Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Президент қарори мусулмонларга мурувват?


Одиий мусулмонлар президент қарордан кўра, Рамазон ойида мусулмонларга енгиллик берса, мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрда.
Одиий мусулмонлар президент қарордан кўра, Рамазон ойида мусулмонларга енгиллик берса, мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сешанба куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарор эълон қилди. Каримов “Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамитяини эътиборга олган ҳолда ... ва миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида”, Ўзбекистонда Рамазон ойини миллий анъана ва урф-одатларга мос равишда ўтказиш билан боғлиқ чора тадбирларни амалга оширишни буюрди. Ўзбекистон расмий диний идораси буни президентнинг мусулмонларга муруввати, деб атаётган бўлса, расмийлар кўз-қарашидан мустақил диний уламо ва оддий мусулмонлар бу каби қарор мазмун жиҳатидан мурувват бўла олмаслиги, аксинча шубҳа ва хавотир уйғотишини айтмоқда.


Президент муруввати


“Мазкур тадбирларни ўтказишда муқаддас Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, яхшилик, маънавий поклик фазилатларини эъзозлаш, юртимизда дину диноятимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш”га алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланган президент қарори Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур фикрича, мамлакат раҳбарининг мусулмонларга ғамхўрлиги ва Ислом қадриятларига алоҳида эътиборининг ифодасидир.

- Бунинг аҳамияти мана ўша икки Ҳайит мустақиллик шарофати билан миллий байрамлар қаторига қўшилди. Бизнинг миллий-диний байрамларимиз ҳисобга олинмас эди. Наврўз ҳам, Ҳайитлар ҳам олинмас эди ҳисобга олдин. Мана ëрдам берсин жамоатчилик ташкилотлари деб қарорда чиқдики, демак бу байрамларга давлат раҳбарининг ҳам аҳамият бериши, миллий байрам сифатида нишонланишини ҳар томонлама таъминланиши тўғрисидаги ғамхўрлик деб билиш керак буни, дейди диний идора мулозими.

Ҳукуматлар, айниқса, мусулмон давлатларида Рамазон ойида фуқароларга енгилликлар, рўзани иложи борича қийналмасдан тутишлари учун шароитлар яратиб беради. Масалан, ҳатто мусулмонлар аҳолисининг бир фоизидан камроғини ташкил қиладиган Америкада ҳам рўза тутганларнинг иш тартиби ифтор вақтини инобатга олган ҳолда белгиланади ёки қамоқхоналардаги маҳбуслар учун махсус саҳарлик ва ифторлик ташкил қилиб берилади.

Мусулмонларни чалғитиш


Ўзбекистонлик таниқли диний уламо, ҳозирда муҳожиратда яшаётган Обидхон Қори Назаров президент қарорида ҳам ўзбекистонлик мусулмонларга ҳеч бўлмаганда шу каби енгилликлар назарда тутилганида уни олқишлашга арзир эди, дейди. Лекин, қори домла фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг мусулмонларга қарши репрессиялари йилдан йилга кучайиб боарётгани инобатга олинса, “Рамазон ойини миллий анъана ва урф-одатларга мос тарзда ўтказиш” қабилидаги гап-сўзлардан мусулмонлар учун бирор наф чиқиши амри маҳолдир.

- Ўзбекистон ҳукумати Исломга қарши хуружлари билан, мусулмонларга нисбатан нафрати ва адовати билан танилган. Мана шундан келиб чиққан ҳолда бу тадбирларга қўйилаëтган бундай белгилаш ëки мана шундай шартлар албатта яхшилик мақсадида қилинмайди деган хулоса бериш мумкин. Бу қаророда миллий урф-одатларга мослаштириш деганда албатта яхши нарсаларни тушуниш қийин. Балки мана шундай даъво остида бизнинг миллатимизга, урф-одатимизга тўғри келмайди деб Рамазон ойида бўладиган ибодатлар ëки баъзи тадбирларни, исломий маросимларни чеклашга қаратилган бўлса эҳтимол,- дейди дин уламоси Обидхон Қори Назаров.

Тошкентлик оддий мусулмон 32 ёшли Абдуллоҳ президентнинг қарорисиз ҳам мусулмонлар рўза амалларини рисоладагидек бажаради, бу каби қарорлар эса, Ўзбекистон шароитида, мусулмонларда шубҳа ва ташвишларни уйғотади, дейди.

- Бу нарса енгиллик эмас. Бу нарса мусулмонларни чалғитиш, фитнага ўхшаяпти бу нарса. Рамазон ойи ўз номи билан рамазон ойи. Унга ҳеч қанақа қўшимча янгилик, урф-одат қўшишнинг ҳеч кераги йўқ. Чунки Оллоҳнинг фарзларидан биттаси. Қўшилмайман бу нарсага,- дейди Абдуллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси муовини Абдулазиз Мансур президент қарори нафақат ҳукуматнинг Исломий қадриятларга алоҳида эътибори рамзидир, балки мусулмонлар тарбиясида ҳам муҳим аҳамият касб этади, деган фикрни илгари суради.

- Албатта, Рамазонда ўзи бутун ифторликларда, кейин жумаларда, ифторлик маросимларида, ахборот воситалари, телевидение орқали махсус дастурлар бериладики, рўзадан мақсад ўзи ахлоқни тузатиш. Қуръонда “тақволи бўлишларинг учун” деган. Тақво сўзи диний истилоҳда инсоннинг гуноҳлардан ўзини поклаб савобли ишларни кўпроқ қилиб, шунга ҳаракат қилиш маъносини беради. Шунинг учун бу ойда ўзи инсон ахлоқини, нафсини поклаш ойи дейиладида. Шунинг учун рўзанинг ўзи ҳам, Ҳайити ҳам албатта жуда аҳамиятга эга,- дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси муовини Абдулазиз Мансур.

Ҳақиқатан президент Каримов Рамазон ойини миллий анаъаналарга мос равишда ўтказишни топшириш билангина чекланиб қолмай, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа матбуот воситаларига муборак ойни “ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритишни” тавсия қилиб, қарор ижросини назорат қилишни шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юклади.

Қамоқдаги мусулмонлар енгилликка муҳтож


Тошкетнлик мусулмон Абдуллоҳ ҳукумат Рамазон ойида мусулмонларга холис яхшилик қилиш ниятида бўлса, қамоқларда азоб чекаётган минглаб мусулмонларга енгиллик берсин, дейди.

- Энди бир нарсаки, мисол учун агар мусулмонларга яхшилик қилиш нияти бўлганда, мен билардимки қанча мўмин мусулмон, муслималар зиндонда қийналиб ëтишибди. Мана шу Рамазон ойига амнистия қўлланиб қўйиб юборилса бўларди. Энг яхши яхшилик, улар томонидан бўладиган енгиллик деб билардик бизлар агар улар яхшилик қилмоқчи бўлса. Энди буни яхшилик дейиш жуда қийин, дейди 32 яшар ўзбекистонлик Абдуллоҳ.
XS
SM
MD
LG