Линклар

logo-print

Сирдарё деярли қуриб бўлди

  • Садриддин Ашур

Бир вақтлар икки қирғоғидан тошиб оққан Сирдарё бир ҳатлаб ўтса бўладиган ариқчага айланди, дейди сирдарёликлар.

Бир вақтлар икки қирғоғидан тошиб оққан Сирдарё бир ҳатлаб ўтса бўладиган ариқчага айланди, дейди сирдарёликлар.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сув танқислигидан азоб чекмоқда. Сирдарё бир ариқ сув бўлиб қолди. Сирдарё бўйидаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси нобуд бўляпти. Сувшунос мутахассислар бунинг сабабини Қирғизистон сув бермаётганлиги билан изоҳламоқда. Мутахассисларга кўра, бугун Қирғизистондаги Тўқтағул сув омборида 19,5 миллиард кубометр сув йиғилган. Бироқ Қирғизистон ҳукумати бу сувни қишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун йиғаётганлигини айтмоқда.

Азим Сирдарёдан азимлик чекинди


Сирдарё бўйида истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар дарёнинг сатҳи бунчалик пастга тушганини эслай олмасликларини айтишади. Сирдарё туманида яшовчи 35 ёшли ўқитувчи Гулнора Сирдарё бир ҳатлаб ўтса бўладиган ариқчага айланиб қолди, дейди:

- Сирдарëнинг суви кичкина бўлиб ариққа ўхшаб қолган. Сув йўқ. Озгина ўртасида оқаяпти. Кўл бўлиб ўрта-ўртасида озгина жой қолганда. Ҳеч қачон бунақа қурғоқчилик бўлмаган. Шунинг ҳисобига гўштлар, ҳамма нарса қиммат бўлиб кетган. Мева-чева қиммат. Лекин Сирдарëнинг бунчалик суви камайиши тарихда биринчи марта дейишаяпти,- дейди сирдарёлик ўқитувчи.

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмудовнинг айтишича, Сирдарёда сув кўп бўлиши мумкин эди, бироқ Қирғизистон ҳукумати уни Тўқтағул сув омборига йиғмоқда:

- Қирғизистон Тўқтағулдан сув чиқармай ўтирибдида. Тўқтағул сув омбори 19,5 миллиард кубометр сувни ушлаб ўтирибди. Ҳеч бу табиатда бўлмаган. 19,5 миллиарднинг 2-3 миллиардини берса ҳам, одамлар яхши деҳқончилик қилиши мумкин эди. Экологияга салбий таъсири бўлмас эди. Ҳозир ушлаб турибди. Ҳеч ким чиқармай ўтирибди сувни.

Озодлик: Бу фақат Тўқтағулдами ëки Тожикистоннинг Қайроққум сув омборида ҳамми?

- Қайроққум энди бу ëқда. Қайроққумнинг ҳажми кичикроқ. У ëқдан чиқаëтган сув Қайроққумга келса, Қайроққум тарқатадида. Сув келмаса, қандай тарқатади у? Қайроққум ҳам ушлаб ўтирибди. Бу ерда энди унча катта ҳажм йўқда. 1 миллиард 200 миллион кубометр, холос.

Сувшунос олим ҳам, Сирдарёда сув ҳажмининг бу даражада камайиб кетгани шу пайтгача кузатилмаганини айтади. Ҳар қалай буни эслай олмайман, деди профессор Маҳмудов.

- Ҳеч қачон шундай бўлмаган. Қуриб қолди. Ҳозир дарëда сув деярли йўқ. Пиëда ўтса бўладиган бўлиб қолди,- дейди Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмудов.

Ислом ака келсин


Қирғизистон Сув муаммолари институти директори Дуйшен Маматқанов ўзбекистонлик ҳамкасбининг айтганларини тасдиқлади ва ҳақиқатан ҳам сув омборида етарли сув борлигини билдирди.

Озодлик радиосининг “агар сув бўлса, нега уни қўйиб юбормаяпсизлар?” деган саволига қирғизистонлик олим бундай жавоб берди:

- Нега энди қўйиб юборишимиз керак экан? Қирғизистон қиш пайтида электр энергиясиз қолса, унга ким жавоб беради? Биласизми аслида ҳамма нарса ўз ўрнида бўлиши мумкин эди. Қирғизистон агар сувни йиғиб олса, қишда 2 миллиард киловатт электр энергия ишлаб чиқаради. Агар ҳозир биз сувни қўйиб юборсак қишда кимдандир электр энергия сотиб олишимизга тўғри келади. Биз сувни бепул берамизу, қишда электр энергия ишлаб чиқариш учун мазут, кўмир, газ сотиб оламиз.

Масалан, Тўқтағул сув омбори энергетик режимдан ташқари ишлаганда ҳар йили бизга 150 миллион доллар зарар келтиради. Бу ҳолатда Ўзбекистон Қирғизистон берган сувдан ҳар йили 800 миллион доллар фойда кўради. Агар Ўзбекистон ана шу фойдадан 150 миллион долларини берганда эди, биз зарарни қоплаб олардик. Бўлмаса, Ўзбекистон ўзи келиб Тўқтағул сув омборини бошқарсин. Марҳамат, Ислом ака келиб ўз одамини қўйсин. Бу масалани ҳал қилиш учун музокара столи атрофига ўтиришимиз керак. Ўзбекистон эса бизни эшитишни ҳам истамайти, таклиф қиламиз келмайди, мактуб ёзамиз жавоб бермайди, ахир бу нима деган гап?- дейди Қирғизистон Сув муаммолари институти директори Дуйшен Маматқанов.

Қирғизистон ва Тожикистондаги сув омборлари собиқ иттифоқ пайтида қишда сув йиғарди, ёзда эса Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимидаги республикалар эҳтиёжи учун оқизиларди. Унда Марказий Осиё давлатлари ягона энергетик тармоқда эди. Қирғизистон ва Тожикистоннинг қиш пайтидаги электр энергияга бўлган эҳтиёжи қўшни республикалардаги энергоресурслар билан ишлайдиган ГРЭСлар ҳисобидан қондириларди.

Собиқ иттифоқ тарқалгандан сўнг ягона энергетик тармоқ ҳам парчаланди. Қирғизистон ва Тожикистон қишда эҳтиёжи учун ишлатадиган электр энергияга керакли сувни ёз пайтида йиғишга киришди.

Марказий Осиёдаги сув муаммоси йиллар давомида ечимини тополмай келмоқда
.
Қирғизистонда қурилаётган “Қамбарота 2” ва Тожикистондаги Роғун ГЭСлари Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келяпти.

Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан ҳозир Роғун ГЭСи халқаро экспертизадан ўтказилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG