Линклар

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси мамлакат фуқароларининг чиқиш визасини олиш тартибига ўзгартиш киритди.

Шу йилнинг 7 июлида Вазирлар маҳкамаси томонидан чиқарилган 200-сонли қарорга мувофиқ, эндиликда чет элга чиқиш ҳуқуқи саккизта банд асосида чекланиши мумкин.

Дейлик, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлигида фуқаро хорижда юрган пайтида ўша давлат қонунини бузганлиги ҳақида тегишли идоралар маълумоти бўлса, уларга чиқиш визаси берилмайди. Ёки чет элга чиқиши "мақсадга мувофиқ бўлмаган" фуқаролар ҳам бу визани ололмайди.

Фарғона вилояти фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исмини айтмаган ходими бу ҳақдаги қарор энди ёйинланган бўлса-да, аслида бундай тартибга анчадан буён риоя қилинаётганини айтади.

- Бу эскидан бор нарса, янгилик эмас бу. Олдин бу нарсалар фуқароларга айтилмас эди, - деди суҳбатдошимиз.

Фарғона вилояти фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими “хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ бўлмаган фуқаро” бирикмасига ҳам изоҳ бериб ўтди.

- Сиз ана у оқ дўппи-қора дўппиларга аралашиб қолган бўлишингиз мумкин. Қайсидир ҳолатда қонунларга тўғри келмайдиган ҳаракат бўлиб қолган бўлса, ана шунда вақтинчалик рухсат бериш тўхтатиб турилади. Сизга нисбатан жиноий иши қўзғатилган бўлса, давлатдан қарздорлигингиз, қисқаси давлат билан аралашиб қолган ҳолатда “дум”ингиз бўлса, судланган бўлсангиз, фоизга кесиб қўйган бўлса, мана шу ҳолатлар ҳали якунланмаган бўлса, шуни “мақсадга мувофиқ эмас”, деб беришади. Агар судлангандан сўнг, ҳукм чиқиб, “давлатга алоқаси йўқ, қарзи йўқ” дея хулосаланса, унда чиқиш визаси берилади, - деди Фарғона вилояти фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими.

Ўзбекистон “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов Вазирлар маҳкамаси қарорини “расмийларнинг фуқаролар устидан назоратни кучайтириш истаги” билан боғлайди.

- Ўша истакларни кейинги пайтда қонунлаштириш иши бошланди. Яъни, ҳуқуқ-муҳофаза қилиш органларининг манфаатларини ҳукумат даражасида қонунлаштириш, уларни ҳукумат қарорлари билан мустаҳкамлаш, ҳатто бу бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқарилиб, тасдиқлаш йўли билан бориш бошланди. Вазирлар маҳкамаси қарори билан киритилган ўзгартишлар, бир томондан, ижобий ўзгаришга ўхшайди, иккинчи томондан, фуқароларнинг чет элга чиқиши ва киришини чеклашга қаратилган қоидаларнинг қонунлаштириши бу жуда ҳам ёмон нарса, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

7 июл куни чиқарилган Вазирлар маҳкамаси қарорида чет элга чиқиши “мақсадга мувофиқ бўлмаган” дея топилган фуқаролар мазкур чеклов юзасидан “шикоят қилиши ҳам мумкин эмас”лиги ҳам қайд этиб қўйилган. Ҳуқуқ фаоли Ташанов фикрича, бу Ўзбекистон фуқароларининг конституцияда белгиланган ҳуқуқлари поймол этилаётганидан далолатдир.

У ўзи ишлаётган ташкилотга ўтган йиллар давомида чет элга чиқиш визасини ололмаётган фуқаролардан бир қанча аризалар тушганини айтади.

- Буларнинг аксарияти диндорлар, сиёсий жараёнларга аралашиб қолган шахслар, ундан ташқари, фуқаролик жамиятининг вакилларидир, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Марказий Осиёда фуқаролари чет элга чиқиш учун махсус рухсатнома олиши лозим бўлган ягона давлат ҳисобланади.

Икки йилга хорижга чиқиши рухсат этилувчи ҳужжатни журналист Абдумалик Бобоев, Елена Бондарь, ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов қонун доирасида белгилангандан бир неча ой ортиқ кутганларидан кейингина қўлга киритишга муваффақ бўлгандилар.

Хусусан, ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов чиқиш визасини олти ой давомида ололмаганидан сўнг Тошкент вилоят хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бошқармасини судга берган эди. Суд маҳкамасида у ютиб чиқмади, бироқ матбуотда унинг муаммоси ёритилганидан сўнг Тихонов икки йиллик рухсатномани олишга муваффақ бўлди. Унинг айтишича, яқинда киритилган ўзгартишлардан кейин чиқиш визаси ололмаган фуқароларда бу борада судга мурожаат қилиш имконияти ҳам йўқ бўлди.

- Энди деярли ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Илгари мен ҳужжат топшириб, судлашган пайтим бундай банд йўқ эди. Ҳозир ОВИР бошқармаси, оддий қилиб айтганда, фуқароларга жавоб бериб ўтириш масъулиятидан ўзини соқит қилди. Энди “Қарорда изоҳ бериш шартлиги қайд этилмаган, судга ҳам бера олмайсиз”, дея осонгина қутилишади. Илгари ҳеч бўлмаганда, судлашиб, матбуотда ёритиш мумкин эди, - дейди ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG