Линклар

Мисрликлар иккинчи инқилобга ҳозирланмоқда


Таҳрир майдонининг шу кунлардаги манзараси.

Таҳрир майдонининг шу кунлардаги манзараси.

Муборак кетгани билан¸ унинг режими қолганидан ҳафсаласи пир бўлган мисрликлар яна кўчаларга чиқмоқда.


Миллионлаб мисрликлар "Ҳусни Муборак ва унинг режими йўқолсин!" деган талаб билан кўчаларга чиққанидан бери орадан олти ой ўтди.

Бутун дунë¸ айниқса жаҳоннинг авторитар ҳудудларида яқиндан кузатилган Миср кўчаларидаги бу исëн қисман мақсадига эришди ҳам - 11 феврал куни намойишлар кўлами ва босимига дош бера олмаган Ҳусни Муборак 30 йиллик ҳокимиятдан воз кечишга мажбур бўлди.

Аксар Миср халқи Муборакнинг кетишини кўчаларда байрам қилди - мисрликлар ўз ҳаëтларида илк бор халқ қудратини кўрди ва эркинлик¸ фаровонлик ҳақидаги ўз талабларини баралла айтиб¸ улар ижросини кутди.

Аммо Қоҳиранинг Таҳрир майдонида кулминацияга етган исëн бошланганидан роппа-роса олти ой ўтиб¸ инқилобчи мисрликлар ўзларини алданган ҳис қилмоқдалар.

Шу кунларда улар яна Таҳрир майдонига қайтиб¸ иккинчи инқилобга ҳозирланмоқдалар. Нега?

Таҳрир майдонида қад ростлаган норозилар чодирларига бош суққан Озодлик мухбири 25 дан ошиқ сиëсий гуруҳни ўзида бирлаштирган "Халқ иродаси ва бирдамлик жумаси" деб номланган оммавий тадбир ташкилотчиларидан шу саволга жавоб излади.

- Режим ўзгаргандек бўлди¸ аммо бизнинг талабларимиз ўша-ўша бажарилмай қолди. Бу эса¸ режим¸ аниқроғи унинг айрим қисмигина ҳокимиятдан тушдию¸ моҳият ўзгаришсиз қолди¸ деганидир. Шунинг учун ҳам бугун биз яна Таҳрир майдонида чодир тикиб¸ норозилик тадбирларини қайта бошладик. Биз режимнинг бутунлай кетиши ва мамлакатимизда ҳақиқий ўзгаришлар бўлишини истаймиз¸ дейди оммавий норозилик намойиши ташаббусчиларидан бири Ҳана Муҳаммад.

Унинг айтишича¸ янги намойишларда қўйилаëтган талаблардан бири собиқ режим амалдорлари барининг маҳкамага тортилишидир.

- Талабларимиз жуда кўп. Уларнинг асосийлари¸ собиқ режимдагиларнинг барчасини маҳкамага тортиш ва адолат қарор топишини таъминлашдир. Нега Муборак ҳалиям уй қамоғида қолмоқда? Биз уни қамоқда кўришни истаймиз. Айрим режим амалдорлари айбсиз деб топилди ëки энг кўпи билан беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг аксарияти Миср пулларини ўғирлаб¸ хориж банкларига жойлаштирган. Биз халқ пулларининг ўзига қайтарилишини истаймиз. Биз 28 январ куни намойишчиларни отган полициячилар жазоланишини хоҳлаймиз¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Таҳрир майдонида чодир тикканлардан бири Ҳана Муҳаммад.

Иккинчи инқилобга ҳозирлик кўраëтган ëш намойишчилардан яна бири Ойша¸ Мисрни бошқаришни ўз назоратига олган Қуролли кучлар олий кенгаши ишидан қониқмаëтганини айтади.

- Инқилоб билан амалга ошган ягона иш - режим бошининг кетиши бўлди. Миср халқи сал бўлса-да эркинлик шамолини туйди. Бу инқилоб тажрибаси бизга намойишлар¸ кўча юришлари¸ тарғибот ва ташвиқот орқали ўз ҳаққимига эришиш мумкинлигини кўрсатди. Биз бундан сўнг овозимини ичимига ютиб¸ жим-жит юра олмаймиз¸ дейди Ойша.

Айни кунларда Мисрнинг Таҳрир майдонида куч йиғиб бораëтган норозилик ҳаракатини Шабаб-у-Саура номли гуруҳга уюшган ëшлар ташкил қилмоқда. Ҳозирда Таҳрир майдонидаги хавфсизлик учун назоратни ўз қўлига олган бу ëшлар¸ турли фитналар олдини олиш учун майдонга полиция ва қуролли кучларнинг яқинлашишига йўл бермаëтир.

Шабаб-у-Саура етакчиларидан бири Гамал Абдул Азим¸ намойишлар орқали Миср янги етакчиларини ҳақиқий ислоҳотларни бошлашга маъсул қилажакларини айтади.

- Биз эски режимни бутунлай улоқтиришни талаб қилмоқдамиз. Биз ҳақиқий ўзгаришлар¸ эркинлик ва адолат сўрамоқдамиз. Биз Муборак ва унинг режимдошлари маҳкамага тортилишини талаб қилаëтирмиз¸ дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда ëш инқилобчилар етакчиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG