Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:13

АҚШ Марказий Осиёда наркотикларга қарши курашмоқчи


Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасида афъюнфурушлар тез-тез қўлга олиб турилади.
Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасида афъюнфурушлар тез-тез қўлга олиб турилади.

Вашингтон Афғонистондан Марказий Осиё орқали Россияга олиб кирилаётган наркотиклар оқимига қарши кураш режасини эълон қилди. Мазкур лойиҳани амалга оширишда АҚШ қўшинларининг “оммавий иштироки” кўзда тутилмаган.


Ташаббус наркотикларга қарши гуруҳларни бирлаштиради

“Марказий Осиёда наркотикларга қарши ташаббус” (CACI), деб номланган режага кўра, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда махсус амалиёт гуруҳлари тузилади. Наркотикларга қарши курашувчи бу гуруҳлар Россия ва Афғонистонда аллақачон фаолият олиб бораётган гуруҳлар билан ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган.

Бу гуруҳлар ўзаро маълумот алмашувини йўлга қўяди, чегаралар бўйлаб махсус амалиётларда иштирок этади ва асосий кучини ўта хавфли ҳисобланган нарко гуруҳ етакчиларига қарши қаратади, дейди Озодлик билан суҳбатлашган режа ташаббусчиларидан бири – Халқаро наркосавдо ва ҳуқуқий тартибот масалалари бўйича АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Уильям Браунфилд.

- Бу режа ёрдамида Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистондан наркотик ишлаб чиқарилиши, наркосавдогарларга қарши олиб борилаётган амалиётлар борасида ўта муҳим ва махфий маълумотларни олишига имкон яратилади. Россия бевосита наркотик ишлаб чиқарувчи мамлакат ҳисобланган Афғонистон ва транзит мамлакатлари ҳисобланган Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа қилиш имкониятини қўлга киритади,- дейди АҚШ мулозими Уильям Браунфилд.

Афғонистондан НАТО қўшинларининг чиқарилиши ортидаги қўрқув

Режада оператив гуруҳларни тайёрлаш ва асбоб-ускунлар билан таъминлаш АҚШ давлат департаменти ҳисобига амалга ошиши кўзда тутилган.

Уильям Браунфилд Афғонистондан АҚШ қўшинларининг кетиши, бу мамлакатдан келаётган гиёҳванд моддалар оқими кескин ошиши мумкин, деган хавотирлар хусусида изоҳ бермади.

Лекин АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши Афғонистон ҳуқуқ-тартибот тизимларига ёрдамнинг камайиб боришини англатмайди, дея давом этади у.

- Биз Афғонистонда муваффақиятга эришмоқдамиз деб уйлайман ва айни пайтда АҚШ ва НАТО контингентининг Афғонистонда қисқартирилиши натижасида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари иқтидорининг кучайиб боришига ишонаман. Биз Афғонистон қўшинларига ёрдамни эмас, балки қуролли кучлар сонини қисқартириш ниятидамиз,- дейди АҚШ давлат департаменти мулозими.

У “Марказий Осиёда наркотикларга қарши ташаббус”лойиҳаси доирасида жорий йилнинг июн охири-июл бошларида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия давлатларига сафар қилган. Расмийлар билан учрашувда Браунфилд ташаббуснинг мазмун-моҳиятини ёритишга ва тегишли давлат органларининг режага муносабатини ўрганишга уриниб кўрган. Наркотикларга қарши кураш масаласи юзасидан у ҳатто Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбоева ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашган.

Россиянинг масалага муносабати қандай

Браунфилд “Марказий Осиёда наркотикларга қарши ташаббус”ни амалга оширишда Марказий Осиё давлатлари, хусусан Россиянинг бу масалага муносабати ўта муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Мазкур масала юзасидан у Россия расмийлари билан учрашмаган бўлса-да, “АҚШ ва Россиянинг мақсади бир – минтақа орқали ўтадиган наркотиклар оқимини қисқартириш” эканини билдирган.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Уильям Браунфилдга кўра, ташаббусни амалга ошириш учун “на АҚШ, на Россия қўшинларининг оммавий иштироки кўзда тутилган.”

Россиядаги Марказий Осиё ва Кавказни тадқиқ этиш марказининг таҳлилчиси Сергей Абашин Озодликка Москва Вашингтоннинг Марказий Осиё минтақасида фаоллашаётганига икки ёқлама ёндашмоқда дейди.

- Россия америкаликларнинг Марказий Осиёда фаолашаётганига рашк ва эҳтиёткорлик билан қараб келган. Бошқа томондан, минтақада йиғилиб қолган муаммо ва таҳдидлар шу даражада кўпки, Россия бир ўзи бу масалаларни бартараф этишга қодир эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Америкаликлар озми-кўпми бу муаммоларни ҳал этишда муайан натижаларга эришмоқда. Қолаверса, Марказий Осиё минтақаси Россия учун америкаликлар билан у ёки бу масалада савдолашиш объектига айланган. НАТО қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан Марказий Осиёга қизиқиш янада ортиб бориши табиий,- дейди Россиядаги Марказий Осиё ва Кавказни тадқиқ этиш марказининг бўлим мудири Сергей Абашин.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоботига кўра, Россияда йилига 70 тонна гиёҳванд моддалари истеъмол қилинади, героин истеъмолчилари сони эса Россияда 1,6-1,8 миллион киши ёки аҳолининг 1,3 фоизини ташкил этиши тахмин қилинади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 2010 йилда гиёҳванд моддаларнинг Афғонистондан экспорти икки баробарга камайганини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG