Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:31

Сиз таътилни қандай ўтказасиз?


Ота-оналари таътилда ҳам тирикчилик билан овора ўзбек болалари ёз иссиғини шаҳар ва қишлоқлардаги сув ҳафзаларида ўтказишга мажбур.
Ота-оналари таътилда ҳам тирикчилик билан овора ўзбек болалари ёз иссиғини шаҳар ва қишлоқлардаги сув ҳафзаларида ўтказишга мажбур.

Ёз кўпчилик учун таътиллар фасли ҳамдир. Ўзбекистонда ҳам ёз палласида давлат корхона ва ташкилотларида ишлайдиганларнинг кўпчилиги меҳнат таътилида бўлишади. Лекин давлат хизматчиларининг аксари бир йил давомида тўплаган таътил кунларини ҳордиқда ўтказиш учун, ана шу вақт оралиғида орттирган таътил маошлари етмайди. Хусусий тадбиркорлик ёки савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланадиган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун эса, меҳнат таътили деган тушунчанинг ўзи ёт бўлиб қолган, дейиш мумкин. Хўш ўзбекистонликлар таътил фаслини қандай ўтказади?


Тоққа чиқиб овқат едик


Фарғоналик косиб Шукрулло меҳнат таътили ҳақидаги Озодлик саволига ажабланиб кулиб қўйди:

- Йўқ, опа меҳнат таътили нима қилади бизда? Бозоримиз бўлмай қолса, дам олиб юрамиз. Бозор бўлса, иш қилиб юраверамиз. Кеча мисол учун, дам олдик. Шоҳимардонга ўхшаган Водилга бориб, тушликка овқат қилиб, кечқурунга ош қилиб, еб дам олиб келдик.

Озодлик: Дейлик, Туркияда дам олганмисиз?

- Туркия дейсизми, опа? Туркияга неча пул керакку. Икки-уч йил ишласак ҳам шунча пул тополмаймиз. Биз учун орзу холос, дейди косиб Шукрулло.

Тошкентлик Маҳмудахон давлат ташкилотида ишлайди. У ойлик маошини дам олиш масканларига сарфламайди:

- Мен меҳнат таътилим пули билан бирор жойга бора олмайман. Уйда уй ишлари билан ўтказаман. Тоққа чиқиб, бир-икки кун дам олиб келишим мумкин. Лекин 24 кун дам ололмайман. Моддий томондан маблағим етмайди. Аёллар асосан, меҳнат таътилида тўғрисини айтсам соғлигини тиклаш билан банд бўлади,- дейди тошкентлик Маҳмудахон.

Самарқандлик электр муҳандиси Комил ака меҳнат таътилида ҳеч қаерга бормаслигини айтади:

- Олган ойлигим нонга базўр етади-ку. Ўғилларим катта бўлган, икки ўғлим талаба, шулардан ортмайди. Қолгани нон билан ошга кетади, дейди Комил ака.

Комил ака таътил пайтида касбига доир иш чиқиб қолса, меҳнат қилишини, бўлмаса қишлоққа бориб, оға-иниларига ёрдам бериб, мева-чева олиб келишини айтади.

Ўқитувчи Сайдулло ака меҳнат таътилини уй ишлари билан бандликда ўтказувчи яна бир суҳбатдош.

- Хозир ўқитувчиларнинг қўлиги бир сўм пул берилмайди, ҳаммаси пластикка ўтказилади. Шуни ҳам отпускнинг ярмига бориб беради. Менимча, қишлоқда яшайдиганларнинг ҳаммаси уйдаги ишлар билан овора бўлади. Мол боқиши мумкин, ерида ишлаши мумкин, рўзғор ташвишларидан ортиб бирор жойга бориш қийин,- дейди ўқитувчи Саъдулло ака.

Пулинг бўлса ҳалтада...


Бухоролик тадбиркор Исмоил ака Ўзбекистондаги бир неча санаторийларда дам олганини айтади:

- Ботаника, Сўқоқ деган жойларда дам олдик. Энг яхши кўрган жойим Шаҳрисабзнинг Мироқи санаторияси. Суви тоза, одамлари зўр, дейди тадбиркор.

Унга кўра, бу дам олиш масканларида дам олувчиларнинг кўпчилиги унинг ўзи каби ишбилармонлардир.

- Кўпчилиги шу тадбиркорлар, фермерлар, давлат иши ходимлари, дейди дам олишни хуш кўрувчи суҳбатдош.

Ўзбекистондаги дам олиш масканларидаги нархлар у қадар қиммат эмасга ўхшаб кўринади, дейди суҳбатдошимиз Имоил ака:

- Энг арзони бир куни 38 минг сўм. Бу пулга овқатланиш, даволаниш, ётоғи киради, дейди бухоролик тадбиркор.

Бухоролик Исмоил ака Ўзбекистондаги дам олиш масканларидан ташқари чўнтаги хориждаги курортларга ҳам етишини гапиради. Ҳар икки- уч йилда у Туркия, Малайзия каби давлатларга ҳам бориб ҳордиқ чиқаришини айтади:

- Уч минг доллар етади, ўртача тирикчилик қиламан, кичкина сувенирларни оламан десангиз шунча пул кетади,- дейди Туркияда ўзбекистонликнинг дам олиш маблағини ҳисоблар экан суҳбатдош.

Сиз меҳнат таътилини қандай ўтказасиз?
XS
SM
MD
LG