Линклар

Ўзбек олий ўқув юртига киришнинг минг ҳийласи

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон олий ўқув юрти талабаси бўлишнинг 15 га яқин усули ўйлаб топилгани айтилади.

Ўзбекистон олий ўқув юрти талабаси бўлишнинг 15 га яқин усули ўйлаб топилгани айтилади.

Ўзбекистонда тест синовларини топшириш 2 августга кўчирилди. Мамлакат олий ўқув юртларига кириш синовлар аслида 1 август куни бўлиши керак эди. Тест синовлари кўчирилиши ҳақидаги эълонда бунинг сабаблари кўрсатилмаган.


Синов нега кўчирилди?


Озодлик мухбири билан гаплашган мутахассислар бунинг сабабларига оид баъзи тахминларини илгари суришди.

Биринчиси, бу йил абитуриентлар сонининг ўтган йилдагидан 33 мингга кўпайгани.

Бошқа сабаби кимларнингдир пул ишлаб олиш иштаҳаси ошиб бораётгани билан изоҳланмоқда.

Бу йил олий ўқув юртларига қабул ҳақида президент фармони анча кечикиб эълон қилинган эди.

Республика олий ўқув юртлари қабул комиссияси олдида абитуриентларнинг ҳужжат топшириш учун узоқ вақт навбатда туришларига тўғри келаëтгани айтилган эди.

Республика олий ўқув юртларидан бирининг қабул комиссияси аъзосига кўра, бундай талабаликка даъво қилаётган ёш ўзбекистонликларнинг уззу-кун навбатда туришга мажбур бўлганига, "олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисида"ги президент фармонининг кечикиб эълон қилиниши сабаб бўлган.

Бу йил Ўзбекистонда ярим миллионга яқин абитуриент 62 мингдан зиëд талаба ўрни учун мужодала қилади.

Тест синовлари нимага кечикди, деган саволни Озодлик билан суҳбатлашган ва исми айтилишини истамаган қабул комиссиясининг аъзосига бердик. (Маълум сабабларга кўра суҳбатдошимизнинг исмини келтирмаймиз.)

Озодлик: Кириш имтиҳонлари 1 августдан 2 августга кўчирилибди.

- Эшитдим.

Озодлик: Нимага унақа бўлди?

- Нимага бўлганини билмаймиз. Мен ҳам бугун эшитдим. Мен ўзим приëмнийда ишлаяпманда. Билмайман нимага шунақа бўлди.

Озодлик: Бу йил ўқишга кирадиган абитуриентлар 33 мингтага кўп бўлибди.

- Ҳа, жуда ҳам кўп. Ўтган йил пединститутда бўлганман приëмнийда. Ўтган йил пединститутда ҳар битта ўринга 15 тадан бўлиб кетган. 1500 ўқувчи кўп топширган. Нормадан кўп бўлган.

Озодлик: Мана бу йил 418 минг 724та одам топширибди. Бунақа интилишга нима сабаб?

- Мана ҳозир педколлежлар ишлаяпти. Педколлежни битиришга битиришаяпти 9-синфдан кейин, ишга кирай деб мактабга масалан очеред. Кўпинча вилоятларда, барибир ўқитувчилик ҳамма ëқда керак касб. Иш топиладиган касбда. Шунақа бўлгани билан олий маълумотсиз оламяпти. Албатта педагог олий маълумот. Жаҳон тиллари бўладими, миллий университет бўладими, бошқа институтларда касбий таълим деган факултетлари бор. Қисқаси, менимча, педколлежларни аллақачон тугатиш керак. Педколлежда ўқиб, кейин яна институтда тўрт йил ўқиш. Мактаб йўқ ҳозир. 9-синфдан кейин мажбурий таълим лицей ëки коллеж. Болалар ишсиз ҳам қолиб кетаяпти. Ота-оналар биринчидан қўрқишади. Иш топилмагандан кейин хотя би ўқишга кирса, озгина олдида мақсади бўлиб, бирор нарса билан шуғулланишга нимаси бўлади. Ишга қаëққа боради? Бозорга борадими? Завод йўқ бўлса, тадбиркорлик қилиши учун албатта олий маълумот керак, бир нарсани очиш учун олий маълумот керак. Контракт баланд, лекин ҳайронман нимага шунақа.

Озодлик: Ўқишга кирмоқчи бўлганларнинг энг кўпининг соҳаси инглиз филологияси экан. Ўзбек тилидан ҳам кўпда бу?

- Чет элга чиқишга ëшлар ўч бўлиб қолдида. Жуда ҳам кўп чет элга кетаяпти. Чунки тил билиш чет элга чиқиш учун керакку. Мана ўзимнинг овсиним Қозоғистонга оиласи билан чиқиб кетишган. Қанақадир меҳмонхонада ишлашаяптими, чет тили керак.

Озодлик: Қабул имтиҳонларининг 2 августга кўчирилганига иккита сабаб бор дейишаяптида. Биттаси техник сабаб бўлиши мумкин, улгурмаган. Иккинчиси, кимдир пул қилмоқчи деган гапни айтаяптида.

- Мен билмадим. Унақа нималарни билмайман. Бугун мана юридический лицейнинг замдиректори билан битга ўтириб қолдим. Приëм бўйича масъул котиб экан. Шунақа гапларни гапирди. “Жуда катта нарсалар бўлади. Ҳали кўрасизлар. Жуда катта ўйин бўлади” деб қўйди. Қанақа ўйин билмадим. Бизлар энди дипломатияга кира олмаган ўқувчиларни бошқа лицей, коллежларга тавсия қилиб ўтирдикда. Ўшанда шунақа гап бўлди. Олдин лекин нимагадир 1 август якшанбага тўғри келса ҳам бўлаверганку.

Озодлик: Бу йил вилоятдан келганлар абитуриент бўлиб топшира олдими?

- Ҳа, бемалол. Бундан уч йил олдин битирган ўқувчиларим, кира олмаганлар Қашқадарë, Сурхондарëдан келишди. Телефон қилишди. “Институтга ҳаракат қилаяпмиз устоз” деб юришибди. “Уч йилда ҳамма билим эсдан чиққан. Нима қиласизлар?” десам, телефон, шпаргалка, қанақадир икс вариантлар ким билади энди.

Озодлик: Ўтган йил, ундан олдинги йил ҳар хил қанақадир телефон олиб кириш ва ҳоказолар бўлганми?

- Мен ўзим ўтган йил приëмда бўлганман. Пединститутда психология факултетида приëмда ўтирдим. Битта мактабда қабул қилдик. Телефонлар олиб киришди. Текшириб киргизишди, лекин болалар ундан ҳам уста бўлиб кетган. Телефонларни ўзлари билан қанақадир усулда олиб киришганми, олиб кириб беришганми телефонлар бор эди. “Олиб қўйинглар, фойдаланманглар” деб грубий нимада тартибга чақириб турдик. Лекин кейин эшитишимча бир хиллари атайин телефонлилардан пул олиш учун рухсат беришаркан. Назоратчи ўқитувчилар шундан пул ишлашарканда. Пулини бериб, бемалол телефондан фойдаланиб ўтирган.

Озодлик: Бировнинг ўрнига биров кирди деганини ҳам эшитдикда.

- Бор. Унақалар жуда ҳам кўп. Унақани қаттиқ текширишади, лекин мен битта-иккита одамни биламан. Ҳаттоки имтиҳон куни бормаган. Институтга кириб ўқиб юрибди. Бунақалар бўлади энди. Улар жуда крутой танишларни ишга солса керакда. Мен ўзим ўқитувчиман. Мен айтаманки, билимли одам ҳеч қачон йиқилиб қолмайди. Яхши ўқиш керак ëки кучли танишингиз бўлиши керак. Ë зар бўлиши керак ë зўр бўлиши керак,- дейди қабул комиссияси аъзоси.

Хар йилги каби бу йилги қабул мавсуми ҳам СНБ ходимлари, Президент девони, Олий таълим вазирлиги мулозимлари ва домлалар учун пул хирмони уядиган авж палла, дея қўшимча қилади у.

Бу йил “Бункерда” тест ечадиган “мардикор домлалар” хизмат ҳақини оширишди, дея давом этади олий ўқув юрти ўқитувчиси.

- Энг ëмон нарса, мен сизга айтай бункер деган нарса бор. СамПИ лицейида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Буларни ТошМИга бункерга чақиришар экан. Бункер дегани беш-олтита кучли ўқитувчилар бир хонага кириб оларканда, институт ходимлари, ректоратдаги одамлар, катта-катта пулга гаплашганларнинг нималарини ечиб беришар экан. Олиб чиқишади, ечиб яна чиқариб беришади. Ўтган йил бизларга ҳар битта ўқувчига 500 доллардан беришди дейишди. “Бу йил 1000дан берсанглар кираман. Чунки улар 30 минг олишар экан. Бизлар билимимиз билан ечиб берамиз. Шунинг учун ҳар битта ўқувчига 1000дан берасан” деб айтдим деди. Хуллас мединститутлар 30 минг экан.

Озодлик: Юридический, дипломатиячи?

- Уларни билмайман. Халқ орасида эшитаман бу институтларда таниш-билишчилик кенг. Техника университетига пул билан эмас билим билан ҳам кирса бўлади. Чунки жуда ҳам кўп факултетлари бор, шанс катта. Билим билан кирса бўлади жаҳон тилларига. Лекин пресстижний институтларга жуда қийин. Юридическийга мисол учун, шарқшунослик ҳам шулар қаторида, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошимиз айтган “Телефон киргизиш”, “Бункер” каби услублар олий ўқув юртига пул эвазига элтувчи айланма йўллардан иккитаси холос.

Иккинчи август куни бошланадиган тест синовлари аслида олий ўқув юртига кириб олишнинг кундан кунга такомиллашган хуфия усуллар мусобақаси экани кузатилмоқда.

Кечган йилларда Ўзбекистонда ўқишга киришнинг 15дан ортиқ услуби ишлаб чиқилди.

Агар талабалардан "Сиз қандай ўқишга кирувдингиз?" деб сўрасангиз, “Танка билан”, “ Шпора (Шпаргалка билан)”, “Паровоз билан”, “Бункер билан”, “Телепатия билан”, “Ректорский группа билан” ва “Солдат” , “Телефон”, “Парашут”¸ “0–вариант ëки Х–вариант” ëрдамида кирганини айтади.

Бу услубларга таъриф берсак.

"Бункер" усули:

Бунда мутахассислар эрталабки соат 06.00 да, ташқарида турган СНБ ходимлари билан келишилган ҳолда, тест синовлари ўтказилаётган бино ичидаги махсус хонага олиб кириб қўйилади. Биров билиб қолмасин учун, бу хона ташқарида қулфланиб, муҳрлаб қўйиладию Кейин тест саволларини "пистадай чақиб ташлайдиган" бу "мутахассислар", аввалдан тайёрланган ва "бункер" деб аталадиган хонада ўтириб, тест саволларини ечиб беради. Болаларнинг қўлига эса белгиланган вариант тарқатилади.

Кенг тарқалган “Бункер” усулининг нима эканидан бевосита хабардор тошкентлик домлалардан бири Маҳмуд Аъзамов уни шундай таърифлаб берган эди:

- "Бункер" деган нарса бўлади. Миллий университетда шунақа нарса бор, "бункер" дейишадида. Жаргондада бу. Биладиганлар, шу соҳада ишлайдиганлар билади. "Бункер" дегани абитуриентлар маълум бир гуруҳга йиғилади. Бу гуруҳ ректорнинг, проректорнинг гуруҳи бўлади. Ўша гуруҳлардан бюллетенларни йиғиб олиб чиқиб кетишади. Аълочи студентларни олдиндан йиғиб олишади. Уларни битта хонага жойлаштиришадида, савол қоғозлари бинодан ташқарига чиқмайди. Бошқа хонага олиб кириладида тўғри жавоблари белгиланиб, имтиҳон тамом бўладиган пайтда болаларга олиб чиқиб берилади. Кейин болалар ўзи тўлдиргандай қилиб топшириб чиқиб кетишади. Шуни бункер дейишади. Аълочи болалар бункерда ўтиргандай бўладида. Бу аълочи талабаларнинг “хизмат ҳақи” эвазига уларнинг контракт пуллари тўлаб берилади ёки келишилган пул берилади, деган эди тошкентлик ўқитувчилардан бири Маҳмуд Аъзамов.

"Бункер"да бир-икки марта "ўтириб чиққан" ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича, “Бункерда” ечилган тест жавобларини СНБдан тайинланган махсус курьерлар маълум ҳақ эвазига эгасига етказиб туради.

"Телепатия" усули:

Сканер-ручка деган нарса бор агар эшитган бўлсангиз. Боланинг қўлига 300-350 долларлик сканер-ручка тутқазилади. Бола тест вариантини бу асбоб ёрдамида копиялайди ва 10-15 та сканеручка битта компьютерга ташланади. Шу аудиторияга битта қишлоқда қўй боқиб юрган бола олиб кириб қўйилган бўлади. У “тестни ишлаб бўлдим” деган баҳона билан чиқиб кетади. Унинг ўзи ўқишга кириш нияти йўқ. Ўша чиқиб кетган боладан сканер-ручкани қабул қилиб олган мутахассислар тестларни ишлашади ва жавоблари СМС ëки пейжер орқали жўнатилади.

"Паровоз" усули:

Бунда ўхшаш шаклли ëки бошқа бир ўқув юртида ўқиётган талабалар таклиф қилинади. Бу талабалар маълум бир гуруҳларга қўйилади ва ҳар битта бола камида 10-15 нафар боланинг тестини ишлаб беради.

“Солдат” усули

Айрим ҳолларда махсус одамлар ҳатто ўқишга киритилиши лозим бўлган талабалар учун ана шу “солдат” номини олган аълочи студентлар акси туширилган, бироқ исми абитуриентники бўлган қалбаки паспортлар ҳам ясаттириб беришади. Аълочи, билимли ўқувчи имтиҳонга абитуриент фамилияси билан киради. Ана шундай “Солдат”лардан бири Озодлик билан суҳбатда бундай “фаолият” билан 500 доллар пул ишлаганига иқрор бўлган. Суҳбатдошга кўра баъзи фаол “солдатлар” 1500 долларгача пул ишлашган.

“Парашут”усули

“Парашут” услубини қишлоқдан келганлар ўйлаб топишган, дейди Ангрен пединститутининг собиқ домласи. Одатда тест август бошида жазирама иссиқда бўлади. Шу боис деразалар очиқ бўлади. Тест саволини абитуриент деразадан пастга улоқтиради. Пастдагилар эса тестни ечиб “жавобни” баланд овозда бақириб айтиб туришади. Ëки жавобни ечиб, думалоқ қилиб ғижимлаб қайта деразадан отиб киргизишади. Шунақа “мерган тошотарлар” борки, уларнинг мерганлигига қойил қолганмиз, дейди суҳбатдош.

“Х” ëки “0” вариант

Бевосита Давлат тест марказидан сизиб чиқиши айтиладиган тест синовларининг “Х” варианти билан “бункер”даги аълочи талабалар шуғулланмайди. Чунки “Х” вариантини билган бола учун “бункер”дан ёрдам сўраш шарт эмас. Хўш, “Х” вариантининг ўзи нима? Маҳмуд Аъзамов бу вариантни шундай тушунтирди:

- “Х” вариант деганимиз¸ давлат тест имтиҳонлари учун тайёрланган савол-жавобларнинг сир ҳолатидан ташқарига сизиб чиқиши. Бу Давлат тест марказидан чиқадими ёки саволларни тайёрлаган мутахассислар ташқарига чиқаришадими, бунисини ҳеч ким билмайди. "Х" вариантни қўлга киритган гуруҳлар махсус уйларда талабаларга ўша жавобларни ёдлатади. Ўша хонага кириб чиқадиган абитуриентлар трусиcигача текширилади, токи бу вариант ташқарига чиқиб кетмаслиги учун, дейди ўзи ҳам абитуриентларни тест имтиҳонларига ҳозирлаш билан шуғулланадиган Маҳмуд Аъзамов.

Унга кўра, "Х" вариантнинг Давлат тест марказидан сизиб чиқиши ҳар йили давом этмоқда.

- Узоғи билан бир ой олдин одамларнинг қўлига тегишни бошлайди у. Чунки буни сир сақлашадида. Ҳали мутахассисларнинг қўлида ҳам бўлмайдида. Тарихни алоҳида¸ она тилини алоҳида¸ инглиз тилини алоҳида тузадиган тўртта-бешта одамларга ишониб топширилади. Кейин улардан олинади ва Давлат тест марказига топширилади. Аслида бу сир сақланиши керак. Ҳеч кимнинг қўлига тегмаслиги керак. Лекин чиқиб кетади. Жуда кўп жойларга тарқаб кетади бу нарса. У мутахассисларнинг қўлидан чиқиши ҳам мумкин¸ Давлат тест марказидан чиқиши ҳам мумкин. Унинг қаердан чиққанини олган одам билади, дейди Маҳмуд Аъзамов.

Қўш аттестатлилар

Айрим ҳолларда 10 синфда ўқиëтган болаларга ота-онаси аттестат сотиб олиб бериб ўқишга юборади. Бу ҳолатда уларда яна бир бор ўқишга уриниб кўриш имкон қолади. 11 синфга бориб эса қўлида икки аттестат бўлган талаба икки олийгоҳга ҳужжат топширади.

Хулоса шуки, бункерда ечилган жавоблардан фойдаланиб, паравозлар ëрдамида судралиб, солдатлар кўмагида олий ўқув юрти талабаси бўлганлар эртанги кунимизни таназзулга элтувчи “мутахассисларга” айланишади, дейди узоқ йиллар қабул комиссиясида ишлаган суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG