Линклар

logo-print

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчимиз оёғи остидан чиққан чашма сувини Ўзбекистон раҳбарига бериш орзусида эканини айтади. Яна бир тингловчимиз эса, таълим тизимидаги коррупция ҳақида куюниб гапиради.


Каримов билан учрашиб унга шифобахш сув совға қилмоқчиман


дейди Фарғонанинг Бешариқ туманидан қўнғироқ қилган 65 ëшли Одинахон ая.

- Мен Фарғона вилояти, Бешариқ туманининг Намуна ширкатида яшаб турувчи Одинахонман. Ўзим 1945 йил туғилганман. Ëрқўрғон қишлоғига тушганман. Ëшим мана 65дан ошиб қолди. Сизларга мурожаат қилишимдан мақсад юртбошимиз билан юзма юз бўлсамда. Оллоҳнинг берган туҳфасини юртбошимизга еткизай дейман. Юртбошимиз билан юзма юз бўлсам,- дейди Одинахон ая.

Одинахон ая бундан 15 йил олдин Оллоҳ қудрати билан фолбинга айлангани ва Фарғонадаги бир мозорликка оëғи ўпирилиб ўша ердан сув чиққанини айтади.

- 50 ëшимда Оллоҳ таоло менга ўзининг нурлариними, энди бир туҳфаларни берди. 1995 йилда менга башорат бериб 1996-1997 йилларда 300 метр нариëқда Гулдирақ момомиз бор экан. Ўша ерга бордим. Борганимдан кейин тушганимда тошга ҳеч нарса йўқ эди. Тепага чиқаëтганимда ўнг оëғим лойқага ботиб қолди. Шу ерда менга яна нидо келдики, “Эй бандам. Бу ерларда 7 хил тупроқ, икки хил сув бор. Ўша ердан пастга қараб 15 километр пастга тушгунча санатория бўлади. 300 ўринли” деди,- дейди Одинахон ая.

Ана шундан кейин Одинахон ая бу ердан чиққан сувни Тошкентдаги Семашко номли институтга анализ учун олиб боради. Одинахон аяга кўра, сувшунослар бу сувни кўп мақташган.

- Семашкога бордик. Семашкога топширдим. Семашкода олти ойда ответи чиқди. Анализ қилибди. Ëзиб менга жўнатибди олти ойда. Ҳақиқатан Москва Россия тибига кирар экан. Одамларга даво шифолиги Қизилтепа санаториячи билан баб-баравар. Ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлмасдан ҳамма ўша ерда даволаниши керак дейман. Энди мана шу сувдан бир шишани Каримовнинг ўз қўлига тутқазмоқчи эдим, бир ичиб мазза қилсин, бир чанқоққа сув берган савобдир,- дейди бешариқлик Одинахон ая.


Таълим тизимидаги таъмагирликка қаршиман


дейди Жиззахдан қўнғироқ қилган Жасур исмли 18 яшар коллеж талабаси.

- Масалан, коллежга ўқишга кирасиз. Ярим йил ўқиб тиришиб тўрт олсангиз, ўқишга умуман келмаган бола шундай пулини бериб беш олиб кетаяпти. Ўртада умуман рақобат йўқ. Болаларда унча ўқишга қизиқиш йўқ. Ҳозир ўқитувчи болалардан ўқиш эмас пул талаб қилаяпти. Институтга кириш учун ҳам ҳозир билим унча шарт эмас. Ҳозир кимдирга бориб “Мен мана шу қўлланма бўйича шунча йил тайëрландим” деб айтсангиз, устингиздан кулади ҳаммаси. “Менинг дадам фалон жойда ишлайди. Мен Россияга бориб фалон доллар топиб келдим. Ўқишга кирмоқчиман” десангиз, бунга ишонишади. Чунки бу ҳақиқатга тўғрироқда. Репетиторга борганимда биз билан бирга педагогика институтининг 4-курсида ўқийдиган бола ўқиди. Биз билан бирга тайëрланди. Ҳайрон қолдик. “Домла, бу нима учун биз билан тайëрланаяпти?” десам, “Институтни битириб коллеж ëки мактабга ишга кириб қолса, болалар олдида уялиб қолмаслик учун келаяпти” деди. 4-курс математика факултетида ўқийдиган бола мактабда ўқитилдиган 5-синф программасини билмайди. Оддий касрни, қўшиб айиришни билмайди. Полний коррупцияда. Институтда домлага пора бериб зачëтни ëптириш ëзилмаган қонун бўлган. Каллангиз ғиж-ғиж ақл, киссангиз бўм-бўш бўлса, ярим йилга ҳам бормайсиз. Агар калла бўм-бўш бўлиб, вақтида пулни бериб турсангиз, бемалол битириб кетасиз, дейди Жасур исмли 18 яшар коллеж талабаси.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG