда қийин эканда унда. Суғурта қилгандан кейин айтайлик табиий ҳодиса билан ҳосил бўлмай қолса ëки қурғоқчилик бўлса, ундириб олиш қийин эканда.

- Қийин, жудаям қийин. Агар 31 декабргача ундириб ололмасангиз, шу билан шартномангиз куйиб кетаверади,- дейди фермер Мақсуда Имомова.

Фермерларда суғуртага ишонч қолмади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ишлайдиган фермерлар суғурта компанияларига умуман ишончи қолмаганини айтадилар. Уларга кўра, бу компаниялар фақат номигагина фаолият олиб боради, фермерлардан чиройли қоғозларга имзолар қўйдириб, пулини олади. Бироқ бирор-бир табиий офат туфайли фермер катта зарар кўрадиган бўлса, у ҳолда зарарни тўлашдан бош тортади.

Қорақалпоғистон республикасининг Хўжайли туманида узоқ йиллар жамоа хўжалиги раиси бўлиб ишлаган, айни пайтда фермерлик қилаётган Қубай Ортиқов суғурта компанияларидан қўлини ювиб қўлтиғига урганини айтади:

- Суғурта ҳақида қонун бор Худога шукур. Лекин бизда суғурта бозори йўқ. Сабаби суғуртага ишонч йўқ. Минг марта шартнома қил суғуртадан ҳеч нарса ололмайсан. Суғуртада кимлар ишлайди? Суғуртада ишлайдиган бу йигитлар мени кечирсину уларни орасида инсофлилари ҳам бўлса керак энди. Лекин суғурта бизда фирибгарликда.

Суғуртага бориб кўрганман, қоғозларини, шартномаларини олганман. Лекин ўғил болачасига гаплашсанг, суғуртачи “Мен пас” дейди, қўл кўтаради. Ваъдасида турмайди. Шартнома улар учун латта. Фармон борку шартнома тўғрисида. Фармон ишламайди. Прокуратуранинг кўзи кўр бўлиб қолган бу масалада. Деҳқонга суғурта қилишдан фойда йўқ, наф йўқ. Мен суғурта қилиб бир зараримни қопладим, деб айтадиган фермер ҳали кўрганим йўқ,- дейди қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов.

Расмийлар не дейди?

Озодлик фермерларнинг суғурта компанияларига ишончи қолмагани ва уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги иддаоларга муносабат олиш мақсадида “Агро Инвест Суғурта” очиқ ҳиссадорлик жамияти билан боғланди. Ўзини Маҳкамов деб таништирга компания мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам улар асосан фермерлар билан шартномалар тузишини айтди. Бироқ, фермерларнинг иддаолари тўғрисидаги гап очилиши билан жаноб Маҳкамов телефон гўшагини жойига қўйиб қўйди.

“SAIPRO Ахборот-рейтинг агентлиги”нинг “Ўзбекистон суғурта бозорининг 2011 йил биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича обзори”да келтирилишича, вилоятларда мукофотлар ҳажмининг ошиши кузатилган. Агар бу мукофотлар фермерлар тўлаётган суғурта пуллари ҳисобидан ошаётганини назарда тутсак, фермерлар зарар кўрганда суғурта компаниялари бу зарарларни қанчалик қоплай олди, деган савол очиқ қолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG