Линклар

logo-print

Ўзбек жамиятида ажралишлар кўпаймоқда


Келинлик либосини кийган ҳеч бир қиз турмуш ўртоғи билан ажрашишни орзу қилмайди, лекин ҳаёт ҳар доим ҳам орзудагидек кечавермайди.

Келинлик либосини кийган ҳеч бир қиз турмуш ўртоғи билан ажрашишни орзу қилмайди, лекин ҳаёт ҳар доим ҳам орзудагидек кечавермайди.

Ўзбекистонда оилаларнинг бузилиши нафақат ота-оналарни, балки расмийларни ҳам ташвишлантираётганга ўхшайди.

Тошкент шаҳар Миробод туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг исми сир тутилишини истаган ходими мазкур туманда ажралишлар сони кўпайганини айтади:

- Олти ойда 278 та никоҳ, 96 та ажралиш қайд этилган. Ажралиш олдинги йилга нисбатан кўпроқ, чунки илгари бизда ўзаро розилик асосида ажрим бўлар эди. Суд орқали ажратиладиганлар суд маҳкамаси томонидан ажратилиб, паспортига муҳр босилади.
Ҳозир бизга қайтариб беришди. Биз ҳозир суд қарорига асосан расмийлаштириб, гувоҳнома бераяпмиз. Шу учун ўтган йилгига нисбатан ажралиш кўпайган, - дер экан Миробод туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходими аввал судда ажрашган шахслар бўйича маълумот Адлия вазирлигига келиб тушмагани учун ажрашган оилалар сони нисбатан камроқ кўрсатилганини қайд этади.

Айни пайтда суҳбатдошимиз суд қарорига кўра ажрашганлар нима сабабдан ЗАГС идораларига юборилаётганига ҳам изоҳ берди.

- МДҲ давлатларида бизнинг суд қарорларимизни тан олишмаяпти. Уларда гувоҳнома берилади. Бизда ўн йил ичида фақат суд қарорлари бўлган. Энди тан олишни бошлаган эди, яна қонунга ўзгартиш киритилди, яна гувоҳнома бериш бошланди. Энди эски қарорлар кучда қолмаяпти. Кўпчилик яна қийналаяпти. Мисол учун, Россияга кетганлар қўлидаги суд қарорини кўрсатса тан олинмаяпти, гувоҳнома талаб қилинаяпти. Улар келиб яна бизга мурожаат қилишаяпти, - дейди Миробод тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходими.

Бироқ бу ҳолат ўзбек жамиятида ажрашишлар кўп бўлаётганини янада яққолроқ кўрсатиб қўймоқда. Ажрашишлар сабаблари эса турли-туман…

- Икки-уч йилга бормасдан, баъзида бир йилда, 5-6 ойда оиланинг бузилиши жуда кўп бўлаяпти. Менинг назаримда, ажрашишнинг асосий сабабларидан бири моддий шароитнинг ёмонлиги. Масалан, бир оилани биламан - уч хонали уйда қайнота, қайнона, бир қизи билан яшайди. Шу уч хонали уйига иккита келин ҳам туширишган. Яна бир оилада уч хонали уйга учта келин тушган. Тасаввур қилинг, у ерда қанча келишмовчилик, қандай ноқулайликлар бўлиши мумкин. Бу ҳам ажрашиш сабабларидан биридир, - дейди тошкентлик Дилором Исҳоқова.

Дилором опанинг айтишича, илгари “ажрашган” деган сўз аёлларга нисбатан салбий маънода ишлатилган бўлса, ҳозирда бу сўз одатдаги ишдек қабул қилинмоқда.

- Жуда кўп қизи бор аёллар: “ажрашсам, қизимни турмушга олишмайди” деган гапларини эшитганман. Ажрашиш жуда ҳам кам бўлар эди, - дея эслайди Дилором опа.

Аёллар мавзусини фото ва видеосуратларда ёритиб келаётган сураткаш Умида Аҳмедова эса оилаларнинг ажрашиб кетаётганига яна бир сабаб ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган ёш қизларнинг эрта турмушга бериб юборилаётганида, деб билади.

- “Қизларимиз ўтириб қолмасин” деб дабдурустдан ота-оналар тезроқ эрга бериб юбориш пайида бўлишади. Бир-бирини яхши билмаган, ҳали ҳаётни яхши билмаган ёшлар арзимаган нарсага ажрашади. Кўпинча, улар оила қуришга тайёр эмас, - дейди сураткаш Умида Аҳмедова.

Аснода ўзбек жамиятида ажрашишлар сонининг кўпаётгани мамлакат расмийларини ҳам ташвишга солиб қўйган кўринади. Шу йил июл ойи ўрталарида Ўзбекистон олий суди пленуми томонидан судяларга ижроси юклатилган янги қарор қабул қилиниши ҳам ана шундан далолат беради.

“Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” деб номланган қарорга мувофиқ, эндиликда эр ёки хотин ажрашиши учун маҳалла қўмитаси вакиллари судга жиддий сабаблар тақдим этишлари лозим бўлади.

Мазкур қарор кучга кириши билан, расмийлар эътирофича, оилавий ажрашиш жараёни қийинлашади. Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, бу ўринда расмийлар маҳалла фаолларининг “судга жиддий сабаб тақдим этиш”дек машмашадан ўзини фориғ қилиш учун ажрашмоқчи бўлган эр-хотинларни имкон қадар яраштиришга ҳаракат қилишларига умид боғлаётибдилар.

Бироқ суҳбатдошимиз Дилором Исҳоқова эр-хотин ажрашишига маҳалла аралашуви ҳам бу муаммони ҳал қилолмайди, деган ишончда.

- Уч ой олдин дугонамнинг фарзанди ажарашаётган эди. Бордик, маҳаллада икки томонни чақиришди, насиҳат қилишди. Лекин мен шу насиҳатларнинг бирор-бир натижасини кўрганим йўқ. Ажрашишга қарор қилдими, қаттиқ туриб олади. Ярашиб кетганлар ҳам бўлади, - дейди Дилором Исҳоқова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG