Линклар

Ҳукумат ёрдамининг асосий қисми, яъни тахминан 5000 жуфт пойабзал хатлонликларга улашиб берилиши айтилмоқда.

Тожикистон президенти ижроия девони топшириғига кўра, маҳаллий расмийлар сўнгги бир ой давомида маҳаллама-маҳалла юриб, кам таъминланган оила аъзолари оёқларининг андазасини олди.

Байрам баҳона янги пойабзал киядиганлар Улуғ Ватан уруши фахрийлари, чернобилчилар ҳамда қашшоқ оилалар аъзоларидир.

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги расмийси Қурбонали Дўстматовнинг маълум қилишича, ҳукумат ёрдамининг асосий қисми Хатлон вилоятига юборилади.

- Ёрдамга муҳтожларнинг рўйхати ҳукуматга юборилди. Худо хоҳласа, оёғи андазаси олинган тахминан 5000 хатлонликка мустақиллик байрами арафасида хориждан сотиб олинган пойабзал совға қилинади, - деди вазирлик расмийси Дўстматов.

Ҳукуматга тақдим қилинган рўйхатда қўрғонтепалик Асадулло Миров ҳам бор.

Чернобилчи Асадулло расмийлар ҳар байрамда аҳволидан хабар олиб туришини айтади.

- Ҳамма байрамларда ҳукумат ёрдам беради. Кўпинча пул шаклида ёрдам беришади. Бу гал оёқ кийими экан, зарари йўқ. Бир кунимизга яраб қолади, - дейди Асадулло ака.

Тожикистон аҳолисининг қарийб 75 фоизи қашшоқликда кун кечиради. Доимий иш билан таъминланмаган ва кўп болалик оилалар кўпроқ озиқ- овқатдан қийналиб қолганидан шикоят қилади.

Бозорларда кийим-кечакдан кўра озиқ-овқат нархи қимматроқ экани кузатилади.

Бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам тожикистонликларнинг тенг ярми тўйиб овқатланмаётганидан ташвиш билдиради.

Одатда Рамазон ойи ва байрам арафаларида Тожикистон бозорларида озиқ-овқат нархи кескин кўтарилиб кетади.

Бу, ўз навбатида, айрим қўли калта оилаларни қарз эвазига яшашга мажбур қилади.

Табиийки, бундан тожик расмийлари ҳам яхши огоҳ. Лекин шундай бўлса-да, нега расмийлар фуқароларга зарур бўлган ун, шакар, ёғ эмас, балки пойабзал тарқатмоқчи?

Бу саволимизга жавоб берган Тожикистон Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги расмийси Қурбонали Дўстматов қашшоқ оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари Рамазонда бошқа саҳоват кишилар томонидан ҳам улашилишини ҳисобга олган расмийлар муҳтожларга пойабзал тарқатишга қарор қилганларини билдирди.

Қўрғонтепалик Муроджон ота ҳам расмийлар қарорини қувватлайди.

- Энди озиқ-овқат ҳам зарур, кийим-кечак ҳам зарур, оёқ кийими ҳам зарур. Лекин жаҳондаги бошқа қолоқ мамлакатларга солиштирганда, биз нолимасак ҳам бўлади. Қимирлаган кунини кўраяпти. Тирикчилигимиз жуда нолигулик эмас, - дейди қўрғонтепалик Муроджон ота.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Бўрибой ака эса Тожикистондаги фуқаролар урушидан кўпроқ зарар кўрган Хатлон вилояти аҳолисининг қарийб 80 фоизи қашшоқ кун кечираётганини айтади.

- Бу ерда етимлар кўпайиб кетган. Қашшоқ оилалар кўпайиб кетган. Ишсизлар кўп, пойабзал ололмайди, кучи етмайди. Битта калиш билан бўлмайди-ку. Кўпларининг фарзандлари мактабга ялангоёқ келишарди, ўз кўзим билан кўрганман. Мана шуларни ҳисобга олиб, Хатлон регионига кийим-кечак, оёқ кийими берилади. Албатта халқ эҳтиёжини тўла қондиролмайдию, бир оз юпатиб туради-да, - дейди Бўрибой ака.

Тожикистонда байрамлар арафасида етимлар, кам таъминланган оилалар, фахрийларга молиявий ёрдам кўрсатиш анъана тусига кирган. Бу хайриявий тадбирлари бир неча кун давомида давлат телевидениесида намойиш қилинади.

Айни пайтда маҳаллий мустақил кузатувчилар фикрича, ҳукумат ёрдамларининг аҳолига бу хил намойишкорона тақсимланиши асосий мақсади “Савоб учун” бўлган хайрли ишларни савол остига қўймоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG