Линклар

Имомали Раҳмон 15 минг кишини авф этмоқчи

  • Гулнора Равшан

Бу сафарги авф қонуни "олтин амнистия" дея аталмоқда.

Бу сафарги авф қонуни "олтин амнистия" дея аталмоқда.

Тожикистон президенти мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан 15 кишини авф этиш ниятида. Имомали Раҳмон “Авф тўғрисидаги қонун“ лойиҳасини парламент Миллий мажлиси муҳокамасига юборди. Президент матбуот хизматига кўра, амнистия қонунини парламент қабул қилса, мамлакат қамоқхоналаридан беш минг маҳбус бутунлай озод этилади. Тожикистон Республикаси мустақиллигининг йигирма йиллиги муносабати билан эълон қилинажак амнистияга исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев тарафдорлари ҳам тушгани айтилмоқда.


Президент Имомали Раҳмон Миллий мажлис муҳокамасига тақдим этган “Авф тўғрисидаги қонун“ лойиҳасига мувофиқ, 15 минг одам авф этилиши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон қамоқхоналарида ўн мингга яқин маҳбус қамоқ жазосини ўтамоқда.

Республика мустақиллигининг йигирма йиллиги муносабати билан эълон қилинаётган “олтин авф”га мувофиқ, қамоқхоналардаги маҳбусларнинг тенг ярими, яъни беш минг киши озодликка чиқарилади. Шунингдек, ҳозирда жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилганлардан тахминан икки мингу тўрт юз кишига нисбатан тергов ишлари тўхтатилади.

Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, қомоқдан озод қилинадиганларга жазо муддатининг каттароқ қисмини ўтаб қўйганлар, ёши 55 дан юқори бўлган аёл ва эркаклар, саратон ва сил билан оғриган маҳбуслар ҳам киради.

“Авф тўғрисидаги қонун“ лойиҳасига мувофиқ экстремизм ва диний ташкилотларга аъзоликда айбланиб, беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум бўлганлар ҳам амнистияга тушади.

Аммо улар одам ўлдириш, терроризм, жосусликда қўл урмаган ва жазо муддатининг тўртдан уч қисмини ўтаган бўлишлари керак.

“Мустақил Тожикистон тарихида илк бор кузатилаётган энг катта амнистияда ҳатто 1998 йил Маҳмуд Худойбердиев бошчилигида Сўғд вилоятига қуролли ҳужум уюштириб, маҳкум этилганлар ҳам, агар жазо муҳлатининг тўртдан уч қисмини ўтаган бўлса, озодликка чиқарилади”, дея билдирди президент девонининг ҳуқуқ масалалари бўйича бўлим ходими Содиқ Шоназаров.

Қонун лойиҳасига мувофиқ исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларининг ҳам авф этилиши тожик жамиятида турли баҳсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоларининг амнистияга тушиши мухолифат норозилигини келтириб чиқармоқда.
“Нега Тожикистон ҳукумати бу гал Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларини ҳам авф қилмоқчи?” Кўпчиликни қизиқтираётган бу сақволга Тожикистон президнети қошидаги Стратегик тадқиқотлар марказ таҳлилчиси Сайфулло Сафаров бундай жавоб берди.

- Бундан “Худойбердиев дохил унинг ҳамма тарафдорлари амнистияга тушади”, деган хулоса чиқармаслик керак. Амнистия лойиҳасида исёнчилар раҳбари озод этилмаслиги айтилган. Ундан ташқари агар исёнчи гуруҳ аъзолари одам ўлдирган бўлса, у ҳолда табиийки, озод этилмайди. Аммо, бордию ўз сиёсий мавқеи учун курашган ва одам ўлдирмаган ё бўлмаса тажовуз қилмаган бўлса, ҳамда жазо муҳлатининг тенг ярмини ўтаган бўлсагина озод этилади,- дейди расмий кўз-қарашларини қўлловчи таҳлилчи.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Тожикистон қамоқхоналарида Маҳмуд Худойбердиевнинг 70 дан ортиқ тарафдорлари жазо муҳлатини ўтамоқда.

22 йилга қамоққа маҳкум қилинган Хуршид Бобожонов улардан биридир.

- Ёш эдик, кўп нарсага ақлимиз етмасди. Қамоққа олинганимда 22 ёшда эдим. Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбдор деб топиб, 22 йил озодликдан маҳрум қилишди. Мен Маҳмуд билан Хўжанддаги ҳужумда бирга бўлгандим,- дейди маҳбус Хуршид Бобожонов.

Душанбе шаҳар қамоқхонасида Хуршид Бобожонов билан бирга жазо муддатини ўтаётган Худойбердиев гуруҳи аъзоларидан яна бири Ғафор Фармонов, ёлғон даъват қурбони бўлганини айтади.

- Биз Маҳмуд билан фуқаролар уруши йилларидан бирга эдик. Ёш эканмиз, ақлсизлик қилган эканмиз, дейди Ғафор Фармонов.

Аснода тожик собиқ мухолифтаи аъзолари “Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳасида Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларига енгиллик берилиши кўзда тутилганига норозилик билдирмоқда.

28 июл куни давлат телевидениеси махсус дастурида шарҳланган амнистия лойиҳасига собиқ мухолифат аъзолари киритилмаган.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг маълум қилишича, ҳозирда собиқ мухолифатнинг 300 дан ортиқ собиқ жангчилари қамоқда қолмоқда.

Тожикистон парламенти қуйи палатасига Ислом уйғониш партиясидан сайланган Саидумари Ҳусайний ўз партияси уларни авф этишни сўраб, Тожикистон ҳукуматига бир неча марта расмий мурожаатнома йўллагани, аммо ижобий жавоб ололмаганини айтади.

Ҳусайний жаноблари бу галги амнистияда ҳам улар озод этилмаслигига шубҳа қилмайди.

- Собиқ мухолифат аъзоси сифатида қамоққа ташланган шахслар амнистияга тушишига ишонмаймиз, умид ҳам қилмаймиз. Лекин агар бизга имконият берилса, албатта ҳукуматга мурожат қилардик,- дейди парламент вакили Ҳусайний жаноблари.

“Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳасида ёзилишича, бир умрлик қамоқ жазоси берилганлардан ташқари қолган барча маҳкумларнинг жазо муҳлати содир этган жиноятининг даражасидан қатъий назар қисқартирилади.

Шу билан бирга жазо муҳлатини ўтаётган барча хорижликлар, жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам озодликка чиқарилади.

Шунингдек, иқтисодий жиноятлар, жумладан давлат маблағини ўмарганлик, қарзга олинган пуллар ва биродарлик ёрдамларни ўзлаштирганликда айбланган, аммо етказилган зиённи қоплаган шахслар ҳам амнистияга тушишга умид қилишлари мумкин.

Жорий йил 15 августида, яъни тожик парламенти ёзги таътилдан қайтгач, депутатлар муҳокама қиладиган биринчи қонун лойиҳаси “Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳаси бўлиши айтилди.

Тожикистон Адлия вазирлиги расмийлари қонун депутатлар тасдиғидан ўтгач, маҳбусларни озод қилиш бўйича ишлар кўриб чиқилишини маълум қилди.

Тожикистон мустақилликка эришгандан буён бу мамлакатда 11 марта амнистия эълон қилинмоқда.

Бундан аввалги амнистия 2009 йил мамлакат Конституциясининг 15 йиллиги ва Имом Аъзам йили муносабати билан эълон қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG